Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Кучли ёмғирдан сўнг Қашқадарёда сув тошқинлари кузатилди
16 May 2018
Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14-15 май кунлари вилоятнинг Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларидаги тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик оқибатида сув тошқинлари кузатилган.

Маълумотларга кўра, 15 май куни тоғли Китоб, Чироқчи, Дехқонобод туманларига узлуксиз ёмғир (жала) ёғиши натижасида бир нечта аҳоли пунктига сел тошқинлари зарар етказган. 

Китоб туманида кучли ёғингарчилик натижасида “Макридсой”, “Чиллисувсой”, “Карлисой” сойлари ҳудудидаги қир-адирлардан йиғилган ёмғир сувлари оқими туфайли (70,0 м3/с) ҳажмдаги сув “Санглаксой” сойига қуйилган. Сойга сиғмаган сув Китоб-Макрид автомобиль йўлига чиқиб, Макрид қишлоғи чорраҳасигача тошиб борган. “Жиллисув” қишлоғидаги 5 хонадон аҳолиси вақтинча яқин атрофдаги хавфсиз хонадонларга кўчирилдин. Шунингдек, сел сувлари “Жиллисув” қишлоғида 15 хонадоннинг молхона, ҳовли деворлари, ёрдамчи бинолари, аҳоли томорқаси ва экин майдонларига талафот етказган. 

Деҳқонобод туманидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1 минг 275 ва 1 минг 298 километрларига кўп миқдорда сел сувлари йиғилиши натижасида автомобили йўлининг 5 километр қисми ювилиб кетган. Натижада автомобиллар ҳаракатланиши бир томонлама таъминланди. “Катта Ўра" ва "Кичик Ўра” сойидан кўп миқдордаги ёмғир сувлари келиши оқибатида ушбу йўналишдаги жами 10 кўприкдан 7 тасига турли даражада шикаст етган. Сув тошқини 11 хонадонга ҳар хил талафот келтирган, шунингдек, фуқароларнинг 10 дан ортиқ молига зиён етказган. 

Ҳозирда ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун 5 махсус техника, вилоят ФВБ ходимларидан 12 нафар, туман ИИБ ходимларидан 29 нафар ҳамда қишлоқ аҳолисидан 235 нафар, тегишли ташкилотлардан 1 дона автотрейллер, 2 дона экскаватор, 2 дона юклагич, 1 та грейдер ва 1 дона бульдозер техникалари, қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига 40 дан зиёд киши жалб килинган. 

Жорий йил 15 май куни содир бўлган кучли ёғингарчилик натижасида Самарқанд вилояти худудидан ўтувчи Эски анҳор канали билан кесишган Жомсой сойи орқали 75 м3/сек миқдордаги ёмғир суви ҳамда Китоб тумани ҳудудидаги 2-3 м3 ёмғир сувлари Эски анҳорнинг эски ўзанига келиб тушиши оқибатида Чироқчи туманининг “Наврўз”, “Ғалаба”, “Пахтакор”, “Ўзбекистон”, “Уйшин” ва “Бешчашма” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 50 га яқин аҳоли хонадонининг ҳовли ва томорқасига ёмғир сувлари кирган. 

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун 19 махсус техника, туман ФВБ ходимларидан 14 нафар, туман ИИБ ходимларидан 16 нафар ҳамда қишлоқ фуқароларидан 84 нафар аҳоли жалб этилган. 

Яккабоғ туманида “Ишкент” қишлоғидаги 2 та ва “Гулдара” қишлоғидаги 2 та темирбетон сув ўтказувчи кичик кўприклар сел натижасида қисман ювиб кетилган. Аҳолига ҳеч қандай талафот етмаган. Туман ҳокимлиги, ИИБ ва Йўл қурилиш корхонаси ходимлари томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. 

Айни пайтда кучли ёғингарчилик натижасида келиб чиққан зарар миқдори аниқланмоқда. 
Манба: Ўлмас Баротов, ЎзА / Кўришлар: 61

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech