Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Муаммоларга муносиб ечим топилди
7 Nov 2018

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 8 августдаги «ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, мутасадди раҳбарларга туман, шаҳар, маҳаллалардаги ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ишларнинг самарадорлиги ва уйғунлигини таъминлаш юзасидан муайян вазифалар юклатилган эди.

Хўш, ўтган давр давомида масъуллар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси бўйича қандай ишлар амалга оширилди? Ушбу саволга Тошкент вилояти Занги­ота тумани секторлари ҳудудида амалга оширилаётган ишлар мисолида жавоб изладик.

Тумандаги иккинчи секторга бириктирилган «Эшонгузар», «Қатортол», «Назарбек» маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этишда жорий йилга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган. Шунингдек, фуқаролар аризалари билан тизимли ишлаш ва ҳудудлардаги вазият билан танишиш мақсадида Жамоатчилик назорати гуруҳи шакллантирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида Жамоатчилик назорати гуруҳи аъзолари томонидан сектор ҳудудидаги хонадонлар уйма-уй юриб ўрганилди. Шунга кўра, 2 минг 200 дан ортиқ турли муаммо ва камчиликлар аниқланди. Улардан 1 минг 503 таси жойида ҳал этилиб, 711 таси тегиш­ли ташкилотларга юборилди. Бундан ташқари, маҳаллалардаги 15 та ижтимоий объект, 590 км. ички йўллар «Йўл харитаси»га киритилди, 290 та хонадон эгаларини қийнаётган электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.

— Эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш — эътиборимиз марказида, — дей­ди Зангиота тумани Жамоатчилик назорати гуруҳи раҳбари Нодирбек Абдуллаев. — Чунончи, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 21 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачалари, 16 нафарига дори-дармонлар, 13 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳудудда ишбилармонлар сафини кенгайтириш мақсадида 36 нафар ишсиз кишига тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имтиёзли кредит олишида кўмаклашилди. «Нурафшон», «Далигузар», «Иқбол», «Назарбек», «Эшонгузар», «Қатортол» йиғинларига 1 минг 743 та тунги ёриткич ўрнатилди.

«Далигузар» маҳалласи Софдил кўчасида совуқ кунлар бошланиши билан газ босими пасайиб кетар, бу эса аҳолининг ҳақли эъти­розларига сабаб бўлаётган эди. Гуруҳ аъзолари ёрдамида ҳудуддаги 1 минг 35 та хонадоннинг 275 таси суюлтирилган газга мослаштирилди, 250 дона газ баллони тарқатилди.

Айниқса, «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинидаги қаровсиз болалар майдончаси таъмирлангани болажонларга бир олам қувонч улашди, ҳудудда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилиши билан 6 та янги иш ўрни яратилди.

Жамоатчилик назорати гуруҳига «Дўстлик» маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлаш ва катта йўлга светофор ўрнатиш бўйича қилинган мурожаат ҳам ижобий ечим топди.

— Гуруҳ масъулларидан тадбиркорлигимни бошлаш учун ёрдам сўрадим, — дей­ди «Назарбек» маҳалласидан Ҳайитбой Жабборов. — Бизнес-лойиҳам билан танишиб чиққач, улар менга ёрдам беришди. Маҳалламиз гузарида чинни идишларга қайта ишлов бериш (зар чизиш) корхонасини ишга туширдик. Айни пайтда бу ерда 5 нафар хотин-қизнинг банд­лиги таъминланган. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Бундан ташқари, Жамоатчилик назорати гуруҳи аъзолари ҳудудларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишаётир. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида ажрим остонасида турган 11 та оила яраштирилди, жиноят содир этишга мойиллиги бор 12 нафар фуқарога масъ­уллар бириктирилди.

Дарҳақиқат, бугун ҳудудларда фаолият юритаётган Жамоатчилик назорати гуруҳлари ташаббуси билан аҳоли турмушининг фаровонлашувига эришилмоқда, муаммоларга ўз вақтида ечим топилаётир.

Манба: Нигора Ўролова / Кўришлар: 28

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech