Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Тотувлик бор жойда барака ҳам бўлади
7 Nov 2018

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги «нурли манзил» маҳалла фуқаролар йиғинида тўй бошланди. келин-куёвни барча «ёр-ёр» айтиб қаршилади. ўзбек, тожик, рус, немис, украин, арман ва татар каби турли миллат вакиллари оила қураётган ёшларни олқишлаб, уларга узоқ умр, бахт-саодат тилашди. зеро, 3 минг нафарга яқин аҳоли яшаётган мазкур байналмилал маҳаллада тинчлик, тотувлик, миллатлараро дўстлик ришталари мустаҳкам боғланган.

— Маҳалламизда ўнга яқин миллат ва элат вакиллари қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб кетишган, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шаҳодат Раҳмонова. — Ҳашар, тўю марака, яхши-ёмон кунларда бир-биримизга суянчиқмиз. Тотувлик бор жойда барака бўларкан. Шунданми, маҳалламизда ночор инсонни тополмайсиз. Йўлларимиз обод, коммунал хизматлардан шикоятимиз йўқ. Ишсизлик муаммоси бизга бегона. Жорий йилда ҳудудимизда жиноятчилик, оилавий ажримлар қайд этилмади.

«Нурли манзил»да, айниқса, ёшларни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратил­япти. Бу борада «Дўст билан обод уйинг», «Биз — бир замин ва бир замон фарзандларимиз» мавзуларда тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилиб, халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилик буюмлари, миллий таомлар кўргазмаси, оқинларнинг айтишувлари уюштирилади. Айниқса, ўзбек, тожик, рус ва татар халқлари миллий қўшиқлари куйланадиган концерт дастурлари барчага манзур.

— Шу муқаддас заминда яшаб, касб-корли, оилали бўлдим, — дейди татар миллатига мансуб Зулфира Ишбулдина. — Ўзбекистонга келганимга ҳам 42 йил бўлди. Ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳнатсевар, тинчликпарварлигини яхши кўраман. Тинч-тотув, аҳил-иноқ ва фаровон маҳаллада ҳаёт кечираётганимдан бахтиёрман.

Бир сўз билан айтганда, «Нурли манзил» маҳалласи вилоятдаги ҳамжиҳатлик тимсолига айланиб улгурди. Иноқлик самараси ўлароқ, бу ерда тадбиркорлик, инфратузилма ривожланиб боряпти. Янгидан-янги аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, дўконлар, маданият масканлари қад ростламоқда. Бу ишларда турли миллатларга мансуб аҳолининг бир ёқадан бош чиқариб қилаётган саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқ.

Манба: Нигина Шоева / Кўришлар: 25

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech