Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Сайлов якунига оз фурсат қолди. Дастлабки натижалар нимадан дарак?
23 May 2019

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови муқобиллик ва тенглик каби демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилаётгани кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Ўзгаришлар нималарда акс этаётир?

Фуқаролар ўз тақдирини ўзи яшайдиган маҳалла билан боғлаб, ушбу тузилманинг бугуни ва эртасига юксак ишонч билдирмоқда. Сайловчилар ҳам номзодлар дастурлари билан яқиндан танишиб, ташкилотчилик қобилияти, фидойилиги, ҳаётий тажрибаси ва аҳолининг ҳурмат ва ишончига сазовор бўлган номзодга овоз беришмоқда. Қувонарлиси, ушбу муҳим сиёсий жараён қизғин, байрамона руҳда ўтмоқда.

Бу йилги сайловда бир қатор янгилик ва ўзгаришлар бўлиб, у Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинган янги таҳрирдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунда алоҳида қайд этилган. Мазкур қонун бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, унинг фаолият мезонларини белгилаб беради. Шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини қонуний, ошкора, холисона ва муқобиллик асосида ташкил этиш ва ўтказиш ҳам айнан ушбу қонун асосида тартибга солинади.

– Шу боис бу йилги сайловга дастлаб оқсоқоллар сайловини очиқ-ошкора, шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида ҳукумат даражасида аниқ вазифалар белгилаб олинди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташкилий-услубий бўлим бошлиғи Элмурод Қаршиев. – Еттита минтақавий Ишчи гуруҳи тузилиб, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг аъзолари ҳудудларга амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилди. Натижада сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи 214 та ҳудудий комиссия ҳамда 9093 та фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлар тузилиб, сайловни юксак даражада ўтказиш учун муайян ишлар амалга оширилди. Фуқаролар йиғинларида янги таҳрирдаги «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқол) сайлови тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтиришга қаратилган 26 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Республика комиссияси ташаббуси билан мамлакат бўйича 11 минг нафардан зиёд сайлов ташкилотчилари учун минтақавий семинар-тренинглар ташкил этилди. Маҳаллалар кесимида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 21 миллионга яқин фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Фуқаролар йиғинлари раислари лавозимларига тавсия этилган номзодларни саралаб олишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳлари март-апрель ойлари давомида туман(шаҳар) сектор раҳбарлари, ҳудудий сайловга кўмаклашувчи комиссиялар билан биргаликда фуқаролар йиғинлари ишчи гуруҳлари томонидан кўрсатилган 38 минг 137 нафар номзод билан суҳбатлар ўтказиб, 24 минг 653 нафарига ижобий тавсиялар берди.

Жорий йилнинг 21 май куни ҳолатига кўра, сайловлар 9 066 та фуқаролар йиғинларида 22 204 нафар тавсия этилган номзодлар ва 2 046 124 нафар фуқаролар вакиллари иштирокида ўтказилди. Ушбу сайловларда 9 066 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланди (битта маҳаллага ўртача 2,4 нафардан номзод).

Сайланган раисларнинг 5 066 нафари (55,9%) биринчи маротаба сайланган. Улардан 1019 нафари аёллар, 164 нафари маҳаллий кенгашлар депутатларини ташкил этди.

Яна бир гап. «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунга кўра, бу йилдан бошлаб сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси шуғулланмоқда. Унинг таркибига парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенат ­аъзолари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилди.

Кўмаклашувчи комиссиялар тузилди

Сайловнинг қай тарзда ўтиши, аввало, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар ва кўмаклашувчи комиссиялар фаолиятига, вакиллар жонбозлигига ҳамда номзодларнинг қандай саралаб олинишига боғлиқ. Шу боис «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонунига кўра, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилди. Мазкур комиссиялар сайловни ташкил этувчи, унинг ўтказилишини назорат қилувчи ва якуний натижаларни чиқарувчи орган ҳисобланади. Кўмаклашувчи комиссия – комиссия аъзоларини маҳаллаларга бириктириш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини фуқаролар йиғини йиғилиши шаклида ёки фуқароларнинг вакиллари йиғилиши шаклида ўтказишни кўриб чиқиш, сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизи миқдорида фуқаролар йиғинлари кесимида вакиллик нормасини белгилаш, ишчи гуруҳларни тузиш бўйича фуқаролар йиғини(фуқаролар вакилларининг йиғилиши)ни ўтказиш жадвалини тасдиқлаш, ишчи гуруҳлардан фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни қабул қилиб олиш муддати ва тартибини белгилаш каби масалаларни кўриб чиқди.

Ишчи гуруҳлари қандай вазифани бажаришмоқда?

Бу йил фуқаролар йиғинида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга оширувчи ишчи гуруҳи ҳам такомиллаштирилди. Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан тузилган 7-15 кишидан иборат ишчи гуруҳ таркибига тегишли ҳудудда жойлашган фуқаролар йиғинлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилди. Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини жамоа фикрини ўрганиш, ҳар бир хонадонга кириб бориш орқали маҳаллаларда аҳолини кўпроқ ташвишлантираётган масалаларни аниқлаш натижасида шакллантирди. Номзодлар бўйича таклифларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тайёрлашди. Сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар йиғин биноси ва гузарларга, шунингдек, аҳоли гавжум бўлган жойларга осиб қўйилиши, сайловга уч кун қолганда эса сайланган вакилларга таклифномалар юборилиши ҳам ишчи гуруҳи аъзолари томонидан амалга оширилди.

Вакиллар қайси мезонлар асосида шакллантирилди?

Сир эмас, олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди, холос. Бу йилги сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Шу боис вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиқиб шакллантирилди.

Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши керак. Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.

Ўз навбатида, фуқаролар вакилларига ҳам талаблар ўрнатилди. Унга кўра, ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишди. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Албатта, бу тизимнинг йўлга қўйилгани сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминламоқда.

Яна қандай янгиликлар кузатилди?

Янги таҳрирдаги қонун билан фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли)нинг ваколат муддати уч йил қилиб белгиланди. Эндиликда йиғин раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойи бўлиши, йиғин аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинмоқда.

Шунингдек, олдинги тартибга кўра, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари бир вақтда сайланарди. Бу жараён сайлов ўтказишда кўплаб қийинчиликларни юзага келтирарди. Шу нуқтаи назардан, эндиликда янги қонунга кўра, биринчи фуқаролар йиғини раиси сайловини, сайловдан кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилди. 

Фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборотлар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилгани ҳам сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 425

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech