Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
29 май 2019 й. - 29 май 2019 й.

Жорий йилнинг 29 май куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда \тележурналист Нур Аҳмаднинг «Хоразм немислари» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида жамиятимизнинг миллий бошқарув идораси бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Натижада маҳаллалар фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди.

Дунёда ўхшаши йўқ ноёб тузилма — маҳалла алоҳида институт сифатида шаклланди, аҳолига энг яқин халқчил тузилмага айланди.

Тадбирда тележурналист Нур Аҳмаднинг ҳужжатли “Хоразм немислари” номли асари ҳақида батафсил маълумот берилди. Муаллифнинг ушбу асари ҳужжатли бадиий қисса жанрида ёзилган бўлиб, тарихий-бадиий асарлар сирасига киради. Унда XIX аср охиридан XX аср 30-йиллари охиригача Хоразм воҳасида яшаган немис меннонитлари жамоасининг ибратли ҳаёт йўллари бадиий-психологик чизгилар орқали очиб берилган. Асарда инсонпарварлик, дўстлик, меҳр-муҳаббат ва диний бағрикенглик ғоялари тараннум этилган.

Маълумки, “Оқмачит немислари” номи билан тарихда қолган меннонизм ғоялари тарғиботчиларининг Хива хонлиги ва шўролар ҳукумати ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни таҳсинга лойиқ. Асарда немис меннонитларининг ким экани ва қандай қилиб Хоразмга келиб қолгани ҳақидаги саволларга тарихий воқеаларни холис ёритиш орқали жавоб берилади. Китобдаги у ёки бу ҳолатларни бадиий безаклар орқали зийнатлашда муаллиф ўзи эшитган, кўрган ва ўқиган тарихий маълумотларига суянган. Асар қаҳрамонлари ҳаёти ва ички кечинмаларини гоҳ бадиий кўтаринкилик, гоҳо маҳзун сатрларда акс эттирган қаламкашнинг мантиқий мувозанатга алоҳида эътибор қаратганлигини кузатишимиз мумкин. 

Етти иқлим олисликдаги нотаниш ўлкадан ҳаловат истаб келган юзлаб инсонлар ҳаётининг бу манзилларга ўрнашиш, умргузаронлик қилиш мисли кўрилмаган фожиалар, йўқотишлар, таҳқирланишларга тўлиб-тошганлиги китобхон қалбини ларзага солади. 

Тақдир тақозоси билан сиёсий бошпана сўраб келган немислар қавми вакилларига Хива хони Муҳаммад Раҳимхони соний тарафидан кўрсатилган шарқона илтифот лаҳзалари жуда нозик чизгиларда тасвирланган. Аксинча, совет ҳукумати томонидан XX асрнинг 30-йилларида Оқмачит немисларига нисбатан олиб борилган сурункали тазйиқ ва зўравонликларни образли ташбиҳлар орқали ифодаланганлиги ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди.

Мазкур қиссада ижодкор Нур Аҳмад мана шундай улкан юкни зиммасига олиб, мисқоллаб тўплаган маълумотларини бир китоб шаклига келтирган.

Китобда Оқмачит қишлоғидаги немисларнинг Хива хонлиги тараққиётида катта ўрин тутганлиги ҳурмат билан эътироф этилар экан, биринчи ўзбек кинематографи Худойберган Девоновга ҳам фото-кино санъати сирларини ўрганишида Оқмачит немисларининг илғор вакили Вильгельм Пеннер устозлик қилганлиги самимий суҳбатлар орқали очиб берилади. Шунингдек, маҳаллий ҳунармандларнинг замонавий эшик ва дераза ромлари ясаш, голланд печлари қуриш, ёғочдан ясалган уй анжомларини полировка қилиш, паркет поллар ясаш ва бошқа кўплаб европача ҳунарларни немис усталаридан ўргангани билан боғлиқ лавҳалар ишонарли тарзда ёритилган. 

Асар охирида муаллиф Хоразмдаги деярли йўқ бўлиб кетган немислар қўрғонини қайта тиклаш ва 65 йил муқаддам текислаб юборилган меннонитлар қабристони ўрнида ёдгорлик монументи ўрнатиш ҳамда музей ташкил этиш орқали Оқ мачитга дунё сайёҳларини жалб қилиш мумкинлиги тўғрисида эътиборга молик таклиф-мулоҳазаларини баён этган. 

Мазкур асар билан танишар эканмиз, юз йиллар муқаддам ўзбек ҳамда немис халқларининг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби инсонпарварлик тамойилларини нақадар улуғлашганига гувоҳ бўламиз. Зеро, аждодларимизнинг шонли умр йўллари келажак авлодларимиз учун ибрат намунасидир. 

Ёзувчи Нур Аҳмад асар ёзишда манбаларни синчиклаб ўрганган, ўша тарихий воқеалар шоҳидлари хотираларидан унумли фойдаланган. Хоразмда яшаган немисларнинг оилалари, айрим шахслар исм-шарифлари мумкин қадар тўлиқ келтирилгани асарнинг ҳужжатли қатлами қадрини оширган. Хусусан, ҳозирги вақтга келиб кейинги авлод вакиллари ўртасидаги дўстона мулоқотларнинг сақланиб қолганига доир лавҳалар янада қизиқиш билан ўқилади.

Мазкур асар ўзбек ва немис халқлари ўртасидаги бетакрор дўстлик ришталари ўзига хос азалий тарихга эгалигидан далолат беради. Бундай асарлар, шубҳасиз, ана шу ўзаро меҳр-оқибатнинг бардавом бўлишига, мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Ўйлаймизки, икки буюк халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу асар республикамиздаги мавжуд 9 мингдан зиёд маҳаллаларимиз, кўплаб оилаларимиз шахсий кутубхоналаридан муносиб ўрин олади деб ишонамиз.

Республика маҳаллалар кенгаши Ахборот хизмати


  Рўйхатга қайтиш

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech