Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Бухородаги 179 маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган, аммо...
5 Feb 2020

Ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро вилоятида аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги қандай бўлди?

Воҳага ташриф буюрган ички ишлар вазири бошчилигидаги Ишчи гуруҳи ана шу масалани атрофлича ўрганди. Тадбир якунлари вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят ва туман-шаҳар секторлари раҳбарлари, ички ишлар, прокуратура, солиқ, тегишли давлат идоралари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Йиғилишда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқди.

Таъкидландики, соҳада олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида арзигулик натижаларга эришилди. Масалан, ўтган йили вилоятда жиноятлар сони 8,5 фоизга, жумладан, қотиллик 31,6 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 15,9 фоизга, босқинчилик 50 фоизга, ўғирлик 28,3 фоизга, фирибгарлик 10,4 фоизга камайишига эришилди.

Жамиятда жиноятдан холи муҳит яратиш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар самарасида 179 та маҳаллада жиноятлар содир этилмади, 170 та маҳаллада эса жиноятлар кўрсаткичининг камайиши таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида, ўтган йилда Бухоро вилоятида хотин-қизлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасида яратилган янги тизим — “Бухоро тажрибаси” асосида, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари аъзолари, маҳалла фаоллари, аёллар билан иш олиб борувчи профилактика инспекторлари, мутахассис-психологларнинг ўзаро ҳамкорлиги ижобий самара бераётир.

Ютуқлар бор. Аммо оғриқли нуқталар ҳам етарли. Бу танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишнинг диққат марказида бўлди. Вилоят айрим ҳудудларида ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ва кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликда, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида аниқ ёндашув асосида тизимли иш олиб борилмаган. Оқибат эса аён. 109 та маҳаллада жиноятчилик кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан ошганлиги ачинарли. Айниқса, Мухтор Ашрафий, “Шайҳон”, Садридин Айний, “Работиқалмоқ”, “Шарқ”, “Помўза”, “Афросиёб”, “Зарафшон” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноятчилик кўрсаткичи юқори. Бундай ҳолатларни бартараф этишда ушбу ҳудудлар бўйича алоҳида “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Жиноятлар таҳлили шуни кўрсатяптики, ўтган йили хусусан, Қоракўл туманида қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик, ўғирлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, безорилик каби нохуш ҳолатлар сони ошган. Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл, Жондор ва Пешку туманларида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони нисбатан кўпайди.

Йиғилишда хизматни ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйган Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи О.Қурбонов, вилоят ИИБ пробация бўлими бошлиғи Б.Асадов, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Гадоев, Пешкў тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Салихов, Қоракўл тумани ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Ф.Норов ҳамда 6 нафар профилактика инспектори эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Шунингдек, вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Ж.Болтаев, Бухоро тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари М.Мустафоев, вилоят ИИБ 1-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Т.Абдуллаевга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

Йиғилишда юқорида қайд этилган салбий ҳолатлар такрорланиши олдини олиш борасида қатор вазифалар илгари сурилди ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ишчи гуруҳ ўрганишлари натижасидан келиб чиққан ҳолда, Ғиждувон туманида аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, улар билан тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида тумандаги 4 та Ички ишлар бўлимининг ҳар бирида ички имкониятлар ҳисобидан қўшимча хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимини жорий этиш бўйича таклиф киритилди.

Шунингдек, ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар таҳлилдан келиб чиқиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, “Бухоро вилоятининг ёшлар билан ишлаш” тажрибасини намуна сифатида амалга ошириш, бу жараёнларга ички ишлар органлари тизимларида хизмат қилаётган ёш ходимларни ҳам кенг жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Манба: ЎзА / Кўришлар: 153

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech