Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
ПРЕСС РЕЛИЗ
13 Feb 2018

Жорий йилнинг 13 февраль куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви мажлислар залида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Ёшларни “оммавий маданият” таъсиридан ҳимоя қилишда маҳалла институтининг ўрни” мавзуида семинар ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳри ва вилояти, туманлар маҳалла кенгашлари бошқарувлари раислари, ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маърифат ва маънавият комиссиялари аъзолари иштирок этишди.  

Анжуманда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, бебаҳо урф-одатларимизни тараннум этиш, Ғарбдан пинҳона ва очиқ-ошкора кириб келаётган “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларига қарши курашда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, ёшларнинг огоҳлигини ошириш масаласи кенг муҳокама этилди.

Глобаллашув жараёнларида “оммавий маданият” ниқоби остида четдан турли бузғунчи ва ёт ғояларнинг, индивидуализм, эгоцентризм каби бир ёқлама қарашларнинг суқилиб кираётгани, интернетдаги ижтимоий тармоқларда ахлоқсизлик ва зўравонликлар, фаҳшни кенг тарғиб этилаётгани танқид қилинар экан, уларга қарши курашда тизимли, самарали ва замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурияти таъкидланди.

Сўзга чиққанлар “севишганлар байрами”ни каби урфга кираётган номақбул ҳолатларни, никоҳсиз яшаш, бир жинсли ҳаёт қуришдек миллий менталитетимизга мутлақо ёт ва жирканч амалиётларни олдини олиш учун ёзувчи ва ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, зиёлилар, маҳалла йиғинлари ходимлари ва албатта оммавий ахборот воситаларининг фаол ҳамкорлиги ўта муҳим эканини алоҳида таъкидлашди.

Ота-онага чексиз эҳтиром, кексаларга ҳурмат, маҳалла ва жамият олдидаги ижтимоий масъулият, юртга садоқат, мурувват ва саховат, эл ва халқ дарди билан ёниб яшашдек эзгу фазилатлар руҳида ёшларимизни камол топтириш, маънавий маконда миллий манфаатларимизни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.

Ғарб мамлакатларидаги маънавий таназзул, ахлоқий бузилишлар енгил ҳаёт тарзига берилиш, азалий қадриятларга эътиборсизлик, оила ва никоҳ муносабатининг издан чиқиши бугун хунук манзаралар ҳосил қилгани аниқ мисоллар орқали ифода этилди.

Шу маънода, оилада соғлом маънавий муҳитни, ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳини яратиш, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, ёшларга соғлом турмуш тарзини сингдириш ҳар доим муҳимлигича қолади.

Ёш авлод онгу-шуури, маънавияти ва маданияти, юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутиши, муомаласида акс этадиган турли қусур ва иллатлар барчамизни ҳушёрликка ундайди. Бу ҳолатларга эътиборсизлик, беписандлик ва совуққонлик билан қараш, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш жиддий оқибатларга ва фожеага олиб келади.

 Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, буюк мутафаккир боболаримиз, хусусан Имом Бухорий, Форобий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодира, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг бой маънавий ва бадиий меросини кенг тарғиб қилиш орқали муаммоларга самарали ечим топиш кераклиги баён қилинди. 

Бу борада маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик комиссиялари ва бошқа тузилмалари, жумладан, Яраштириш, Маърифат ва маънавият масалалари,  Ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари комиссиялари, шунингдек, «Ота-оналар университети», Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Айтиш мумкинки, ушбу тадбир Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ҳар томонлама кучайтириш шартлиги, бу борада шаклланган тизим самарадорлигини янада ошириш, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар, диний-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари биргаликда иш олиб боришлари лозимлиги ҳақидаги топшириқларини ҳаётга татбиқ этиш доирасида ўтказилди.

Республика миқёсида ўтказилган мазкур анжуман шаклидаги тадбирлар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек туман ва шаҳар кенгашларида ҳамда маҳаллаларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 287

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech