Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Кўчадаги чиқинди кўнгилни чўктиради
8 Nov 2018

Мамлакатимизда экологик муҳитни ҳимоялаш, табиатни асраш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, табиат муҳофазасига йўналтирилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, атроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ чора-тадбирларда изчилликни таъминлаш мақсадида қатор қарор ва фармонлар эълон қилинди.

Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони ва «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни тартибга солди.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, мамлакатимизда давлат экологик назоратини юритиш ишлари такомиллашяпти. Чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш борасида замонавий инфратузилма яратилмоқда. Жамиятда экологик маданиятни юксалтириш, табиатни муҳофазалашда жамоатчиликнинг фаоллигини ошириш, экологик таълимни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар кенгайиб бормоқда.

Афсуски, экологик мувозанатни таъминлашдаги ютуқлар баробарида, ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас. Айниқса, чиқиндилар муаммоси, уларни ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари назоратининг сустлиги долзарблигича қолмоқда. Ўтган йилларда аниқланган табиат муҳофазасига оид маъмурий ҳуқуқбузарликнинг қарийб қирқ фоизи чиқиндилар билан боғлиқ экани бу йўналишдаги ҳуқуқий ва амалий ишларни янада кучайтиришни талаб этади.

Экология ва санитария меъёрларини бузганлар учун қатъий маъмурий жазо тайинланмаслиги бундай ҳолатларнинг тез-тез такрорланишига сабаб бўлмоқда. Ушбу муаммоларнинг олдини олиш, фуқароларнинг табиатдан фойдаланишда масъулиятини ошириш мақсадида Президентимиз жорий йилнинг 10 октябрь куни «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 3 та янги модда билан тўлдирилди. Кодекснинг «Транспорт воситаларидан чиқинди ёки бош­қа нарсаларни ташлаб юбориш» деб номланувчи 123-моддасининг янги таҳририга кўра, «Поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш — энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», дейилган. Мазкур ўзгаришлар 2019 йил 10 январидан кучга киради.

Меъёрнинг  таъминланишида Ўзбекистон экологик ҳаракати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибида тузилган «Тоза ҳудуд» бошқармаси ва маиший чиқиндилар назоратини олиб бориш бўйича инспекциялар ҳамкорлигида  иш олиб боради.

— Жамиятда учраётган муаммоларнинг олдини олишда, аҳолининг экологик билим ва дунёқарашини бойитиш, бу борадаги миллий қадриятларимизни ёшлар онгига чуқур сингдириш, экологик тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия девони гуруҳ раҳбари Шодиёр Азизов. — Автотранспорт воситаларидан  бўшаган елим идиш, қоғоз ёки чиқиндиларни йўл четига улоқтириш — фуқаронинг маънавиятсизлигидан далолатдир. Илгари автомашинадан чиқинди улоқтирган бундай кишиларга жамоатчилик томонидан танбеҳ бериларди, холос. Эндиликда шундай ҳолат содир этилса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари  ҳайдовчини  тўхтатиб, жарима қўллашлари мумкин.

Орамизда бу қоидаларга риоя қилиш  шарт эмас, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Ҳозир кўпчилик бир марталик нам сочиқлардан фойдаланишни хуш кўришади. Айниқса, ёмғирли кунларда бу жуда асқотади. Айримлар оёқ ки­йимларини  артиб, кирланган сочиқчаларни автобус ёки маршрут ойнасидан ташқарига отиб юборишади. Бундай фуқароларга танбеҳ берилса, сизга нима, ишингиз бўлмасин, қабилида жавоб қайтаришади. Автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан чиқинди ташлаб юборган фуқароларга нисбатан жарима қўлланилиши ана шундай ҳолатларга чек қўяди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган, Европа мамлакатларидан олинган видеоёзув  кўпчиликнинг эътиборини тортди. Автомобиль ҳайдаб кетаётган ҳайдовчи бўшаган елим идишни ойнадан улоқтирди. Унинг ортидан келаётган ҳайдовчи эса идишни  олиб, ўша машина ичига отиб юборади. Шу орқали у олдидаги ҳайдовчига бу иши нотўғри эканини,  чиқиндилар учун белгиланган жой борлигини эслатади.

— Орамизда табиатни севувчи инсонлар яхшиям кам эмас, — дейди Ш.Азизов. — Яқинда ишга кетаётганимда эрталабки бадантарбия машғулотига чиққан аёл йўл-йўлакай чиқиндиларни йиғиб, махсус қутиларга солиб кетаётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Табиатни асрашда катталар доим кичикларга ўрнак бўлиши керак. Болалигимизда ота-онамиз ерда нон бўлаги ётганини кўрса, дарров уни олиб, баландроққа қўйишарди. Ахир, табиат ҳам нондек азиз. Уни асраб-авайласак, у ҳам бизга беминнат неъматлар туҳфа этади. 
Манба: Нигора Раҳмонова / Кўришлар: 28

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech