Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Сўнгги бекатгача борасизми?
7 Nov 2018

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри чеккасидаги автотураргоҳ ўтган асрнинг етмишинчи йилларида қурилган. бу ер айни пайтгача марказдан шимолдаги туманларга қатнайдиган йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг «қўним» жойи эди. ҳудудда аҳоли сонининг ортиши билан бу ерлар тураржойлар қурилиши учун фуқароларга берилди. автотураргоҳнинг ичкарида қолиб кетиши эса автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига ноқулайлик туғдирди.

Ҳолат юзасидан фуқароларнинг мутасаддиларга мурожаати эътиборсиз қолмади: йўловчи ташувчи уловлар учун янги тураргоҳ қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу ер Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой ва Кегейли туманлари, шунингдек, Нукус шаҳрининг барча маҳаллалари ҳудудига қатнайдиган автобус ва йўналишли таксиларнинг сўнгги бекатига айланди. Туманлардан келувчи йўловчилар, бу янгиликни тўла қўллаб-қувватлашди.

Аммо янги тураргоҳ шаҳарнинг айрим ҳудудларига қатнаётган йўналишли таксиларга муаммо туғдирди. Натижада «Жийдели байсин», «Амударя», «Ак жағис» маҳалласи аҳлининг эътирози сабаб шу пайтга қадар эски автовокзалдан қатнаётган 20-йўналишли такси қатнови тўхтатиб қўйилди. Шу боис автовокзал яқинида истиқомат қилувчи аҳоли шаҳар марказига ёки бозорга бориб-келиш учун 2-3 та таксига ўтиришга мажбур бўлишмоқда.

— Йўлимиз 7 км.гача узоқлашиб кетди, — дейди шу йўналишда ҳаракатланадиган ҳайдовчилардан бири. — Аввалги йўналишимиз ҳар томонлама қулай эди. Марказга бориб-келиш учун кам ёқилғи сарфлардик, йўл ҳақи ҳам шунга яраша арзон бўларди. Машинани ижарага олиб ҳайдайман, даромад унинг кунлик тўловидан ортмаяпти.

— 20-йўналишли таксилар қатновининг тўхтаб қолгани бўйича «Жийдели байсин», «Амударя», «Ак жағис» маҳалласи аҳолиси номидан Нукус шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдик, — дея суҳбатимизга қўшилди «Жийдели байсин» йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Кайипбай Тажетдинов. — Бироқ ҳанузгача масала ижобий ечим топмади. Бундан ташқари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноси 26-кичик туманга кўчгани боис 5-6 та маҳалла аҳолиси ва талабалар учун янги автотранспорт йўналиши очиш зарурати туғилди.
Афсуски, «Отангга бор, онанг­га бор» қабилида иш кўришга ўрганган тегишли мутасаддилар мазкур муаммоларга панжа ортидан қараб келишмоқда.

Жорий йил бошида «Боз ауил» маҳалласи фаоллари ва аҳолисининг шаҳар ҳокимлигига қилган мурожаати асосида Қорақалпоғистон Респуб­ликаси тиббиёт мажмуаси ёнидан айланиб қайтаётган 8-йўналишли таксининг сўнг­ги бекати «Жийдели байсин» ва «Боз овул» фуқаролар йиғини ҳудудларининг ўртасидан ўтган каналгача (бор-йўғи 400 м.) чўздирилганди. Янги автотураргоҳгача бўлган масофа узоқ бўлгани учунми, бу йўналишда ҳаракатланаётган таксилар ҳам ўзи хоҳлаган бекатдан нарига ўтишмаяпти.

Яна бир масала. Йўловчи ташувчи автомашиналар олдига бошланғич бекатдан бош­лаб йўл-йўлакай ўтадиган ҳудуд номлари ҳам ёзилмаган. Фақатгина Шимолий автовокзалдан қатнаётган 4-йўналишли таксилар олдига бош­ланғич ва сўнгги бекатлар номи ёзиб қўйилган. Аҳолини қийнаётган муаммолардан яна бири — кечки соат 18:00 -19:00 дан сўнг автобуслар қатнови тўхтайди. Йўловчи ташувчи таксилар эса ўз йўналишида ҳаракатланмайди. Йўлкира ҳақи ҳам икки баробарга ошади.

Мазкур вазият бўйича Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасидан изоҳ сўраганимизда ташкилот мутасаддиларидан бошқарма раиси йўқлиги, шаҳар транспорти бўйича жавобгар шахс эса ўз иш жойида эмаслиги ҳақидаги маълумотни ололдик, холос.

Аслида бу муаммоларни ҳал этиш учун кўп маблағ ҳамда юқоридан буйруқ келишини кутиш шарт эмас. Бунинг учун масъулларда бироз эътибор ва ҳафсала бўлса кифоя.
Манба: Омирбай Есбергенов / Кўришлар: 26

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech