Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Қўшимча даромад манбаи
29 Oct 2018

Термизда “Томорқадан даромад олиш сирлари”, “Таълим билан амалиёт устозлар нигоҳида” мавзуларида семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ва Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабалари ва уюшмаган ёшлар иштирок этди. 

Тадбирда мамлакатимизда маънан етук, жисмонан соғлом авлодни камолга етказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ҳаваскордан – тажрибали фермергача”, “Томорқадан даромад олиш сирлари”, “Таълим билан амалиёт устозлар нигоҳида” мавзуларида ўқув семинарлари, учрашув ва бошқа тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, ёш фермерларга, уюшмаган ёшларга фермерлик ҳаракати, томорқачилик сир-синоати ўргатилмоқда. 

– Бу борадаги ишлар яхши самара бераётир, – дейди Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Э.Холматов. – Жумладан, қишлоқ хўжалигида фаолият юритиш учун зарур кўникмага эга бўлган 1 минг 238 йигит-қиз “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредит олиш истагини билдирган. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида фермерларга 885 нафар ёш бириктирилиб, уларга 943,9 гектар ер майдони ажратиб берилди. Айни пайтда бу ёшлар ердан самарали фойдаланиб, турли зироатлар етиштириш бўйича билимга эга бўлмоқда, маҳсулот етиштирмоқда. Ёки вақтинча иш билан банд бўлмаган 2 минг 500 дан зиёд йигит-қиз воҳада ташкил этилган 17 та “Фидойи ёшлар отряди”га бирикиб, жорий пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётир. 

Маълумотларга кўра, вилоятда 402 мингга яқин оилага 47 минг 250 гектардан ортиқ ер томорқа сифатида ажратилган. Аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданияти юксалиб бораётгани ихчам иссиқхоналар ташкил этиб, йилига икки-уч марта ҳосил олишга қулай муҳит, кенг имконият яратди. Томорқа эгаларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш, зироатларни касаллик ва зараркундалардан ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилаётгани мўъжазгина томорқани қўшимча даромад манбаига айлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Шунга мувофиқ, томорқачиликда янги, сердаромад усуллардан фойдаланиб, лимон, бодринг, помидор, кўкат етиштираётган, турли полиз, сабзавот маҳсулотлари, гул кўчатлари парваришлаётган оилалар фаровон турмуш кечирмоқда. 

Тадбирда профессор-ўқитувчилар ёшлар учун воҳанинг иқлим шароитида турли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, гул кўчатлари парваришлаш бўйича маҳорат дарслари ўтди.  

– Сайёрамизда табиий ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда ёш авлоднинг бу борадаги билим ва кўникмасини ошириб бориш бозорларимиз тўкинлиги, оилалар фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Сурхондарё илмий-тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори М.Арамов. – Бугунги тадбирда талаба-ёшларнинг деҳқончиликка қизиқиши ва интилишини кўриб, бозорларимиз доимо тўкин-сочин, озиқ-овқат маҳсулотлари янада арзон бўлишига ишончимиз мустаҳкамланди. 

Семинар иштирокчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ёш фермерлар кенгаши ва Тошкент давлат аграр университети ҳамкорлигида чоп этилган “Томорқа – даромад манбаи“ ўқув услубий қўлланмаси туҳфа қилинди. 

– Қишлоқда яшаймиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабаси Х.Худойбердиева. – Томорқамизда картошка, ерёнғоқ, турли сабзавот парваришлаймиз. 40 тупдан ортиқ бодом дарахти, мўъжазгина токзоримиз бор. Эҳтиёжимиздан ортганини бозорда сотамиз. Бугун фермер хўжалигида экинларни парваришлаш, томорқада озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бўйича кўплаб фойдали маьлумотлар олдик. Бизга берилган янги қўлланмада ўсимликларни замонавий агротехника асосида парваришлаш усуллари атрофлича ёритиб берилгани томорқадан янада унумли фойдаланишимизга яқиндан кўмаклашади. 

Манба: Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) / Кўришлар: 67

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech