Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
«Биз айбдор эмасмиз», «бизда ҳаммаси жойида» қабилида хотиржам ўтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ
8 Nov 2018

Соат миллари бешга яқинлашаётганини кўрган наргиза чақалоғини қўлига олдию катта боласини боғчадан олишга шошилди. аммо эшикдан чиқар-чиқмас икки барзанги йигит унинг йўлини тўсди. ўғрилар уй бекасининг бўғзига пичоқ тираб, «уйга кир» дея имлашди.

Наргиза қўрқа-писа боласини бағрига босганча орқага тисарилди. «Қани, ҳамма пул-
ни чиқар, агар овозинг чиқса...», дея чақалоққа пичоқ ўқтади ўғрилардан бири. Наргиза қўрққанидан машинага деб йиғилган пуллардан тортиб, тилла тақинчоқларини ҳам берди. Ўғрилар ўлжани олгач, аёлнинг оғзини маҳкамлаб, қўл-оёғини столга боғлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишди...

Хоразм вилояти Урганч шаҳри «Истиқлол» маҳалласида содир бўлган навбатдаги жиноят ички ишлар ходимларининг тезкор гуруҳининг саъй-ҳаракати билан аниқланди ва босқинчи ўғрилар қўлга олинди.

Таъкидлаш жоизки, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларга қарамасдан, жорий йилнинг ўтган даврида энг кўп жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишида вилоятда айнан «Истиқлол» маҳалласи етакчилик қилмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар бу ерда 32 та жиноят содир этилган. Тўғри, тўрт минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳалла шаҳар марказида жойлашгани, аҳоли зич, корхона ва ташкилотлар кўплиги, марказий деҳқон бозорининг яқинлиги бундай нохуш ҳолатга замин яратар. Бироқ ана шу сабаблар боис жиноятчилик кўрсаткичларининг ортишига йўл қўйиш, аҳоли, айниқса, ҳудуддаги 6 та ўқув муассасасида таҳсил олаётган ўғил-қизларнинг хавфсизлигига, келажагига панжа орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

— Бу жиноятларни маҳалламизда рўйхатда турадиган фуқаролар эмас, аксинча бошқа ҳудудларда истиқомат қиладиганлар содир этган, — дейди «Истиқлол» маҳалласи раиси Комил Аннафасов. — Бироқ жиноятлар мазкур ҳудудда юз бераётгани боис кўрсаткичлар йиғинимиз ҳисобига ёзилмоқда. Муаммоларни бартараф этиш, камчиликларни тузатиш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ўтган давр давомида кўчалардаги тунги ёриткичлар янгиланди. Ҳар бир йўлакка камералар ўрнатилди. «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари бошчилигида ташкил этилган навбатчи гуруҳ туну кун огоҳ. Бироқ маҳалламиз гавжум ҳудудда жойлашгани боис назоратни мус­таҳкамлаш маҳалламизга бириктирилган профилактика инспекторининг якка ўзига қийинчилик туғдирмоқда. Шуни инобатга олиб, ички ишлар ходимларидан яна бир нафар вакил бириктирилса, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишлари яхшиланарди.

Айтиш жоизки, фуқароларнинг тинч-осуда ҳаёти таъминланаётган, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашилаётган бугунги кунда фаоллар ички ишлар идоралари ва мутасадди ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорликни кучайтириб, ҳуқуқбузарликлар сабабини жиддий таҳлил этиш, қайта так­рорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тақозо этилади. Бироқ истиқлоллик фаоллар бу ҳақиқатни теран англаб етишмаган кўринади. Акс ҳолда содир этилган жиноятга нима сабаб бўлгани, унга ким, қандай ижтимоий муҳит таъсирида яшаётган шахслар қўл ураётганини аниқлашган, муаммоларга ечим топишаётгани тўғрисида тайинли гап айтишган бўлишарди.

— Ҳудудимиз жиноятчилик кўп қайд этилган маҳаллалардан эканини инкор этиб бўлмайди, — дейди ҳудуд профилактика инспектори Давронбек Худойберганов. — Бизда, асосан, ўғрилик ва майда безорилик кўпроқ содир этилмоқда. 4 та ўғрилик ҳолатини ўзимиз фош этдик. Жиноятга қўл урганларнинг биронтаси ҳам ҳудудимизда яшамас экан. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳудудда айрим жиноят турлари, хусусан, фирибгарлик, гиёҳвандлик ва бош­қа турдаги жиноятлар кўрсаткичлари камайган. Маҳалла фаоллари билан осойишталик учун қатъий ҳаракатга киришдик. Маҳаллага ким кириб, ким чиққанигача назоратга олишга интил­япмиз.

Халқимизда: «Ўз уйингни ўзинг асра!», деган нақл бор. Бугун «биз айбдор эмасмиз», «бизда ҳаммаси жойида» қабилида хотиржам ўтирадиган давр эмас. Ахир, жиноят қилган одам ўзга маҳаллада яшаса-да, барчамиз бир жамият аъзосимиз. Жамият ривожига тўсқинлик қилаётган иллатларга бефарқ қарашга эса ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Манба: Нилуфар Юнусова / Кўришлар: 25

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech