Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 May 2018
Бир пайтлар қишлоқ деганда кўз олдимизга лой-гуваладан бетартиб қурилган пана-пастқам уйлар, кўримсиз тор кўчалар гавдаланарди. Колхоз идораси қишлоқнинг энг муҳташам биноси эди. Мактаб, боғча, баъзиларида битта озиқ-овқат ва хўжалик моллари дўкони бўларди... 

Бугун-чи? Энг олис қишлоқларгача замонавий саноат корхоналари кириб бормоқда, ижтимоий инфратузилма ривожланиб, шаҳармонанд обод даҳалар барпо этилаётир, аҳолининг турмуш маданияти, фаровонлиги кун сайин ўсмоқда. 

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини янада юксалтириш йўлидаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлди ва улар асосида бошланган амалий ишлар халқимиз кўз ўнгида ўз самарасини бераётир. 

Наманган вилоятида ҳам мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида қишлоқлар аҳолиси турмуш тарзи ўрганилди. Ҳар бир тумандан инфратузилмаси эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган иккита, жами 22 қишлоқ "Обод қишлоқ"дастурига киритилди. 

Жорий йилда Мингбулоқ туманининг Мулкобод ва Кичик Жомашўй, Косонсой туманининг Ширинбулоқ ва Қорасув, Наманган туманининг Шамсикўл ва Шўрқўрғон, Норин туманининг Қоратери ва Қўшчек, Поп туманининг Кенагас ва Ғурумсарой, Тўрақўрғон туманининг Оқтош ва Гулистон, Уйчи туманининг Мевазор ва Хўжаобод, Учқўрғон туманининг Гулистон ва Қўғай, Чортоқ туманининг Алихон ва Ободдиёр, Чуст туманининг Лайлакуя ва Шербулоқ, Янгиқўрғон туманининг Бўстон ва Қизилёзи қишлоқлари обод қишлоққа айлантириладиган бўлди. 

Дастурга киритилган қишлоқларда ички ва хўжалик йўлларини таъмирлаш, ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш ва бошқа бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мақсадлар учун 127 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятда биринчи киришилган лойиҳа бугун якунланиш арафасида. Уйчи тумани Мевазор қишлоғининг Мевазор маҳалласи бир вақтлар чиндан ҳам обод эди. Бу маҳаллада собиқ паррандачилик фабрикаси ишчилари учун қурилган бешта икки қаватли уй ҳудуднинг кўрки, қишлоқ аҳлининг фахри эди. Чунки барча қулайлик яратилган уйларда яшашга кўпчилик ҳавас қиларди. 

Бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтилганидан кейин паррандачилик фабрикаси тасарруфидаги кўп қаватли уйлар хонадонлар эгаларига хусусий мулк сифатида сотилди. Ўтган давр мобайнида кўп қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатиш тизими издан чиқди. 

– Бу уйларнинг 72 хонадонида 220 киши яшайди, – дейди янги ташкил этилган “Мевазор обод қишлоқ” уй-жой хусусий мулкдорлар ширкати раиси Дилбар Мамасаитова. – Уйлар 1980-йилларда қурилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида нураб-тўкилиб, маиший-коммунал, санитария тармоқлари йўқ бўлиб кетганидан бу ерда яшовчиларнинг кундалик турмуш шароити тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етганди. Кўпчилик ўз ҳолича ҳовлига ҳожатхона, молхона ва бошқа ёрдамчи хўжалик иншоотлари қуриб олганидан жуда хунук манзара ва антисанитария муҳити пайдо бўлган эди. Қишлоғимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилган ишлар натижасида маҳалла бутунлай янгича қиёфа касб этди, маиший шароитлар яхшиланди. Бу, албатта, маҳалладошларимиз тафаккурига таъсир қилиши, уларда ҳаётга муносабатни ўзгартириши шубҳасиз. 

Бугунгача кўп қаватли уйларнинг том қисми шиферланиб, кириш эшиклари алмаштирилди, ҳудудга ичимлик суви тармоғи тортилди. Ҳовли атрофи девор билан ўралди. Тандирхона ва бошқа умумфойдаланиш учун маиший-хўжалик қурилмалари барпо этилди. Уйлар ўртасидаги майдонларга 200 тупдан зиёд манзарали ва мевали кўчат, турли гуллар экилиб, боғ ва гулзорлар ташкил қилинди. Айни пайтда биноларнинг фасад қисмида пардозлаш ишлари давом этмоқда. 

– Президентимизнинг вилоятга ташрифидан сўнг лойиҳа кўлами янада кенгайиб, умумий ишлар ҳажми 7 миллиард сўмдан зиёд бўлиши кўзда тутилмоқда, – дейди Уйчи тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Расулжон Отахонов. – Жумладан, ҳудуддаги 15-умумтаълим мактаби, 39-мактабгача таълим муассасаси тубдан таъмирланади. Канализация тармоғи тортилади, тўрт километрдан кўпроқ йўлга асфальт ётқизилади. Қурилиш-ободонлаштириш ишларида 100 дан зиёд киши қатнашмоқда 

Шундай объектлардан яна бири – Тўрақўрғон туманидаги Оқтош қишлоғининг Оқтош маҳалласида куни кеча бошланган бунёдкорлик ишлари ҳам кун сайин юқори суръат касб этмоқда. 3 минг 200 га яқин киши истиқомат қилаётган маҳаллада бундан 40 йил муқаддам қурилган 6 та икки қаватли уй бор. Улардаги 102 хонадонда 370 киши истиқомат қилади. Тасаввур қилганингиздек, қарийб ярим асрлик бу иморатларнинг қиёфаси, яшовчилар учун қулайликлар ночор аҳволга келиб қолган. 

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган мазкур қишлоқда ишлар ҳар жиҳатдан эътиборга муҳтож ана шу уйларни таъмирлашдан бошланди. Дастур асосида кўп қаватли уйларнинг томи ва фасадини реконструкция қилиш, канализация тармоғи тортиш, ҳовлига ёрдамчи маиший-хўжалик бинолари ва болалар майдончаси қуриш, ҳовли атрофини 6,2 километрдан зиёд девор билан иҳоталаш режалаштирилган. 

Бундан ташқари, маҳалладаги Бобур, Осойишта, Навоий кўчаларидаги 549 ҳовли-хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда ушбу объектда 4 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. 

– Айниқса, дастурда 250 ўринли боғча қурилиши назарда тутилганидан ота-оналар ғоят хурсанд, – дейди "Оқтош" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Сатторов. – Чунки ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси энг муҳим масаладир. Зеро, моддият билан боғлиқ камчилик ва муаммоларни ҳал этса бўлар, лекин маънавий-маърифий жиҳатдан йўқотишлар ўрнини тўлдириш қийин. 

Қишлоқлар меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектлари барпо этиш орқали аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида бошланган бундай эзгу ишлар одамларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш, улар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик ва масъуллик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилмоқда. 



Манба: Акромжон Сатторов, ЎзА / Кўришлар: 92

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech