Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ажрим кузатилмади, аммо...
8 Nov 2018

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги «Шодлик» маҳалласида 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш, касб-ҳунар ўрганиши учун зарур шароит яратиш, энг муҳими, оилаларда тинчлик ва барқарорликни сақлаш фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисининг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Буни ҳис этган Маърифат Қулматова айни йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этишга, сидқидилдан ёндашади.

Мутахассиснинг ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиши натижасида Гуласал ва Бахтиёр Тошматовлар (исм-шарифи ўзгартирилди) 4 йилдан буён алоҳида яшаб келаётгани маълум бўлди. Уларнинг ўғли коллежнинг 3-босқич, қизи эса мактабнинг 7-синф ўқувчиси. Эр-хотиннинг аразлашиб юрганига қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар ҳам гўё кўникиб кетган. Аммо бу ҳолат М.Қулматовани ташвишга солди.

Шундан сўнг у маҳалла раиси Раҳмон Элибоев ва йиғин фаоллари билан бирга орасидан гап қочган эр-хотинни алоҳида суҳбатга тортди. Оила муқаддаслиги, айро юришлари вояга етаётган ўғил-қизлар тарбиясига жиддий таъсир қилаётганини тушунтиришди. Фаолларнинг саъй-­ҳаракати бесамар кетмади. Натижада Тошматовлар яна бир дастурхон бошида жамулжам бўлишди.

— Оила — ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак авлод тақдирига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи, — дейди йиғин раиси Раҳмон Элибоев. — Чунки ҳар бир фарзанд асосий тарбияни ота-онадан олади. Меҳр-оқибат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, одамийлик каби олижаноб фазилатлар ёшлар онгида оила орқали шаклланади. Айни пайтгача Яраштириш комиссиясига 19 та ёзма, 6 та оғзаки мурожаат келиб тушди. Аризалар ўрганилиб, муаммоларнинг барчаси шу ернинг ўзида ижобий ечим топди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Зарбдор туманидаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 12 тасида оилавий ажримларга йўл қўйилмади. Қолганларидаги вазият эса мақтагулик эмас. Хусусан, тумандаги Ойбек номли маҳаллада йилнинг ўтган даврида оилавий ажримлар сони 4 тани, «Тинчлик» ва «Рават» маҳаллаларида эса 3 тани ташкил этди. Хўш, нима сабабдан бу маҳаллаларда оилавий ажримлар кундан-кунга ортиб бормоқда? Аслида битта оилага дарз кетиши — жамият ривожи учун салбий таъсир қилмайдими?

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, юқорида номлари қайд этилган йиғинларда маънавий муҳит барқарорлигига эришишда бироз оқсоқлик бор. Йўқса, аҳолининг бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мус­таҳкамлаш ишларида муайян натижалар кўзга ташланарди.

— Йиғинимизда 616 та хонадон бўлиб, уларда 1 минг 800 нафар хотин-қиз истиқомат қилади, — дейди «Рават» маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ўрозхон Тиловбекова. — Жорий йилнинг ўтган даври давомида йиғинга бешта оилавий ажрим бўйича мурожаат келиб тушди. Аризаларни ўрганиш жараёнида эр-хотинлар арзимас сабабларга кўра, ажрашишга қарор қилишгани ойдинлашди. Йиғин фаоллари ва Яраштириш комиссияси аъзоларининг саъй-ҳаракати билан 2 та оила яраштирилди. Бироқ қолган 3 та оиланинг ўртасига тушган совуқчиликни бутунлай олиб ташлаб бўлмади.

Оилавий ажримларга барҳам бериш, нотинч, ноқобил оилалар билан олиб борилаётган ишлар хусусида сўраганимизда йиғин мутасаддиларидан тайинли жавоб бўлмади.

Демак, маҳалла фаоллари ўзларига билдирилган ишончни адо этишга масъулият билан ёндашмаяпти.

Манба: Бекпўлат Тоғаев / Кўришлар: 23

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech