Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Пойтахтимизда “Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи” кўрик танловининг  республика босқичи ўтказилди.
15 Mar 2018

Мамлакатимизда Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, нуронийлар ва ёшлар билан мулоқотлар ўтказиш, ёшлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарарлигини таъминлаш, оилаларда ахиллик, тинчлик ва осойишталик, шукроналик билан ҳаёт кечиришни таъминлаш, фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва ўргатиш, ёшларда Ватанни севиш, кексаларни ҳурмат қилиш, кичикларни эъзозлаш, дўстлик ва садоқат каби олижаноб фазилатларни шакллантириш мақсадида маҳаллаларда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар лавозимлари жорий этилди, ушбу лавозимларда бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, аҳолига, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни ривожлантириш масалаларида ижобий таъсир ўтказа оладиган обрўли ҳамда фаол нуронийларимизнинг фаолият кўрсатаётганликлари ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда республикамиздаги барча фуқаролар йиғинларида 8982 нафар фуқаролар йиғинлари раисининг ўринбосари-кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган давр мобайнида кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар томонидан ёшлар тарбияси, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини тарғиб этиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ҳар бир оилага кириб, одамлар кўнглига йўл топа олиш, уларнинг дарду ташвишига бирдек шерик бўлиб, кўмакка муҳтож оилалар, айниқса кексалар ва ногиронларга ёрдам бериш каби кенг қамровли вазифаларни амалга оширишда халқимиз ишончига сазовор бўлиб келаётгани яққол ўз тасдиғини топмоқда.

Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича  маслаҳатчилар томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни ўрганиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида жорий йилда илк маротаба Республика Маҳаллалар кенгаши, “Нуроний” жамғармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи” кўрик танловининг  республика босқичи ўтказилди.

Жорий йилнинг январь-февраль ойида ўтказилган танловнинг саралаш босқичида 9 мингга яқин, 10-24 февраль кунлари ўтказилган ҳудудий босқичларда эса танловнинг туман (шаҳар) босқичида 1-ўринни эгаллаган
200 нафар маслаҳатчилар фаол иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 15 март куни Тошкент шаҳридаги Туркистон санъат саройида “Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 1-ўринга сазовор бўлган 14 та фуқаролар йиғинларининг фаоллари ўзаро беллашдилар.

         Тадбирда мазкур танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари ва Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Танловда иштирокчилари 3 та шарт асосида ўзаро беллашдилар. Жумладан, 1–шартда фуқаролар йиғинларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширган ишларини танланган йўналиш асосида тақдимотда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар асосида йиғинда амалга оширган ижобий иш тажрибалари ва эришилган ютуқлар билан боғлаган ҳолда видеолавҳалар асосида 5 дақиқа ичида ёритиб бердилар.

2-шартда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг тажрибаси, кундалик ҳаётда, иш фаолиятида учраб турадиган масалаларга, муаммоли вазиятларга қанчалик даражада ечим топа олишларини аниқлаш шунингдек, соҳага оид қонун ҳужжатларини қай даражада билишларини баҳолаш мақсадида ҳар бир иштирокчига 1 тадан савол берилди ва уларнинг мазкур саволларга берган жавоблари баҳоланди.

3-шартда иштирокчиларнинг танлов низомига мувофиқ иш фаолиятлари бўйича тайёрланган ҳужжатлари белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилиб, умумий 30 баллик тизимда баҳоланди.

Барча шартлар бўйича иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан қонунийлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик каби асосий принципларга риоя қилган ҳолда баҳолаб борилди.

Танловда иштирок этган кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар шартлар давомида маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтириш ва олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижтимоий маънавий-муҳитни ўрганишда нуронийлар иштирокини таъминлаш, маҳаллада оила ва никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, тўй-маросимларнинг ихчам, камхаражатли, дабдабасиз ўтказилишида кекса фахрийлар ва нуронийлар иштирокини таъминлаш, нуронийлар ва фахрийларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида китобхонликни оммалаштириш, муаммоли оилалар билан ишлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш борасида амалга ошираётган ишларини амалий мисолларда очиб беришди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчилар 3 та асосий ўриндан ташқари, 11 та номинация бўйича иштирокчилар тақдирландилар.

Жумладан:

“Энг фаол ҳуқуқ тарғиботчиси” номинацияси билан Бухоро вилояти Жондор туман “Қалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Жумаев Шоназар Каримович;

“Оилалар жонкуяри” номинацияси билан Қашқадарё вилояти Косон туман “Бойтерак” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Қаххоров Дилмурод Ўткирович;

“Мустаҳкам оила тарғиботчиси” номинацияси билан Жиззах вилояти Жиззах шаҳар “Учариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Азимов Икром Бадалович;

“Ташаббускор ёшлар мураббийси” номинацияси билан Навоий вилояти Қизилтепа туман “Узилишкент” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Жўраев Сафоқул Файзиевич;

“Фаол тадбиркорлик тарғиботчиси” номинацияси билан Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳари, "Обод юрт" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Бобоев Жўрақул Ҳабибуллаевич;

“Кексалар ибратини тарғиб қилишда фаол маслаҳатчи” номинацияси билан Сурхондарё вилояти Шўрчи туман “Тамаддун” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Хўжамқулов Менгали;

“Тўй-маросимларнинг ихчам, ўтказилишида ташаббускор маслаҳатчи” номинацияси билан Самарқанд вилояти Нарпай тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Хасанов Бозор Собирович;

“Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатган маслаҳатчи” номинацияси билан Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани “Ўрда” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Ворисов Саидакбар Асрорович;

“Томорқа – қўшимча даромад манбаи тарғиботчиси” номинацияси билан Наманган вилояти Поп тумани "Уч уйли" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Юлдашев Хожимат Ходиматович;

“Маърифатпарвар маслаҳатчи” номинацияси билан Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Гўраввал” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Газиев Илясхон Дадахонович;

“Ҳуқуқбузарликларни олдини олишда фаол маслаҳатчи” номинацияси билан Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар “Сўфи Оллаёр” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Тулаев Абдурауб Абдиновичлар тақдирландилар.

Номинация бўйича ғолиблар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиғи, Artel русумли алоқа телефони ва эсдалиқ совғалари билан рағбатлантирилдилар.

Танловнинг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритган Хоразм вилояти Хонқа тумани, “Қорақош” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Давлотов Матмурот – 3-даражали диплом, 32`` ўлчамли LCD телевизор, Artel русумли алоқа телефони ва  эсдалиқ совғалари билан,

2-ўринни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткул тумани “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Сейтимбетов Назарбай Абдуллаевич – 2-даражали диплом, 42`` ўлчамли LCD телевизор, Artel русумли алоқа телефони ва эсдалиқ совғалари билан;

1-ўринни қўлга киритган Андижон вилояти Хўжаобод тумани, “Қурама” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Мамадалиев Зокиржон Сотволдиевич - 1-даражали диплом,
49`` ўлчамли LCD телевизор,
Artel русумли алоқа телефони ва эсдалиқ совғалари билан тақдирландилар.

Танловда таниқли санъаткорларнинг, элимиз суйган хушовоз хонандаларнинг чиқишлари ташкил этилиб, тадбирга ўзгача байрамона ва кўтаринки руҳ бағишлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов иштирок этди ва сўзга чиқди. 

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 275

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech