Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
“Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!”..
8 Aug 2018

Ҳар гал тўйлар ҳақида гап кетганда, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ёдимга тушади. Тўй — инсон учун бахт онлари, саодат лаҳзалари. Халқимиз фарзанд камоли, унинг бахти ҳақида ўйлаганда, дастлаб хаёлига келадиган манзара – чиройли тўй қилиш, элнинг олдидан ўтиш.

Халқимиз мукаммал бахтни, саодатли турмушни фарзанд камоли, уларнинг ёруғ келажагида кўради. Шу боис фарзанди учун чиройли тўй қилиш ва элнинг олдидан ўтишни орзу қилиб яшайди.

Аммо бугунги кунда айрим оилаларда тўйни дабдаба, исрофгарчилик билан кимўзарга ўтказиш ҳоллари, тўйлардаги ортиқча урф-одатларнинг кўпайиб бораётгани кишини жиддий ташвишга солади. 

Оилавий ажрим ҳолатлари таҳлил этилганда, кўрсаткичларнинг салмоқли қисми айнан тўйлар, тўйдаги сарполар, мебель можаролари туфайли юзага келмоқда.

Фарзанд ҳаммамиз учун азиз, унинг камолини, гўзал бахтини кўрмакдан ортиқ саодат йўқ инсон учун. Аммо биз қилаётган ортиқча дабдабалар, кимўзар ҳашамдор маросимлару, мантиқсиз, кераксиз “борди-келдилар” фарзандимиз учун бахт мезони бўла олмаслигини қачон англаб етамиз?!

Бугун мамлакатимизда оилалар фаровонлигини янада ошириш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги кескин тафовутни бартараф этиш борасида кенг кўламли, комплекс характердаги мақсадли ва манзилли ишлар олиб борилаётган бир даврда тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар  барчани ташвишга солмоқда.

Маълумки, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлар халқимиз ҳаётининг ажралмас қисми. Кейинги пайтларда мазкур тадбирлар, айниқса, тўй расм-русумларида номақбул, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган одатлар кўпайиб, никоҳнинг муқаддаслигини англаш, янги қурилаётган оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қуда-андалар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ўрнига “кимўзар” дабдабабозликка берилиш, молу дунёга, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш ҳолатлари авж олмоқда.

Айниқса, никоҳ тўйларига турли тадбирларнинг қўшилиб бораётгани, маҳаллалардаги қўни-қўшнилар орасида қаттиқ норозилик юзага келиши билан бирга, оилалар ўртасида табақаланишга, энг ёмони, фарзандлар тарбияси ҳамда соғлом оилавий муносабатларга салбий таъсир ўтказмоқда. Аслида тўй – ота-оналарнинг оила қураётган фарзандларини бахтли,  тинч-тотув, аҳил турмуш кечиришига эришиш, авлодлар бардавомлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ифодаси бўлиши керак.

Тўй ва маросимлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатлар,  қудалар ўртасида ҳашаматли “борди-келди”ларнинг авж олаётгани турли салбий ҳолатлар, ҳатто оилавий ажримларни келтириб чиқармоқдаки, мазкур тадбирларни тартибга солиш бугунги кунда жамиятимиз учун ўта долзарб масала бўлиб турибди.

“Сўнгги йилларда оддийгина фотиҳа маросимида ҳам дабдабабозликка берилиш ҳоллари кучайди. Ҳатто қиз томон розилигини ифодаловчи “оқ ўрар” маросими ҳам кичик тўйдек ўтказилмоқда. Келин-куёвга 16-20 жуфт сарполар, келин томондан 18-20 та тоғоралар юборилаяпти. Шунингдек, бу юборилаётган тоғораларни фақат дастурхонга ўраб эмас, балки турли фирмалар томонидан тақдим этилаётган катта маблағ талаб этадиган махсус сарпо қутиларига солиш, махсус сарпо ташувчи автотранспортларда келинни уйига олиб бориш урфга кирди. Автомашина нархи масофага қараб белгиланмоқда. Куёв томонидан келган ҳар бир эркак қариндошига зар чопонлар кийгизиш, аёллар келган бўлса, сарпо ва тугунлар қилиш оддий ҳолга айланган. Кейинги вақтларда куёв томондан келган аёлларга тугун ўрнига қимматбаҳо буюмлар (сервислар, тилла буюмлар) тақдим этиш ҳам анъанага айланиб бормоқда, дейди Самарқанд вилояти “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи фуқаро Гулнора Пошшохўжаева.

- “Фотиҳа туйи” ва “Унаштирув маросими”ни бирлаштириб, камтарона, ўзаро келишилган ҳолда, ортиқча чиқимларга йул қўймасдан ўтказиш керак. Совчиларнинг борди-келди тоғора йўқловларини 4 тадан оширмасликни тавсия қилиш кераклиги ҳақидаги фикрлар менга жуда маъқул бўлди. Унаштириш маросимида 2-4 та одам қиз томондан, 2-4 та одам куёв томондан ташриф буюриб, тўйни ихчам ўтказишни маслаҳатлашиб олиши лозим. Халқимиз урф- одатига кўра, нон ушатилиб, ёшлар унаштирилади. Тўй куни белгиланиб, уни ихчам ва тартибли ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам келишиб олинади. Хурсанд бўлдим, чунки 2 та қизим, 1 нафар ўғлим бор, уларнинг тўйида ҳам шунақа сарф-харажатлар бўлиши мумкинлигини эсласам, қўрқиб кетаман. Бундан ташқари, қиз болага бериладиган “қалин” миқдори белгиланмаганлиги сабабли, “ким ўзар” тарзида ошиб бормоқда. Моддий жиҳатдан ўзига тўқ кишилар томонидан 1000-2000$ қилиб қалин пули берилаётгани оддий фуқароларнинг қуда-андачилиги орасидаги ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Куёв тарафдан берилган қалин пулининг миқдори келин тарафни қаноатлантирмаса, тўй бошланмасидан қудалар ўртасида турли жанжаллар бўлиб, тўй бузилишигача олиб келмоқда”.

Бу каби иллатлар барча ҳудудларда мавжад. “Тўйлардаги ортиқча дабдабалар оилавий ажримларга олиб келяпти. Қиз базмларни ихчам, ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш, шу маросимга сарфланадиган маблағга ёш оила учун энг зарур нарсаларни харид қилиш кераклиги ҳақидаги тавсияларни аҳоли онгига чуқур сингдиришимиз керак, -дейди Қанликўл тумани, “Олтинкўл” ШФЙ раиси Узақберген Айтимбетов. Шунингдек, марҳумлар хотираси учун ўтказиладиган маъракаларда 52,100 кун, мол, қўй сўйиш ҳолатлари ҳам халқда табақаланишга олиб келяпти. Мен ҳам худди фикрдаман, биз оилани хонавайрон қилишгача олиб борадиган бундай ахмоқона сарф-харажатлардан халқни қайтаришимиз, уларга бу ишнинг нотўғри, увол эканини мунтазам тушунтириб боришимиз керак”.

“Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг юзага келишига дабдаба билан ўтказилаётган тўйлар ҳам сабаб бўлмоқда. Сирдарёда биргина фотиҳа тўйининг ўзига куёв хонадонидан 200 та нон, 1 та қўй, 10 тоғора пишириқ, 200 кишилик ош масаллиғи, мевалар, сарполар келтирилади, куёв томондан тоға, амма, амакилардан иборат 70-80 кишидан иборат қудалар ташриф буюради. Келинга 10 хил патнисда пардоз буюмлари, торт, мевалар, ичимликлаж.р, тилла тақинчоқ, момиқ ўйинчоқлар, келин тақинчоқлари ва қиз дугонларининг ҳар бирига атир-упалар олиб борилади. Аслида куёв хонадонидан 5-4 киши мазкур тўй сарполарини олиб боришни йўлга қўйиш, келин ва куёв учун қилинадиган сарполар миқдорини ҳам камайтириш, тўйга айтиладиган меҳмонлар сонини қисқартириш ҳақида аҳоли орасида тушунтирш ишларини олиб боряпмиз, дейди Маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сирдарё вилоят кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Сайёра Ўдаева, -шунингдек, ҳозирда қиз сепидан керак бўлмаган буюмлар, кийим-кечак, асбоб-анжом, мебель ва бошқа сарпо-суруғ, кўрпа-тўшаклар ўрин эгаллаган. Айтиш лозимки, баъзи “хўжакўрсин”га қизга сеп қилувчиларнинг салбий таъсирлари оддий меҳнаткаш кишиларнинг “қизимга сеп қиламан” деб катта қарзга ботишларига, шунингдек, баъзи қайноналар қиз тарафдан қимматбаҳо мебель, парда ва гиламлар талаб қилиши, қиз узатаётган оилаларни қийин моддий, маънавий ва руҳий ҳолатига сабаб бўлмоқда.

Оддий оилалардаги узатилаётган қизлар бой-бадавлат оилалардаги тенгдошларига ота-онаси томонидан қилинаётган сепни кўриб, руҳан эзилиш, тушкунлик ҳолатлари келиб чиқмоқда. Айрим қизлар томонидан эса ота-онасига қимматбаҳо мебель, тақинчоқларни қатъий талаб қилиш ҳоллари учрамоқда. Бу каби ҳолатлар ҳам кенг жамоатчилик вакиллари томонидан танқид қилиниб, уларни баратараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди. Иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган яна бир муҳим масала шу бўлдики, ҳозирги кунда баъзан куёв томондан мебель ва бошқа анжомлар билан тўлдириши учун келинга 5-6 та хона ажратиб берилмоқда. Келин томонидан эса бу хоналарни мебель жиҳозлари билан тўлдириш учун 30-50 млнлик харажат талаб этилади.

Дарҳақиқат, тўй-ҳашамларга сарфланаётган ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда, не-не эзгу ниятлар билан қурилган оилалар дарз кетмоқда. Бугун кўп учраётган оилавий можаролар, қўйди-чиқдилар, қудалар ўртасидаги совуқчилик, ажримлар, иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолиш сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Бугун қизларимиз куёв уйига беҳисоб сарпо, қимматбаҳо мебеллар билан кириб бормоқда, элдан кам қилинган ҳолатларда бечора келин, унинг ота-онаси мулзам бўлиб, оилага, томонлар муносабатларига совуқчилик тушмоқда.

 Ҳар бир инсон жамиятда яшайди, шундай экан, жамият қоидалари билан, жамоатчилик билан ҳисоблашмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Кейинги йилларда тўйларимизда келин-куёвнинг унаштирилгандан то тўй кунигача бўлган муддатда нималар билан шуғуллангани, бир-бирига нималар совға қилганию, қаерларда сирли суҳбатлашгани, ҳали никоҳ ўқилмасидан хориж сафарларида бирга юргани ва ҳоказолар тўйга ташриф буюрган барча меҳмонларга намойиш этиладиган, меҳмонлар эса бу сюжетни кўз узмай томоша қиладиган одат пайдо бўлди. Дастлаб ўзини англаган кишиларнинг ғашига теккан бу иллатга энди кўзимиз ўрганди, нафақат кўзимиз ўрганди, балки тўйларда бу жараённи кутадиган, гўё ушбу ахмоқона сюжет намойиши бўлмаса, тўйнинг бир чети кемтикдек туюла бошлади...

Тўй сўнггида келин орқа ўгириб, гул отадиган, бир хил кийиниб олган дугоналари эса шовқин-сурон билан ушбу отилган гулни олишга интиладиган, шу йўл билан ўзининг ёхуд дугонасининг тез-орада “бахти очилишини” аниқлаб оладиган бўлди... Қизларимиз бу хатти-ҳаракати билан “мен эрга тегишни истайман, тезроқ бахтим очилсин”, дея ҳайқираётгандек, ҳар қандай миллий маънавиятнинг, андишанинг юзига тупураётгандек гўё...

Ўйлаб қоласан киши  - уйига совчи келганини билган қизнинг отаси ёки акалари кўзига кўринишдан уялиб, қочиб юрган, келган совчиларга, турмушга чиқиши ҳақида фикри сўралганда, дув қизариб ерга қараш гўзал фазилати бўлган қизларимиздаги ҳаё пардасини биз – ота-оналар тортиб олмаяпмизми, биз ўзимиз қизларимизнинг бемаъни урфлар, “оммавий маданият” унсурларига бўлган иштиёқини рағбатлантириб,  уларни сурбетликка, андишасизлик, ҳаёсизликка даъват этмаяпмизми?! 

Шу тахлит қизларимизнинг бачкана, беҳаё қилиқларига ҳавас билан қарар, уларни рағбатлантирар эканмиз, эртага келин бўлиб борган хонадонидаги арзимас, кундалик икир-чикирлардан катта иллат ясаб, шовқин-сурон кўтармаслигига,  “ҳуқуқлари поймол этилган, имкониятлари чекланган аламзада” либосини кийиб, ажралиш ҳаракатига тушиб қолмаслигига кафолатимиз борми?!

Фарзанд ҳаммамиз учун азиз, унинг камолини, гўзал бахтини кўрмакдан ортиқ саодат йўқ инсон учун. Аммо биз қилаётган ортиқча дабдабалар, кимўзар ҳашамдор маросимлару, мантиқсиз, кераксиз “борди-келдилар” фарзандимиз учун бахт мезони бўла олмаслигини қачон англаб етамиз?!

Қимматбаҳо мебел, оз фурсат ўтмай, урфдан қоладиган сарполар, ҳавога сувурилган пуллар билан фарзандимизга эҳтимол вақтинчалик, омонат  тахт қуриб берармиз, аммо бу бемаъни орзу-ҳавасларимиз фарзандларимизни бахти яшашларига кафолат бўла олмайди. Аксинча, айни шу молпарастликларимиз, ўзимизни ўзгаларга кўрсатиб қўйишга уринишларимиз билан фарзандларимиз бахтига соя соляпмиз, катта сеп билан куёв эшигига борган қизимиз кўнглига  калондимоғлик, олиб борган мол-дунёсидан сармастлик, куёв ва унинг хонадонини менсимаслик уруғларини қадаяпмиз, тўйдан кейинги можароларга ўзимиз сабаб бўляпмиз... Айрим оилалардаги ўзаро тушунмовчиликлар, арзимас икир-чикирлардан бошланиб,  охири ажрим билан тугаб, норасида гўдаклар пешонасига “тирик етим” тамғасини тушираётган катта жанжалли низоларга ҳам ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлишаётгани ўта ташвишланарли ҳол...

Тўйхонага “ёр уйига келин пошшо ибо билан келибди”, деган ҳузурбахш, энтиктирувчи, миллийликка йўғрилган оҳанглар билан кириб келган келинчакнинг бир оздан сўнг юзини, елкалари очиқ либосда, таниш-нотаниш, маст-аласт кишиларнинг ҳаёсиз термилишлари остида куёв билан вальсга тушиб кетиши, катта мониторда икки ёшнинг “севги тарихи” намойиши андиша, ҳаё, қадр-қиммат, шаън каби маънавий фазилатларга, миллий қадриятларга жиддий путур етказмоқда, янгидан-янги бемаъни одатлар миллий анъаналаримиз илдизига болта урмоқда.

Бир хил либосдаги  “келин навкарлар” нинг қилиқлари эса ҳеч бир замонавийлик, ҳеч бир маданият қолипига сиғмайди, бу маънавиятсизлик томошасидан одоб-ахлоқимиз, миллий қадриятларимизнинг оҳори тўкиляпти, маънавият, миллийликнинг юзи ерга қараяпти...

Бу иллатлар, “оммавий маданият”нинг миллийлигимиз, миллий анъаналаримиз, гўзал шарқона тарбиямиз ҳудудларини ишғол этиб олишига ота-оналар лоқайд қараб турар, фарзандларнинг одоб-ахлоққа “оломонча либос” кийдиришларини молиялаштириб, маънавиятсизлик, андишасизлик иллатларини авж олишига имкон яратаётганини хаёлимдан ўтказар эканман, бутун вужудимни “наҳот миллий анъаналаримизни обрўсизлантираётган бу каби иллатларга бирор чора йўқ бўлса, ёпирилиб келаётган маънавиятсизлик бўронларига дош берувчи кучни қаердан топиш мумкин, деган қўрқув эгаллайди...

Оний лаҳзаларда тафаккуримизда бир илинж, нажот “қад кўтаради”,  бу нажотни фарзандларимиздан кутамиз, улардан  умид қиламиз... Ўзи, сўзи, қалби, одоби, ахлоқий қиёфаси  гўзал бўлган, маънавиятни, яхши инсоний фазилатларни ўзида жо этган қизларимизнинг  орзу-ҳавас қулига айланмасликларидан умидвормиз... Кези келганда, уларнинг ота-оналарини  “мантиқсиз орзу-ҳаваслар”дан қайтара олишига, ўз ақли, салоҳияти билан катталарга бахт бойликда, ҳашамдор тўйларда эмаслигини тушунтира олишларига ишонамиз.

Тўйларни носоғлом орзу-ҳаваслар, ортиқча дабдабабозликлардан холи ўтказиш бўйича бугун ҳамма қайғурадиган вақт етди.

Келажак пойдевори бўлмиш йигитларни Алпомиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур каби, қизларимизни Тўмарис, Нодирабегим, Зулфияхоним каби миллат ғурурига айланган буюк  сиймоларнинг муносиб давомчилари сифатида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз асосида камол топтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бу борада онанинг маърифати, онанинг ўрни алоҳида.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвнинг “Қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир”, деган эътирофи миллат давомчилари бўлмиш қизларимизни оилага, жамиятга, давлатга муносиб инсонлар қилиб тарбиялашда ҳар бир инсон масъул эканлигини англатади.

Ҳа, қизларимиз миллий қадрият ва ўлмас анъаналаримизни  кўз қорачиғидай асраб-авайлаш йўлида муносиб маънавият посбонлари бўла олишидан, уларнинг гўзал хулқ-атвор ва тарбия, одоб-ахлоқ, шарқона маданият, доимий ҳушёрлик ва масъулият билан, бир сўз билан айтганда, юксак маънавиятимиз ила “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкуравий таҳдид ва хуружларга,  ёт ва вайронкор иллатларга қарши мустаҳкам маънавий қалқон бўлиб хизмат қилишидан умидвормиз...

Фарзандларимиз миллат виқорини, миллий анъаналаримизни сиқиб чиқаришга уринаётган, маънавиятимизни, миллатимизни ошкора  обрўсизлантираётган бундай ғарбона, ғайриахлоқий иллатларга қарши тура олиши учун, аввало, уларни маънавий фазилатлар билан қуроллантиришимиз, гўзал шароқона тарбиямиз билан уларга тоза фитрат бағишлашимиз лозим. Бунга эса миллат тарбиячилари сифатида биз – оналар масъулмиз, зеро, ҳукамолардан бири  таъкидлаганидек, «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг  тинч ва роҳати қизларнинг  яхши тарбиясига боғлидур».

Асл бахтни фарзанд камоли, унинг саодатида деб билган мўтабар онажонларимизга мурожаат қилиб, “Сиз ўтказган ҳашамдор, дабдабали, “маҳаллада дув-дув гап” бўлган тўйнинг салбий таъсири туфайли, шундай тўйни орзу қилган фарзандининг сазасини синдирмаслик учун кимлардир чет элларда сарсон юргани, кимлардир катта қарзга ботаётгани, оилалар ажралиб, болалар етим қолаётганини ҳеч ўйлаб кўрдингизми?!

Дабдабали тўй ўтказишга, қизингизни куёв хонадонига беҳисоб мол-мулк билан кузатишга мажбур қилишингиз туфайли оилангиз устуни ҳисобланган умр йўлдошингизнинг бемаврид касал бўлиши, ташвишлардан толиқиб кетишига сабаб бўлманг”, дегинг келади.

Тўйлар ва бошқа маросимларимизда носоғлом орзу-ҳавас, ортиқча ҳашамга берилиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, ўзаро мусобақага киришиш ҳолатларига батамом чек қўйиш вақти етди! Уларга сарфланаётган миллион-миллион сўмларни маърифат, маънавият йўлига, юрт фаровонлигига сарфлайлик!

Никоҳдек муқаддас риштанинг боғланиши, оила аталмиш ҳаловат қўрғонининг барпо этилиши айнан тўй орқали амалга оширилар экан, бу тадбир икки ёш учун фақат ва фақат бахт ҳамда саодат манзилига калит бўлиб хизмат қилсин! 

Манба: Саодат Боймирзаева / Кўришлар: 661

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech