Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
20 июл 2019 й. - 20 август 2019 й.

Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида маҳалла фуқаролар йиғини раислари ўртасида бўлиб ўтаётган шеърхонлик кўрик-танловининг Фарғона вилояти босқичи ғолиблари аниқланди. Унда танловнинг шаҳар ва туман саралаш босқичларида ғолиб бўлган 19 нафар шеъриятга ошно маҳалла раислари ўзаро баҳслашди.

Иштирокчилар дастлаб Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулдасталар қўйишди, адиб ҳаёти ва ижодий фаолиятини кўрсатиб берувчи музей фаолияти билан танишди.

Кўрик-танлов иштирокчилари белгиланган икки шарт асосида шеърият, адабиёт, китобхонликка бўлган билим ва маҳорати, имкониятларини кўрсатиб беришга ҳаракат қилди. Айниқса, ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ бўлган саволларга тезкор ва аниқ жавоб беришлари, улар қаламига мансуб бўлган сара шеър, ғазал, рубоийлардан намуналар ўқиб беришлари шеъриятга ошно кўплаб истеъдодли маҳалла раислари борлигидан далолат берди. Танловнинг “Ифодали ўқиш” деб номланган иккинчи шартида маҳалла раислари ўзбек ва жаҳон классик шеъриятининг дурдоналаридан намуналар ўқиди.

Қизиқарли ва муросасиз курашларга бой бўлган танловда Тошлоқ туманидаги “Янги чек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарофиддин Болтабоев биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Иккинчи ўринни Олтиариқ туманидаги “Полосон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Солижон Қирғизов, учинчи ўринни Риштон туманидаги “Оқ томир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Орипов эгаллади.

– Бундай нуфузли ижодий танловда ғолиб бўлиш осон кечмади, –дейди Тошлоқ туманидаги “Янги чек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шарофиддин Болтабоев. – Шеърият кўнгил мулки, дил малҳами. У билан ошно тутинган киши кўнглида улуғворлик ижодкорлик бардавом бўлади. Йиғинимизда шеъриятга ошно бўлган оилалар, ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис тез-тез шеърхонлик, адабиёт, китобхонлик кечаларини ўтказиб турамиз. Бу борада кўпга ибрат бўлаётган, яхши натижаларга эришаётган оилалар, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келамиз. Бу одамлар билан яқин мулоқотда бўлиш, мавжуд муаммоларни ҳамжиҳатликда бартараф этиш имкониятини бермоқда.

Сирасини айтганда, маҳалла раисларининг ижодий имконият, салоҳиятларини кўрсатиб берган кўрик-танлов янги истеъдодлар, ижодкор раисларни кашф этгани билан эсда қолди.

 

М.Сулаймонов

  Рўйхатга қайтиш

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech