Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Фуқаролар йиғинлари раисларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди.
22 May 2019

Мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида жамиятимизнинг миллий бошқарув идораси бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Натижада маҳаллалар фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. 


Дунёда ўхшаши йўқ ноёб тузилма — маҳалла алоҳида институт сифатида шаклланди, аҳолига энг яқин халқчил тузилмага айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу йўлда ғоят муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.
Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришда муҳим тарихий қадам бўлди. 


Ушбу ҳужжат фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилаб берди. 


Фуқаролар йиғинилари раислари ижтимоий-сиёсий билимини, раҳбарлик кўникма ва малакаларини ошириш мақсадида Давлат бошқаруви академиясида 2 кунлик “Дарсларни ташкил этиш ва самарали ўтказиш услублари” мавзусида минтақавий ўқувларда дарс ўтадиган ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди. Унга кўра, ўқувларда ҳудудий профессор-ўқитувчилар ва амалиётчилар (151 нафар) ҳамда ҳудудий ҳокимликлар ҳузуридаги ўқув курси директори (28 нафар) ва бўлим бошлиқларидан иборат таркибда жами 179 нафар тингловчилар иштирок этди. 


Бундан ташқари, семинарда профессор-ўқитувчилар, мутахассис-амалиётчилар ва масъул ходимлар 7 та гуруҳга бўлинган ҳолда малакасини оширди. 16 соатга мўлжалланган “Замонавий бошқарув методлари”, “Маҳалла институтини бошқариш ва уни янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари”, “Маҳалла раисларининг малакасини ошириш бўйича тайёрланган ўқув режа ва дастурларнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Замонавий тренинг технологиялари” каби мавзуларда маъруза, суҳбат, семинар-тренинг ва савол-жавоб дарслари ўтказилди. 


Шунингдек, тадбир сўнгида, ўқув-семинар иштирокчилари икки ҳафталик минтақавий ўқувларда фойдаланишлари учун маъруза тезислари, услубий қўлланмалар ҳамда видео дарсларнинг намуналари билан таъминланди. 


Муҳтарам юртбошимиз “Маҳалла – жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак”, деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас.
Шу боис, ташкил этилган ушбу ўқувларда ўқитувчилар томонидан зарур билим ва кўникмаларнинг тўлиқ эгалланиши ҳамда уларни маҳалла раисларига етказа олиши Давлат Раҳбари томонидан маҳалла институти олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаришга хизмат қилади.

Манба: Республика маҳаллалар кенгаши Ахборот хизмати / Кўришлар: 1115
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech