Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ободлик ва кўркамлик — ҳар кўча, ҳар гузарда
7 Nov 2018

Иситиш мавсуми бошланиши билан тошкент шаҳри мирзо улуғбек тумани «авайхон» маҳалласидаги кўп қаватли уйлар ертўласини моғор босарди. канализация тармоғининг носозлиги сабаб кунда-кунора йўлакларда сув пайдо бўлар, электр симлари шамолда узилгудек тебранарди. қоронғи тушгач, кўча-кўйда юрган киши ваҳимага тушарди, автомашина эгалари бўлса, ўнқир-чўнқир ички йўллар сабаб кўп азият чекарди.

Болалар майдончаси таъмирталаблигидан болажонлар ёзу қиш катта йўл бўйида вақт ўтказишга мажбур эдилар. Бундан ташқари, ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаси ва тиббиёт бирлашмасидаги аҳвол ҳам мақтагулик эмасди. Хуллас, шаҳар бағридаги бу маскан ривожланиш ва тараққиётдан ортда қолган, бир қарашда эски ва қаровсиз манзарани эслатарди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июндаги «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида маҳаллада бунёдкорлик ишлари бошланди. Аввалига авайхонликлар «Баъзи бир жойларни таъмирлаб кетишади, холос. Вазият эса ўзгармасдан қолаверади», дея бу ишларга ишонқирамай қарашди. Совуқ кунлар бошлангунича қурилиш ишлари якунланмайди, бекорга шунча сарф-харажатдан кимга наф, дегувчилар ҳам бўлди. Аҳолида бундай қарашнинг уйғонишига ҳам етарлича сабаблар бор. Сўнгги йилларда кўп қаватли уйларни таъмирлаймиз, канализация тармоғини янгилаймиз, дея ташаббус билан чиқиб, ишини охирига етказмаганлар кўп бўлди. Шу боис фуқаролар бу гал ҳам ишлар ўлда-жўлда қолиб кетади, деган фикрда эди.

Аммо қисқа фурсатда ўзгача қиёфага эга бўлган кўчалар авайхонликларнинг қарашини ўзгартирди. Аҳоли орасида қурувчиларга кўмак­лашиш, маҳалла ободлигига ҳисса қўшишни истовчи ташаббускорлар ҳам чиқди.

— Маҳалламиздаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари деярли якунига етди, — дейди йиғин раиси Ўткиржон Рисқулов. — Кўп қаватли уйлар атрофи тозаланди, ички йўлларга асфальт ётқизилди, тураржойларнинг томлари, пештоқлари ва йўлакларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кўп қаватли биноларнинг фасад қисми янгиланиб, маҳалламиз ўзгача чирой очди.

Дарҳақиқат, йиғиндаги кўламли бунёдкорлик ишлари нафақат аҳолини мамнун қилди, балки ҳудуд инфратузилмасини янгилади. Энди кундалик эҳтиёж учун қўшни маҳалладаги савдо шохобчаларига югуриш шарт эмас. Кўп қаватли уйларнинг олдида бунёд этилган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида барча шароитлар муҳайё. Шинам ва замонавий кўринишга эга болалар майдончалари киши кўнглига завқ улашади.

— Маҳалламиз обод ва кўркам масканга айланди, — дейди авайхонлик онахон Фарангиз ая. — Авваллари биз, ёши катталарнинг ўтириб суҳбатлашишимиз учун тайинли жой йўқ эди. Энди-чи, ҳаммаёқ озода, саранжом-саришта. Айниқса, уйлар атрофида бунёд этилган яшил майдончалар кўзингизни қувнатади.

Ҳудуддаги 193-мактабгача таълим муассасаси ва Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 8-оилавий поликлиника шохобчасининг очилиши барчани бирдек хурсанд қилди. Маҳаллада ким билан суҳбатлашманг, кўз ўнгида қисқа давр мобайнида амалга оширилган катта ҳажмдаги ишлардан ғурурланмоқда.

«Авайхон»даги бунёдкорликдан ташқари, аҳолининг муаммолари ҳам ўрганилди, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Сирасини айтганда, ҳудудда ҳар бир фуқаронинг яхши ҳаёт кечиришига шароитлар яратилган.

Манба: Садоқат Махсумова / Кўришлар: 31

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech