Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Унутилган миноралар...
6 Jun 2018

Балиқчи тумани “Сувоқава” ташкилоти  қаттиқ комада. 

 Республикаси ишчи гуруҳи Андижон вилояти Балиқчи туманида ўрганишлар чоғида кўплаб маҳаллаларда тоза ичимлик суви муаммоси борлигига, аҳоли 13-40 метрли қўлбола сув тортиш кранларини ўрнатиб олганига, уларнинг ечими бўйича жўяли ишлар қилинмаётганига гувоҳ бўлди. Кўплаб ҳудудларда сув миноралари мавжуд бўлгани ҳолда улар мутлақо ишламаётгани кишини таажжублантиради. 

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”даги қарори қабул қилинган эди. Аммо унинг ижроси талаб даражасида эмас ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаяпти. 

 Жумладан, тумандаги “Сиза” маҳалласидаги 4 та кўчада 600 та хонадон мавжуд. Мазкур кўчаларнинг бирортасида 2005 йилдан буён ичимлик суви тармоғи ишламаяпти. Мавжуд минора носоз ҳолатда. Вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонаси томонидан ушбу маҳалланинг “Сиза” ва “Узун” кўчаларига 1 км.дан ичимлик суви тармоғини қуриш ишларини амалга ошириш учун “Саховат унуми” хусусий корхонаси бириктирилди. Сув минорасини тез кунда реконструкция қилиш ва тармоқни ишга тушириш учун режа белгиланди. Мазкур ишлар тўлиқ ҳажмда бажарилса, 2855 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

 “Ўлмас” маҳалласидаги 4 та кўчада 435 нафар фуқаро истиқомат қилади. Тоза сув – ҳаёт манбаи. Бир кун сувсиз қолган одам дарди ёлғиз ўзига аён. Ишчи гуруҳига кўча аҳли жуда ташвиш билан ушбу муаммони ҳал қилишни сўради. Маҳалладаги “Маърифат” кўчасида жойлашган ҳамда ҳудуддаги барча кўчаларни ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қиладиган минора 2005 йилдан буён фаолият кўрсатмайди. У захлаб, тешилиб, чириб кетган. 

 Ушбу маҳаллада 6 км узунликда ичимлик суви тармоғини қуриш, Д-100 ммли 2,5 км узунликдаги қувур ўрнатиш ҳамда ичимлик суви минорасини реконструкция қилиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди. Шунда 2331 нафар аҳолининг оғири енгил бўлади. 

 “Оқтепа” маҳалласидаги жами 3 та кўчадаги 474 та хонадон ҳам худди шу дард билан қийналмоқда “Наврўз” ва “Ишчилар” кўчаларидаги мавжуд тармоқларда 2003 йилдан буён ичимлик суви умуман йўқ. “Водий гавҳари” кўчасида эса водопровод қувурлари ўтказилмаган. Шу билан бирга, маҳалланинг “Ишчилар” кўчасида жойлашган сув башняси ҳам 2003 йилда “истеъфога чиққан” ва фалаж ҳолда ётибди. 

 “Водий гавҳари” кўчасига қўшни “Сиза” маҳалласидаги тармоқни келтириб улаш ҳамда 2,5 км атрофида тармоқ тортиш лозим. “Наврўз” кўчасига 900 метр масофадаги ичимлик суви линиясини тез муддатларга ишга тушуриш топширилди. Шунингдек, башнянинг двигатели ва сув насоси таъмирлаш учун устахонага юборилди, ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш харажатлари қоплаб берилди. Мазкур ишларнинг тўлиқ ҳажмда бажарилиши 1410 нафар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳолатини даражасини сезиларли яхшилайди. 

 Тумандаги “Маллачек” маҳалласида эса аҳвол ундан ҳам баттар ҳолда. “Найман”, “Мевазор” ва “Меҳр нури” кўчаларида жойлашган 569 та хонадонда ичимлик суви мутлақо йўқ. Табиийки, узоқ йиллар фойдаланилмаган темир қувурлар занглаб, чириб, бир уюм металломга айланиб қолган. Ушбу маҳаллада 3 км тармоқни реконструкция қилиш ҳамда 5 км янги тармоқ тортиш, “Меҳр нури” кўчасида жойлашган ичимлик сувини минорасини таъмирлаш масаласи ечимини кутаётган бирламчи вазифалар қаторида қайд қилинди. 

 “Қаҳрамон” маҳалласидаги “Боғ”, “Холис”, “Сокин”, “Фидойи” кўчаларида жойлашган 203 та хонадон ҳам кўздан кечирилганда аҳолининг талаби биринчи галда ичимлик сувига бориб тақалди. Энг ачинарлиси, уларнинг барчасида узоқ йиллар сув тармоғи бип-бинойидек ишлаб, эҳтиёжлари қоплаб келинган. Бироқ масъулларнинг эътиборсизлиги, ишга совуққонлик билан қараш, узоқни кўра билмаслик орқасидан тизим йиллар давомида ишламаган. Энди эса уларни янгиси билан алмаштиришга тўғри келмоқда. 40-мактаб ҳудудида жойлашган сув минораси аҳволига маймунлар йиғлайди. Мазкур иншоатни янгилаш орқали нафақат “Қаҳрамон” маҳалласининг балки, қўшни “Адолат” ва “Қўрғонча” маҳалларида яшовчи аҳолининг ҳам ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини меъёрида таъминлаш мумкин. 

 “Навниҳол” маҳалласидаги 4 та кўчада 467 та хонадон мавжуд. Ўрганишлар ва вазият билан жойига бориб ташишиш аҳволнинг нечоғли мураккаблигига ойдинлик киритди. Ҳудуддаги кўчаларда мавжуд тармоқларда 2010 йилдан буён ичимлик суви йўқлиги, аҳоли босма кран сувини истеъмол қилаётгани аниқланди. Шу билан бирга, маҳалланинг “Истиқбол” кўчасида жойлашган ҳамда ҳудуддаги барча кўчаларни ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қиладиган минора мана 8 йилдирки унутилган.

 Мазкур маҳалла раиси Абдуғаффор Абдуллаевнинг айтишича, 10 тоннали сув минораси бочкаси тешилгани бўйича ямалмай қолиб кетган. Аҳолига ичиш учун яроқли сув 45 метрдан чуқурликдан чиқмоқда. Битта шундай ускунани қуриш нархи 300-400 минг сўмга тушмоқда. Ҳамманинг ҳам қудуқ қаздиришга имкони йўқ. Шу сабабли маҳалла аҳли сувдан қийналаяпти. 

 Ушбу маҳалланинг “Истиқбол” кўчасига 750 метр, “Бунёдкор” кўчасига 300 метр масофадаги ичимлик суви тармоғини қуриш ишларини амалга ошириш учун “Саховат унуми” хусусий корхонаси бириктирилди. Шунингдек, миноранинг сув насоси таъмирлаш учун устахонага юборилди. Тармоқ ишга тушиши натижасида 2380 нафар аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланди.

 “Янги ҳаёт” маҳалласида ҳам вазият кўнгилни тўлдирмайди. “Чўлпон” кўчасида 1,4 км, “Маънавият” кўчасида 3,8 км янги ичимлик тармоғи тортиш зарур бўлса, “Бобур” кўчасида 2 км, “Бобур 1” кўчасидаги 6,1 км илгари тортилган сув қувурларини қайта кўриб чиқиш зарур. 

 “Насриддинобод” маҳалласига кирар эканмиз, яхши умидлар билан тортилган қувурлар 8 йилдан буён расвоси чиқиб ётганига шоҳид бўламиз. “Соҳибқирон” ва “Насриддинобод” кўчасида жойлашган сув миноралари 11 йилдирки ишлатилмасдан, таъмирталаб ҳолга келиб қолган. 

 4 та кўчада 20 кмлик сув қувурларини қайта кўриб чиқиш, “Соғлом авлод” кўчасида 1 км масофада янги сув қувурларини тортишга тўғри келади. 

“Насриддинобод” кўчасидаги 196-уйда истиқомат қилувчи Хусанбой Эргашев ёши етмишга етган. 

 – Бип-бинойидек ичимлик сувидан фойдаланиб келардик. 2007 йилдан буён умуман сувсиз қолдик. Аввал матор куйди, кейин электрга пул йўқ, деб узиб қўйишди. Ҳозир кўриб турган “качалкангиз”ни ўн йил деганда яъни 2016 йили 200 минг сўмга ўрнатиб олдим. 40 метрдан тиниқ сув олаяпмиз. Аммо сув минорасининг қувурлари 250 метрли бўлиб, унинг суви бўлакча эди. Тортиб олгандан кўра, оқиб келгани қулай эди-да, болаларим. Бу масала бўйича бормаган жойимиз қолмади. Энди қувурлар ҳам чириб битди. Агар минора ишга тушган тақдирда ҳам қувурларни тўлиқ янгилаб чиқиш керак. 

 Бир нарсани тушуниш қийин. Давлат раҳбари ер остида ичимлик суви бўлмаган ҳудудлар аҳолисига ҳам олис манзиллардан юзлаб чақириб қувурлар ётқизиш орқали эҳтиёжини қондираётган ва ечилиши қийин бўлган муаммоларга ҳам чора топаётган бир пайтда, Балиқчида бор имкониятдан ҳам унумли фойдаланилмаётганига қандай баҳо берса бўлади? Бугун сув илинжида бир киши 10 метр ерни қазиса, эртага бошқаси 20, 30 ва ҳатто 40 метр қазиб, беқиёс бойлигимиздан тартибсиз фойдаланмоқда. Уларнинг ҳам бирламчи эҳтиёжи тушунарли. Бироқ ер остида чучук сув ресурслари йиллаб ўтиб, истиқболи қандай кечади?

 Сув таъминоти ташкилотлари зарур моддий-техника базаси, замонавий ускуналар, машиналар, механизмлар, таъмирлаш-фойдаланиш ва ўлчов техникаси билан жиҳозланмаган. Сув босимини ҳосил қиладиган минора ва резервуарлар ҳар бири атрофида бир неча ун сотих унумдор ерлар бор. Айримлари мутлақо қаровсиз ва фойдаланилмасдан ётибди. Баъзиларида эса ойлик олмай ишлаётган қоровулларга иш ҳақи эвазига ушбу ерлардан фойдаланиш имконияти тақдим этилган. 

 Аҳоли сонининг муттасил ортиб бораётгани, янги турар жой массивларининг барпо қилинаётгани, энергия ва ресурларни тежайдиган замонавий технологиялар жорий этиш асосида сув олиш иншоотларини, сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш чоралари кўрилмаса, кафолатланган сув таъминотини йўлга қўйиб бўлмайди.

Манба: Лазиз Раҳматов, журналист / Кўришлар: 84

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech