Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Эътирофга муносиб касб
27 Sep 2019

Ўқитувчилик касбининг нечоғли мураккаблиги, масъулияти, шарафи, эл-юртдаги обрўси ва нуфузи ҳақида ортиқча гапларга ҳожат йўқ. Мамлакатимизда ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ижтимоий мавқеини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан кўп йиллардан буён анъанавий ўтказиб келинаётган "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" республика кўрик-танлови ўқитиш тизимидаги энг яхши тажрибаларни оммалаштириш, ўқитувчиларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига имкон яратиш, таълим-тарбиянинг энг инновацион услуб ва технологияларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда мазкур танлов мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги мактабларда бўлиб ўтди. Кўрик-танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 11-13 сентябрь кунлари республикамизнинг барча вилоятларида фанлар кесимида ташкил этилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида она тили ва адабиёт, Тошкент шаҳрида жисмоний тарбия, Андижонда математика, Қашқадарёда информатика ва ахборот технологиялари, Бухорода физика, Сирдарёда биология, Жиззахда кимё, Самарқандда география, Фарғонада ўзбек тили, Сурхондарёда бошланғич таълим, Хоразмда давлат ва ҳуқуқ асослари, Наманганда мусиқа, Навоийда инглиз тили фанларидан ўтказилди.

Ушбу танловнинг республика босқичида ўз фанлари бўйича ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган ўқитувчилар иштирок этди. Эслатиб ўтамиз, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” кўрик-танловининг республика босқичида иштирокчи ўқитувчилар қуйидаги шартлар асосида беллашди: биринчи босқич ижтимоий тармоқларда тўплаган овозлар сонига қараб 20 балл, иккинчи босқич дарс ўтиш машғулотлари асосида 50 балл ва учинчи босқич тест синовлари 30 балл, жами 100 баллик асосда баҳоланди.

Ғолиблар умумтаълим фанларнинг турли йўналишлари бўйича аниқланди. Энг фаол, ташаббускор ўқитувчиларнинг 30 нафари ғолиб деб топилди. Биз улардан айримларининг фаолиятига доир маълумотларни келтирамиз.

Бошланғич таълим фанидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” ғолиби Рухсора Тўйчиева Норин туманидаги 30-мактабнинг 1-тоифали бошланғич синф ўқитувчиси. У 2009 йилдан буён ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Рухсора Тўйчиева тажрибали, илғор педагог сифатида замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда ёш авлодни баркамол вояга етказиш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Янги авлод дарсликларини тажриба-синовдан ўтказиш бўйича вилоят методика марказининг эксперт гуруҳи аъзоси сифатида “Алифбе”, “Ўқиш китоби”, “Математика” дарсликларини такомиллаштиришда ўзининг амалий таклифлари билан фаол иштирок этади.

Ўз устида тинимсиз ишлаб, кўплаб услубий янгиликлар яратди. 1-4-синф ўқув дарсликларини ўрганиб, ундаги камчилик ва афзалликларни ўрганди. Фикр-мулоҳазаларини Халқ таълими вазирлигига тақдим этди. Янги PLICKERS дастурини қўллаб, тажриба-синов ўтказди ва яхши натижаларга эришди. Дарс жараёнида ўзи яратган 400 дан ортиқ кўргазмали қуроллардан маҳорат билан фойдаланиши натижасида ўқувчиларида ўзлаштириш самарадорлиги ўсишига эришмоқда.

Ўқувчилар билан олиб бориладиган тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида мактабда “Қувноқ ноталар”, “Чиройли ёзув”, “Қизиқарли математика” каби тўгараклар фаолиятини йўлга қўйган. Мактаб бошланғич синф ўқитувчиларининг методика бирлашмаси раҳбари сифатида ёш педагогларнинг касб маҳоратини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Унинг иш тажрибаси вилоят миқёсида оммалаштирилган.

География фанидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” ғолиби бўлган Шаҳло Саломова Самарқанд шаҳридаги 20-умумтаълим мактабида меҳнат қилади. У география фанидан умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун 2018 йилда “Бўшлиқларни бартараф этиш – сифатли таълим омили”, 2017 йилда “Интерфаол методлар – сифатли таълим омили” номли методик қўлланмалар муаллифи. Ўз йўналиши бўйича турли илмий конференциялар иштирокчиси. Даврий нашрларда фанга оид мақолалар муаллифи. 2017 йилда “Энг изланувчан ўқитувчи” кўрик-танловининг Самарқанд шаҳар босқичи совриндори. География фанидан билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида ўқувчилари фаол қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритган. PISA тадқиқотларига тайёргарлик кўриш ва ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича саводхонлигини шакллантириш бўйича тренер-ўқитувчи.

Информатика ва ахборот технологиялари фанидан “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танлови ғолиби Феруза Алимхонова Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 193-умумтаълим мактаби 1-тоифали ўқитувчиси саналади. У ҳар бир дарсини қизиқарли, самарали, янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда ташкил этади. Ўқувчилар қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда касбга йўналтира олади. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этади. Қўшимча адабиётлардан фойдаланиб, ўқувчиларнинг компьютер саводхонлигини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2017 йили Халқ таълими вазирлиги томонидан “Информатика дарсларида ўқувчиларда мантиқий ўқув фаолиятини шакллантириш йўллари тўғрисида”ги видеосеминар йиғилишида “MS Excel нинг саноқ системалари билан боғлиқ баъзи функциялари” мавзусида, 2018 йил “MS PowerPoint нинг имкониятлари” мавзусида дарсдан ташқари ўтказган машғулотлари ҳамда иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди.

Феруза Алимхонова 2017 йилдан буён Республика таълим маркази қошидаги информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича илмий-методик кенгаш аъзоси ҳамда соҳага оид дарсликларни чоп этишга тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи аъзоси. Шунингдек, Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича ўқувчиларда компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ таркибида фаолият олиб бормоқда.

Бу каби ижодий танловларда ғолиб бўлган ўқитувчилар таълимга оид энг яхши тажрибаларни оммалаштириш, уларни кенгроқ жорий этиш, ўқитиш сифатини янада яхшилашга фаол ҳисса қўшиб келмоқда.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” кўрик-танлови ғолиблари 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этиладиган тантанали тадбирда тақдирланади.

 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 75

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech