Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Бугунги ахборот асридаги эврилишлар нафақат инсоннинг турмуш тарзига, балки онгу шуурига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда шахс фикрини бошқариш истагидаги кучлар ахборот технологиялари, хусусан, интернетдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Афсуски, бу жараёнда асосий истеъмолчи бўлган ёшларнинг аксарияти, уларнинг қурбонига айланишмоқда. Бу эса бизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга чорламоқда.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб маънавияти юксак авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилганининг боиси ҳам эртанги кун эгаларини мана шундай фикран қарамликдан ҳимоялаш, уларда маънавий иммунитетни шакллантириш эди. Бугунга келиб эса ёшлар масаласи янада жиддий тус олди, таъбир жоиз бўлса, бу давлат сиёсатининг асосига айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратди. Дунё ёшлари сафи 2 миллиарддан ошганлигини ҳисобга олсак, бу масала бугунимиз ва эртанги келажак учун ниҳоятда долзарб эканлиги ойдинлашади.

Юртбошимиз ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. Боиси бугун экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани бу борада ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар кўп эканлигидан далолатдир.

Мамлакатимиз раҳбари бу борадаги муаммолар ҳақида сўз юритар экан, уларнинг ечимини ҳам кўрсатиб ўтди. Хусусан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмас масала эканлигини таъкидлади. Унинг қабул қилиниши ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни умумлаштирган ҳуқуқий ҳужжат яратилишини тақозо этади.

Зеро, ушбу ҳужжат Президентимиз таъкидлаганидек, «ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олиш» борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимизнинг қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ эканлиги барчага аён. Юртбошимизнинг ушбу масалага эътибор қаратгани замирида эса дунё ҳамжамияти тақдирига қайғуриш, унинг келажагини бугундан барпо этиш лозимлигига чақирув дейиш мумкин.

Сессияда Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳар бир таклиф юртимиздаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари олдига ҳам улкан вазифаларни қўяди.

Айниқса, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ҳамда ҳудудий кенгашлар зиммасига янги масъулиятларни юклайди. Чунки ҳар бир ёш, аввало, маҳаллада тарбия олади, камол топади.

Шу боисдан ҳам бугун республикамиздаги 8964 та маҳалладаги фаоллар бу масалага жиддий ёндашган ҳолда ўзларининг бой ҳаётий тажрибаларига таяниб, иш юритишлари лозим.

Бу жараён яна ҳар бир фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида иш юритаётган раис ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилардан ўз вазифаларига масъулият билан қарашларини талаб этади. Боиси ёшларни ижтимоий фаоллигини ошириш, бўш вақтини музмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, ҳунар ўргатиш, фан ва спорт тўгаракларига жалб этиш каби масалаларда жонбозлик кўрсатиш уларнинг асосий вазифаларидир. Бунда уюшмаган ёшлар билан дўстона мулоқот ўрнатиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш кутилган самарани бериши шубҳасиз.

Азимжон МИРЗАЖОНОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари.



Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech