Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Кимларга кўмир етказиб берилади?
8 Nov 2018

Қонунчиликка мувофиқ, газ бўлмайдиган ҳудудларда аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.

Бунинг учун қуйидагилар амалга оширилади:

қиш мавсумида газ бўл­майдиган ҳудудларга етарли миқдорда кўмир етказиб бериш бў­йича тегишли ҳужжатлар тасдиқланади (Вазирлар Маҳкамаси — вилоят ҳокимликлари — туман ҳокимликлари);

туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади;

маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради ва уни кўмир омборларига етказиб беради;

кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган реестрга ва тасдиқланган жадвалга асосан, аҳолини кўмир маҳсулоти билан Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нархлар асосида узлуксиз таъминлаш чораларини кўради.

 Қўшимча ва устамалар тўланади

Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасидаги назорат инспекторлари моддий рағбатлан­тирилaди.

Қайд этилишича, ҳукумат қарори билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, эндиликда кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасидаги назорат инс­пекторларининг лавозим маошига ҳам:

• иш вақтидан бошқа вақтларда, дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун — соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда 2 баравар миқдорида;

• тунги вақтда ишлаганлик учун — соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда 1,5 баравар миқдорида;

• узоқ муддат ишлаганлик учун, лавозим маошига фоиз ҳисобида иш стажига мувофиқ миқдорларда ҳар чоракда қўшимчалар ва устамалар тўланади.

Адлия вазирлигининг ҳуқуқий-ахборот канали

Ўртамасжидликлар томчи тагида қишлашдан хавотирда

Донишманд халқимиз бежизга: «Қиш ғамини ёзда е», дейишмаган. Чунки сунбуладан кейин сув, мезондан кейин эса кун совуқ бўлиши тайин. Ахир, мавсумнинг беталафот ўтиши иссиқ кунлардаги саъй-ҳаракатларга боғлиқ.

 Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги «Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бу гал ҳам барча жабҳада тараддуд тадбирларига барвақт киришилди. Хўш, белгиланган вазифалар ижроси, бажарилган ишлар сифати қандай? Саволга жавоб олиш мақсадида пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Ўрта Масжид» маҳалласидаги куз-қиш мавсумидаги тайёргарлик ишлари билан танишдик.

«Садоқат барака» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли тўрт қаватли 48 хонадондан иборат 13-уйни кўздан кечирар эканмиз, бу хонадон эгалари ҳозирданоқ куз-қиш мавсумини қандай ўтказиб олиш ҳақида бош қотиришаётганини англаш мумкин. Иситиш мавсуми бошланганига ўн кундан ошган бўлса-да, бу уйдаги аксарият хонадонлар ҳануз иситиш тармоғига уланишни кутиб ўтиришибди.

Биринчи ёққан ёмғирданоқ уйимизни сув босди, — дейди 13-уй 12-хонадон бекаси Дилдора Суярова. — Уч болам билан томдан оқаётган томчиларга галма-галдан идиш қўйиб чиқдик. Ширкатга мурожаат қилавериб чарчадик. Чунки ўтган йили ҳам томчи тагида қишдан чиққанмиз.

Дарҳақиқат, 13-уйнинг том қисми бутунлай яроқсиз аҳволга келган. Уй эгаларининг айтишича, ертўла зах, у ерда доим сув бўлади. Ертўлага тушиш жойи чиқиндилар билан тўлган. Уй олдидаги йўлакларнинг нотўғри таъмирланиши натижасида ёғингарчилик пайтида уй ичигача сув тошиб киради. Биринчи қаватдагилар эса сув йўналишини тўғрилаш билан овора бўлишади.

— Бизнинг ширкат 4 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, — дейди «Садоқат барака» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Исмоил Сапаев. — Ўтган йили Халқ банкидан 50 миллион сўм кредит олиб, 93- ва 113-уйларни тўлиқ таъмирдан чиқардик. 4 та уйнинг барча йўлак­ларидаги эшикларни алмаштириб, қулфлар ўрнатдик. Келгуси йил яна кредит ҳисобига 13- ва 115-уйларни таъмирлашни режалаштирганмиз.

Буни қарангки, ширкат раисининг тўлиб-тошиб айтган сўзларини эшитган киши ширкат жон куйдириб ишлаётган экан, демак, уйларда ҳеч қандай муаммо йўқ, энди одамлар қировли кунларни ғам-ғуссасиз ўтказишади, деган хаёлга бориши тайин. Бироқ биз эшитганимизга эмас, балки кўрганимизга таяниб фикр юритишимизни И.Сапаев хаёлига ҳам келтирмади, шекилли. Йўқса, йўлак эшиклари зич ёпилмаслиги, қулфлар эса яроқсиз аҳволга келиб қолганига неча йиллар бўлгани, баъзи эшикларда шу яроқсиз қулфлар ҳам йўқлигини яшириб ўтирмасди. Ширкат раиси бизни алдашга уриниши мумкин, бироқ қолган муаммоларни келгуси йили бартараф этамиз деган ёлғон ваъдалар билан томидан чакки ўтган одамларни ишонтиролмайди. Чунки бугун одамларнинг онги юксалди, улар ўз ҳуқуқларини яхши билишади.

Ширкат раиси бу фикр-мулоҳазалардан сўнг аҳоли ўз вақтида ойлик бадалларни тўламагани учун қарздорлик кўпайиб кетаётганидан нолиди. Ахир, ширкат ўз вазифасини бажармаганидан кейин аҳоли ҳам тўлов қилинган пулни ҳавога совуриш деб билади-да. Шунча пул сарфланиб, таъмирланган 93- ва 113-уйларга ўрнатилган янги ромлар чети ҳамон сувалмагани аҳолининг ҳафсаласини пир қилган.

— Ҳудудимизда тўққиз минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Ўрта Масжид» маҳалласи раиси Азиза Пидаева. — 38 та кўп қаватли уй бўлиб, уларга 9 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Шулардан «Зебо шамс» ширкатига тегишли уйлар куз-қиш мавсумига шай. «Садоқат барака» ширкатининг фаолияти хусусида бизга кўп шикоят тушмоқда. Ширкат ишидан аҳоли норози. Бу масалани алоҳида кўриб чиқишга қарор қилганмиз.

Мухтасар айтганда, остонада совуқ кунлар эшик қоқиб турибди. Аҳолининг ушбу мавсумдан соғ-саломат, талафотсиз чиқиши эса масъ­ул мутасаддиларнинг виж­дони­га боғлиқ. Умид қиламизки, «Садо­қат барака» ширкати масъул­ларининг виждони уйғоқ, улар муаммоларни тез орада бартараф этишади. Шу боис бу мавзуга яна қайтишни кўнгилга тугдик.

Манба: Нилуфар Юнусова / Кўришлар: 34

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech