Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
05 ноябр 2017 й. - 17 декабр 2017 й.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Бугунги дунёнинг таҳликали манзараси: турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар, миллий ўзлигини йўқотаёзган миллатлар ўртасидаги можаролар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг авж олиши...

Хуллас, умумсайёрада инсон онгу тафаккурини эгаллаш, унинг фикрини бошқаришга интилувчи кучлар кўпайиб бормоқда. Диққат марказида эса ёшлар — эртанги кун бунёдкорлари.

Ғарб минтақасидаги аксарият давлатлар эса ёшлар тарбиясида йўл қўйган мудҳиш хатоси оқибатида боши берк кўчага кириб қолган. Негаки, ўз манфаатларини она Ватан шаънидан устун қўядиган, реал ҳаётдан узилиб ижтимоий тармоқлар «қули»га айланган, бир жинсли никоҳни маъқуллаб намойишлар ўтказаётган «манқурт»ларни яна қандай келажак кутиши мумкин?

Шукрки, бу иллатлар биздан анча олис ҳудудларда рўй бермоқда. Аммо бугун глобал тармоқ жаҳон ҳамжамиятини бир нуқтада бирлаштириб турибди. Бу олдимизга ҳар қачонгидан-да муҳимроқ вазифаларни қўймоқда.

Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки ойларидан эътиборан, ёшларга оид давлат сиёсати ва уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш муҳим вазифалар сирасига киритилди. Ўтган йили 14 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун ушбу йўналишдаги ишларимизнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади.

Жорий йил мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ҳар бир фуқаролар йиғинида раиснинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч — ёшлар тарбиясида фуқаролар йиғинлари масъулиятини янада оширди.

Куни кеча Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми эса қонун ва фармонда белгиланган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ушбу келишув ҳар икки тизим ўртасида ёш авлод, шу жумладан, маҳаллада истиқомат қилаётган уюшмаган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиради.

— Ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш мумкин, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Азимжон Мирзажонов. — Шу боис уларнинг таълим-тарбияси билан фақат маълум муассасалар эмас, балки кенг жамоатчилик биргаликда шуғулланиши керак. Бугун имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам ёшлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган дастурларни амалиётга татбиқ қилиш, биринчи навбатда, йигит-қизларни иш билан таъминлаш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратишда, умуман, фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Кенгашда фаолият олиб бораётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий билим ва малакаларини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда бу тузилма фаол ташкилотчига айланиши тайин. Иштирокчилар томонидан ташкилот етакчиси ҳам сайланди.

— Билдирилган ишончни эришилган натижалар билан оқлашга ҳаракат қиламан, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошланғич ташкилот етакчиси этиб сайланган Бекзод Шоназаров. — Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун моддий ва маънавий шароит яратиб беришда маҳаллаларда ташкил этилаётган бошланғич ташкилотлар фаолиятида «Тенгдош — тенгдошга» усулидан фойдаланамиз. Бу ҳар бир ёшнинг ўй-фикрлари, муаммолари ва мақсадлари билан танишишимизда қўл келади.

Ҳақиқатан ҳам, барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий салоҳиятларини камол топтиришда фуқаролар йиғинлари имкониятларидан унумли фойдаланиш кутилганидан ҳам яхшироқ натижа беради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси Шавкат Жавлонов иштирок этди.


  Рўйхатга қайтиш

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech