Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
20 сотих ердан олтмиш тонна помидор...
7 Jul 2018
Бунёдкорлик руҳи билан ёниб яшаётган фаол тадбиркор Исломжон Юнусалиев фаолиятига чизгилар

Наманган вилоятининг Норин тумани “Сузоқовул” маҳалласидаги Исломжон Юнусалиев томорқасидаги 15 сотих ерга 7 та кичик иссиқхона ташкил этган. Оиладаги етти жон унумли меҳнат орқасидан яхши тирикчилик қилмоқда, мўмай даромад олаяпти, уй-жойларни чиройли ва кўркам қилиб қайтадан қуришди, кўча юзини кўзни қувонтирадиган ва баҳри дилни очадиган гулзорга айлантириган. «Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижросини ишбилармонлик салоҳиятига шу каби оилавий тадбиркорлар самарали амалга оширмоқда. 

photo5330194529510336810.jpg

– Жорий йил 27 февралда томорқамизнинг ярмига 3300 туп помидор кўчатларини экдик, – дейди меҳнаткаш, камтарин ва ташаббускор йигит иссиқхонадаги қизғин иш устида. – 7 апрелда уларнинг илк ҳосили пишиб етилди. 11,5 тонна кўк помидорни ҳар тоннасини 5,5 минг сўмдан Россияга экспорт қилдик. Чунки қизарса, йўлда эзилади, манзилга оби-тобида етиб бормайди. Шу сабабли кўклигидаёқ жойлаб, чет эллик мижозларга етказамиз. 7 тонна қизил помидорни ички бозорга ҳар килосини минг сўмдан сотдик. Ҳозир ҳам охирлаб қолди, кунига-кунора 600-500 килограммдан уйдан бераяпмиз. Помидордан 70 миллион фойда кўрдик. 10 июлгача иссиқхонадан кўчатларни барчасини чиқариб, 3500 туп кузги бодиринг экамиз. Бир ойга бориб, пишади. Шундан кейин тўрт ой давомида жами 50 тонна ҳосил оламиз ва истеъмолчиларга етказиб берамиз. 

– Томорқанинг қолган ярмига нима экасиз? 

– Иссиқхоналарни икки қисмга бўлганмиз. Ярмида помидор, ярмида бодиринг ўсади. 6 апрелдан бошлаб бодринг ҳам пишган эди. Аввалига қўшни Қирғизистонга 14,5 минг сўмдан 20 тонна бодиринг экспорт қилдик. 20 тонна маҳсулотни 1,2 минг сўмдан ички бозорга сотдик. Жами 300 миллион даромад олдик. Яқин бир ҳафта давомида сарғайган новдаларини барчасини чиқариб, ўрнига помидор экамиз. Октябр ойига бориб, у қизаради ва йил охиригача сотиб тугатамиз. Мўлжалимизда 30 тонна маҳсулотни ички бозорга берамиз. Маҳсулотнинг биринчи, энг эрта чиқардизми, улоқ сизники, иссиқхонанинг фойдаси ҳам шунда. Агар ҳамма билан бир вақтда берсангиз унда кутилган даромадни ололмайсиз. 

– Эшитишимизча, бошқа маҳаллада ҳам иссиқхонангиз бор экан? 

– Бу жойбизга анча торлик қилиб қолди. Акамга қўшни “Тўда” маҳалласидан 20 сотих ерни ижарага олиб берганмиз. У жойда тўлиқ помидор экдик. Шу кунгача 60 тонна помидорни экспорт қилдик. 

– Ер кичик бўлса-да, ҳосилдорлик чўғи анча баланд-ку? 

– Бунинг сири бор. Чунки томчилатиб суғориш технологияси асосида ишлаяпмиз. Найлардан совуқ эмас, илиқ сув юбораяпмиз. Бу кўчат томирларини ва тугунлаш жараёнини тез ривожлантиради. Совуқ сувда илдизлар шамоллаб, касалликка чалинувчан бўлиб қолади. Дадам олий маълумотли агроном. Ҳозир Қозоғистонда. Чимкентлик кўплаб фермерларга деҳқончилик сирларини ўргатаяптилар. Биз эса уйда меҳнат қиламиз. 

Яна бир муҳим сабаби бор. 8 қути асаларини иссиқхона атрофига жойлаштирдик. Асаларилар февралдан октябргача тинимсиз ишлайди, улар ҳосилдорликни 70 фоизгача ошириб беради. Чангланган гуллар бир текис ва чиройли помидор ва боридинг ҳосилини тугади. Шундай равон ва бўлиқ маҳсулот жуда харидоргир бўлади. Якунда 180 килограммгача асал оламиз. Ҳамманинг оғзи тегади, маззасига гап йўқ. 

Мақсадимиз агар қўшимча бир гектар ер бўлса, катта иссиқхона қуриб сайратиб юборамиз. Фойдани ҳисобламаймиз, баракаси учади. Аммо бу йил маҳалла қабристонининг деворларини бетон ғишт билан кўтараяпмиз. Кейинги йили кўчамизни имкон қадар асфальт қилиш ниятидамиз. Маҳалланинг янги кутубхонасига ҳам Тошкентга бориб, бир неча юз дона китобларни танлаб олиб келмоқчимиз. Кўчаларимиз обод бўлса, одамлар биздан мамнун бўлса, ҳеч бўлмаганда икки-учта уюшганми-уюшмаганми ёшни иш билан таъминлай олсак, ҳаётда бундан ортиқ бахт борми? 
Исломжон сингари бунёдкорлик руҳи билан ёниб яшаётган фаол тадбиркорларга Норин туман ҳокими бўш турган ерлардан жой ажратиб берса, иштиёқ ва интилишини қўллаб-қувватласа, нафақат туманда экспорт ҳажми ортади, балки ўз маҳалласида бандликни таъминлашга ҳисса қўшади в 
а, албатта, вақти келиб, йирик ва салоҳиятли тадбиркорга айланади. 

Манба: Лазиз Раҳматов, журналист / Кўришлар: 1

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech