Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Катта тўй қиламан, деганлар ҳам бор
7 Jul 2018
Сожида ОБИДОВА, «Шифокорлар» МФЙ раиси в.б.: 

– 24 та кўп қаватли уй, 68 та ҳовлидан иборат маҳалламиз ҳудудида 1200 дан ортиқ хонадон бўлиб, унда 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Шу йил янги маҳалла гузарига кўчиб ўтганимиз каттагина кутубхона, кенг хоналарда ишлаш имкониятини берди. Маҳалламизда йил бошидан бери бирорта ҳам ажрим ҳолати қайд этилмади. Нотинч, келишмовчиликлари бор оилалар билан маҳалламизда ташкил этилган «Қайноналар мактаби», «Бувижонлар мактаби» билан биргаликда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Яраштириш комиссияси аъзолари қайнона, келин, куёв билан алоҳида суҳбат олиб боради. Миллий менталитетимизга хос бўлган ҳамжиҳатлик, маслаҳатгўйлик жуда катта самара беради. Мисол учун яқинда бир оиламиз келиннинг арзимас инжиқликлари туфайли ажрашиб кетиш арафасига келиб қолган эди. Маҳалла фаолларининг тушунтиришлари, кекса отахон-онахонларнинг аралашуви, маслаҳатлари билан оила ажрашиш фикридан қайтди. Шундай қилиб, жамиятимизда бир оила сақлаб қолинди.

Биласизми, мени энг қувонтирган ҳолат ҳозирда никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшларга маҳалладан шу ерда яшайди, улар билан суҳбат қилинди деган мазмунда маълумотнома талаб қилинади. Бу эса янги қурилаётган оила билан маҳаллани бевосита боғлаш имконини беради. Эндиликда биз, маҳаллада ким тўй қилаётгани, нечта одам чақирилгани каби масалалардан хабардор бўлишимиз мумкин.

Яқинда маҳалламизга бир оила тўй қилиш арафасида маслаҳат сўраб чиққанида қувондик, маҳалла аҳли бошчилигида ўтган тўй жуда чиройли ва файзли бўлди.

Афсуски, жамиятда янгиликларни тўғри тушунмайдиган ёки қабул қилишни истамайдиган инсонлар ҳам бор. Масалан, яқинда бир инсон маҳаллага чиқиб: – Тўй қилаяпман, август ойида, ошни ҳозир бермоқчиман, деганида ҳайрон бўлиб, сабабини сўрадик. – Яқинда қарор чиқиб тўйлар ихчамлашармиш, унгача 700-800 кишига ош бериб қолай, никоҳни камроқ одам айтиб кейинроқ ўтказиб қўя қоламан, – дейди. Орамизда мана шундай инсонлар ҳам борлиги ҳақиқат.

Мен аҳоли ва маҳалла ўртасида ҳамкорлик кучайиши ва яқинда қабул қилинадиган тўйлар ҳақидаги қарорда маҳалланинг вазифалари, ваколатлари аниқ ва равшан кўрсатилишини истардим.




Манба: ЎзА / Кўришлар: 41

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech