Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг долзарблиги тўғрисида

Ассалому алайкум ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Куни-кеча Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида қилинган ишлар баробарида йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар ҳам алоҳида таъкидланди. Жамоатчилик вакилларига, хусусан, бизнинг тизимимизга ҳам ҳақли эътирозлар билдирилиб, қилинаётган ишларимизга ҳақиқий баҳо берилди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилар эканмиз, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланиб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни жиловлаш мақсадида Наманган шаҳридаги “Орзу” ҳамда Паркент туманидаги “Марказий” маҳалласидаги “Ҳамкорлик тизими” мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида йўлга қўйилди.

“Жамоатчилик назорат масканлари” фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари мисолида ўрганиб, мазкур тажриба барча маҳаллаларда оммалаштирилмоқда. Ушбу жамоатчилик масканларига маҳалла фаоллари, биринчи навбатда уюшмаган ёшлар бириктирилиб, маҳаллалардаги тартиб-интизомни сақлашга эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги кунда Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар иттифоқи ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда мактаблар, лицейлар ва коллежларда ўқувчиларнинг давоматини 100 фоиз таъминлашда иш фаолияти тубдан ўзгартирилди ва буни самарали ташкил этиш бўйича Йўриқнома ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 21 апрель куни Тошкент шаҳри Олмазор туманига қилган ташрифи давомида берган топшириқлари асосида, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча таълим муассасаларида ўқувчиларнинг ягона онлайн давомат тизими ишлаб чиқилди ва интернет манзилига (ent.uz) жойлаштирилди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбарларининг ёрдамида 2017 йил 9 ойи давомида
4175 та жиноятлар очилган. Посбонлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда. 2017 йил 9 ойи давомида жиноятларни аниқланиши ва очилишида ёрдам берган посбонларнинг 2318 нафари рағбатлантирилди,
1428 нафар посбонга Ички ишлар бўлимига ишга киришига йўлланма берилди.

Бевосита Президентимизнинг топшириғи асосида “Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш борасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизми” ишлаб чиқилди.

Ушбу механизм асосида жамоат ташкилотлари (Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси, Ички ишлар идоралари вакиллари, имом-хатиблар) билан биргаликда барча маҳаллаларда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, 6 млндан ортиқ хонадонлар билан мулоқотлар ўтказилди. Натижада 29 мингта оилада турли низоларнинг олди олинди, 1400 дан зиёд эрта никоҳ ҳолатларига барҳам берилди. 35 мингдан зиёд оилалардаги ажримларнинг олди олинди.

Аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ҳуқуқбузарликлардан хабардор қилиш, фуқароларнинг огоҳлигини кучайтириш, уларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш мақсадида 3790 та фуқаролар йиғинларида 7261 маротаба “сайёр судлар” ташкил этилди.

Бугунги кунда энг асосий муаммоларимиздан бири бўлган – оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилалардаги келишмовчилик ва низоларни бартараф этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда “Ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини муҳокама қилишни ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда “Ички ишлар органлари таянч пунктлари маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспекторининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш” бўйича Қўшма қарорлари лойиҳалари бўлим томонидан ишлаб чиқилиб тасдиққа киритилди лойиҳалари бўлим томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиққа киритилди.

Жорий йил 14 октябрь куни халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг сессиясида Президентимиз томонидан белгилаб берилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати билан биргаликда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш ишларига кенг жалб этиш мақсадида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида “Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари” мавзусидаги ўқув семинарлари ташкил этилиб, ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти бўйича ўтказилган йиғилишда Республика Кенгаши раиси жойларда жиноятчиликнинг ҳолати бўйича маълумотларни ички ишлари идоралари ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинига доимий бериб бориш, шунингдек ушбу тизимни тегишли тартибда Ички ишлар вазирлиги ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, ҳудудий Ички ишлар бошқармалари ва ҳудудий кенгашлар ҳамда маҳаллий Ички ишлар бўлимлари ва маҳаллий кенгашлар ўртасида ҳам амалга татбиқ этиш таклифини билдирган эди. Ушбу ахборот алмашинув тизимининг жорий этилиши жойларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни ўз вақтида кенг аҳоли ўртасида муҳокама этиш имконини яратади ва жиноятчиликни жиловлашга хизмат қилади.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ютуқлар – ўзимизники. Бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас. Бугун бу камчиликларга муросасиз бўлмасак, хатоларимизни ўз вақтида англаб етмасак, турли хил иллатлар илдиз отиб кетаверади.

Тан олиб айтиш керакки, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни жиловлаш борасидаги ишларимиз бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради, дея олмаймиз. Бунга маҳаллаларда жамоатчилик назорати тўлиқ йўлга қўйилмаганини, маҳалла ходимлари, айниқса, посбонлар ҳалигача масъулиятни ўз зиммасига олишда ташаббус кўрсатолмаётганини асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.

Президентимиз кечаги йиғилишда таъкидлаганларидек, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги лозим” деган фикр ҳар биримизнинг мақсадимизга айланмоғи шарт.

Шу ўринда, амалга оширилган ишлар билан бир қаторда эътибор берилиши лозим бўлган, ўз ечимини кутаётган муаммо ва вазифалар ҳам етарлича эканлигини таъкидлаш керак.

Мамлакатимиз раҳбари маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман жиноят содир этилмаган маҳаллалар миқдорини ошириш масалаларига катта эътибор қаратади. Шундай бўлсада, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда умуман жиноят содир этилмаган маҳаллалар сони ўтган йилнинг 10 ойига нисбатан
36 тага камайиб, бугунги кунда 1243 тани ташкил этмоқда. Бу борада энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳри (14 та) ва Сирдарё вилоятларига (15 та) тегишли эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳолат ушбу ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар талабга жавоб бермаслигини кўрсатади.

Профилактик ҳисобга олинган нотинч оилалар сони Республика бўйича 1269 тага камайган бўлсада, ушбу кўрсаткич Андижон вилоятида 143 тага, Самарқанд вилоятида 620 тага ошганлигини қайд этиш лозим. Худди шунингдек, профилактик ҳисобда турувчи ноқобил оилалар сони Навоий вилоятида 173 тага, Бухоро вилоятида 150 тага, Фарғона вилоятида 34 тага, Қорақалоғистон Республикасида 14 тага ошиб кетган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий Кенгашлар тизимидаги ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлар иш фаолиятида ҳам сусткашликлар кўзга ташланмоқда (Андижон ва Сурхондарё). Бу эса жойларда режалаштирилган ишларни ўз вақтида амалга ошириш ишларига халал бермоқда.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Куни-кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, фаолиятимизни танқидий баҳолаб, қайтадан кўриб чиқиб, қуйидаги вазифаларни амалга оширишимиз лозим:

Биринчи навбатда ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари, туман, вилоят Кенгашларида ёшлар билан ишлашнинг ташкил этилганлиги ҳолати, жойлардаги кадрларнинг ёшлар билан ишлаш салоҳиятига эгалигини ўрганишимиз, шунингдек, мавжуд вакант ўринларни малакали кадрлар билан тўлдириш ишларига эътибор қаратишимиз лозим. Шунингдек, жойларда ёшлар билан иш олиб бораётган кадрларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, уларга ёшлар билан ишлашнинг замонавий усулларини ўргатиш масалаларига ҳам эътибор қаратишимиз талаб этилади.

Юқоридагилар билан бир қаторда яқин келажакда қуйидаги жиҳатларга ҳам эътибор қаратишимиз лозим бўлади:

биринчидан, Содир бўлган ҳар бир жиноятни қисқа муддатларда бевосита прокурор ва ички ишлар раҳбари, шунингдек ҳудуддаги профилактика инспекторлари иштирокида, энг аввало айнан жиноят содир бўлган маҳаллада ва жиноят содир қилган шахснинг яшаш жойида кенг жамоатчилик вакиллари билан чуқур муҳокама қилиш;

иккинчидан, асосий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ишсизликдан келиб чиқишини инобатга олиб, маҳаллалардаги ишсизлар ва уюшмаган ёшларни яна бир бор кўриб чиқиб, рўйхатини янгидан шакллантириш, уюшмаган ёшларни мавсумий ва домимий иш билан таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш;

учинчидан, Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспекторининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини талаб даражасида жорий қилиш;

тўртинчидан, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Жиноятни жиловласак - одамлар ўзгаради, жамият ўзгаради” тамойилини амалга татбиқ этиш мақсадида туман (шаҳар) ва ҳудудлар кесимида жиноят энг кўп содир этилган маҳалла ва жиноят умуман содир этилмаган маҳаллалардаги умумий вазиятни тадқиқ этиш, намунали маҳаллаларнинг иш тажрибасини бошқа маҳаллаларга татбиқ этиш ишларини амалга ошириш;

Шунингдек, “Профилактика инспекторлари ва маҳалла раисларининг кўчама-кўча юриб, фуқаролар билан учрашиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлари юзасидан маҳалла аҳолисига ҳисобот бериш тизими тўғрисида”ги қарорларини ҳар бир маҳаллада жорий этиш;

бешинчидан, Фирибгарлик жиноятининг олдини олиш мақсадида фуқаролар орасида тушунтириш ишларини амалга оширишга йўналтирилган плакатлар, видеороликлар ва бошқа тарғибот воситаларини ишлаб чиқиш, тарқатиш ҳамда намойишини ташкил этиш;

олтинчидан, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси таркибига кадрлар захирасини шакллантириш ишларини амалга ошириш, бу жараёнга уюшмаган ёшлар вакилларини жалб этишга эътибор қаратиш.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Куни-кеча бўлиб ўтган йиғилишда худдики ҳар бир инсон ойнага қараб, ўзидаги камчиликларни кўргани ва тартибга келтиргани каби биз ҳам фаолиятимиздаги камчилик ҳамда муаммоларни кўриб олдик.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Профилактика инспекторлари бундан буён ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили” деган ғояни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирсак, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлашни барчамиз ўз бурчимиз, деб бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, юксак марраларга эришишимизга шубҳа йўқ.



Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech