Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
14 сентябр 2018 й. - 28 сентябр 2018 й.

«Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция

КОНЦЕПЦИЯСИ

(27-28 сентябрь 2018йил, Тошкент шаҳри)

I.Оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар тарбиясидаги амалий аҳамиятини ошириш, болаларни соғлом муҳитда вояга етиши учун шароит яратиш дунё ҳамжамияти, жумладан МДҲ мамлакатларининг доимий эътиборидаги масаладир.

Сочи шаҳрида 2017 й.да бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Кенгаш томонидан Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнот қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур мажлисдаги чиқишида Ўзбекистонда 2018 йилда "Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли" мавзуида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурди.

Маҳалла қадимдан Ўзбекистонда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш тизимининг ўзига хос институти, аҳолига энг яқин тузилма саналади. Мамлакатдаги мавжуд 9 мингдан ортиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамият ва давлат ўртасидаги алоқаларни ўрнатишда, оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ҳамда ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз томонидан яратилган шароитлар маҳалла фуқаролар йиғинлари, ”Оила”илмий-амалий тадқиқот маркази, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа масъул органлар ҳамда муассасаларга ҳамкорликда аҳоли, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммоларини амалда ҳал этиш ва оилаларни мустаҳкамлаш имконини беряпти.

Конференциянинг ўтказилиши халқаро ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доираларнинг оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбияси борасида Ўзбекистон тажрибаси бўйича хабардорлигини оширади, мазкур соҳанинг долзарб муаммолари бўйича фикр алмашиш, уларни ҳал қилишнинг самарали ва таъсирчан йўлларини топиш, халқаро ва чет эл ташкилотлари, илмий-тадқиот муассасалари билан аниқ истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқиш имконини беради.   II. Конференциянинг асосий мақсад ва вазифалари:

– тарихий-маданий анъаналар, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, фарзанд тарбияси ва оилада қулай муҳитни сақлашда маҳалланинг ролини ёритиш;

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ривожланиши ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ролини мустаҳкамлашда Ўзбекистон тажрибасини халқаро ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доираларга етказиб бериш;

– мамлакатимизда оилалардаги муаммоларни барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чора-тадбирлар тўғрисида иштирокчиларни хабардор қилиш;

– оилавий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ҳар томонлама ривожланган, мустақил фикрловчи, ташаббускор, фаол ёшларни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик тузилмалари иштирокининг ҳуқуқий, ташкилий ва методик масалаларида тажрибалар билан алмашиш;

– маҳалла институти, оила-никоҳ муносабатлари ва ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

III. Тадбир давомида қуйидаги асосий масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган:

- 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси барқарор ривожланишни таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, оила ва маҳалла институтларини мустаҳкамлаш бўйича реал ҳаракатлари дастури сифатида;

- маҳалла институти фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базаси, фуқаролар йиғинларининг вазифалари ва ваколатлари, уларнинг аҳоли билан ишлаш механизмлари, оилалар ва ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги ўрни;

- оилаларни мустаҳкамлаш соҳасида аввало “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини   ҳаётга жорий этишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритишнинг долзарб жиҳатлари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясининг мазмун-моҳияти;

- жамият ва давлатнинг асосини ташкил этувчи ҳақиқий фундаментал қадрият, сифатида оилани сақлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясининг авлодларни боғловчи (ўртасида ворисийликни) асоси, замонавий оила ривожланишининг муаммолари, замонавий намунали оилани аниқлаш мезонлари;

- оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, фаровонлиги ва ҳаёт даражаси, бандлик, шунингдек, хусусий, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш йўли билан реал даромадларини ошириш;

- нотинч ва ноқобил оилалар билан ишлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли вазиятларни бартараф этиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва турли миллий менталитетимизга ёт бўлган таъсирлардан ҳимоялаш бўйича улар билан тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш,

- ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ, давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг оилалар ва ёшлар билан ишлашда тизимли ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш, мавжуд муаммолар ва уларни ечиш йўллари;

IV. Конференцияда 200 дан зиёд иштирокчилар қатнашиши кўзда тутилмоқда , жумладан:

– хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан: МДҲ Ижроия қўмитаси, ШҲТ, Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича БМТ Минтақавий марказининг (МОПДММ) вакиллари ва бошқ., шунингдек, соҳага доир давлат муассасалари расмий вакиллари, шунингдек, МДҲ, Европа, АҚШ ва Осиё давлатларининг эксперт доиралари, Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик корпус ва халқаро муассасалар вакиллари ва хорижий ОАВлари (20 нафарга яқин);

– Ўзбекистон томонидан: Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Маъмурияти, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари федерациялари Кенгаши, Ташқи ишлар, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Адлия, Ички ишлар, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар Миллий ассоциацияси, “Ижтимоий фикр” маркази, Савдол-саноат палатаси, Маънавият ва маърифат маркази, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлар, тадбиркорлар ва хайрия фондларининг вакиллари (130-135 нафарга яқин) иштирок этиши режалаштирилган.

V. Эришиладиган натижалар:

- Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини шакллантириш масалаларида янада обрўсини ошиши, хорижий аудиторияни оила ва маҳалла институтини сақлаш ва ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги тажрибаси билан батафсил таништириш;

- қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсияларни тайёрлаш ва кенг халқаро ҳамжамиятга тарқатиш, ахборот-таҳлилий мақолалар, теле- ва радиоэшиттиришлар рукнини тайёрлаш;

- МДҲ ва бошқа давлатлар ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доиралари билан конференция мавзуси бўйича тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш.

VI. Муддати ва ўтказиш жойи. Конференция жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги («International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтади.

VII. Ташкилотчилар: Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ташқи ишлар вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти ва Тошкент шаҳри ҳокимияти.


  Рўйхатга қайтиш

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech