Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Сайлов демократик талаблар асосида ўтди...(ми?)
24 May 2019

Бир неча янгиликларни олиб келган ушбу жараён бошланишидан олдин анчагина хавотир, «қандай бўларкин» деган ҳадиклар кўнглимиздан кечгани рост. Негаки, ҳар бир янгиликни то унга тўлиқ мослашиб олинмагунга қадар жорий этиш анчайин қийин кечади.

– Жорий йилги сайловларнинг энг катта янгилиги вакиллар нормасининг муайян ҳудуддаги сайловга лаёқатли фуқароларнинг камида 12 фоизи миқдорида этиб белгиланиши бўлди, – дейди Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Бухоро вилояти комиссияси раиси Фармон Аминов. – Албатта, янги жамиятни эски стандартлар, эски қоидалар ва қолиплар билан қуриб бўлмайди. Шу жиҳатдан жамият бошқарувининг асосий бўғини сифатида кўз тикилган маҳаллани ҳам тубдан ўзгартириш, айниқса, маҳалла раислари сайловини чуқурроқ ислоҳ қилиш талаб этилар эди. Шу мақсадда сайловда иштирок этувчи вакиллар нормасининг ҳудудда истиқомат қилувчи сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 12 фоизидан кам миқдорида этиб белгиланганлиги сайловларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Масалан, бир қишлоқда 300 нафар аҳоли истиқомат қилса, бу ҳудуддан камида 40 нафар кишини вакил сифатида сайлаш керак. Табиийки, илгари 5-6 чоғли киши чақирилган ҳудуддан энди қирқ кишини ими-жимида чақириш имконсиз. Шу боис бунда вакилларни танлаш эмас, сайлаш тақозо этилди.

Яна бир жиҳат, сайловларнинг ёпиқ овоз бериш йўли билан ўтказилиши ҳам аҳолининг ўз қалбидаги хоҳиш-иродасини аниқ акс эттиришга хизмат қилди. Илгари вақтни тежаш, турли техник жараёнлар (кабина, сайлов қутиси ўрнатиш, бюллетенлар тайёрлаш ва ҳоказо)ни ташкил этишга эриниб, очиқ овоз бериш орқали, яъни қўл кўтариб номзодлар сайланарди. Бунда нима бўлади? Маҳалла кичик жой. Ҳамма бир-бирини танийди. Агар бирор номзодни ёқламаса, эртага кўз-кўзга тушганда ёзғириши мумкин. Натижада алифбо тартибида биринчи ўринда турган номзодга унинг лаёқат-лаёқатсизлигидан қатъи назар барча вакиллар қўл кўтариб овоз берар, кейинги номзодларга эса автоматик равишда овоз қолмас эди.

Эндиликда фуқаролар ёпиқ овоз бериш тартибида кабинада ҳеч кимнинг кузатувисиз ўзлари маъқул деб билган номзод қаршисига белги қўйишди. Бу эса ўз навбатида раисликка муносиб номзодлар сайланишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Албатта, ҳар бир янгилик самарадорлиги натижа билан баҳоланади. Илгари сайловларнинг адолатсиз ўтказилганлиги тўғрисида жуда кўплаб шикоятлар бўларди. Айрим жойларда сайловларни қайта ўтказишга ҳам тўғри келарди. Бу йилги сайловларда ҳам 14 та мурожаат келиб тушди. Аммо буларнинг барчаси тушунмовчилик оқибати бўлиб, сайлов қонунчилиги хусусида тушунтириш берганимиздан сўнг фуқаролар барчасини англаб етишди. Муҳими, вилоятда бирорта сайлов ноқонуний деб топилмади ҳамда қайта ўтказишга эҳтиёж сезилмади.

Манба: Мahalladosh.uz / Кўришлар: 465

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech