Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Романов Тажибай Ниетуллаевич

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Телефон:

(0361) 222-05-24

Факс:

(0361) 222-05-26

E-mail:

info.qqr@rmk.uz

Manzil:

230100, Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Амир Темур кўчаси 112-уй

Қабул кунлари:
Чоршанма Жума 9-00 дан 18-00 гача
Иш вақти
Душанбадан Жумагача, шанба, якшанба дам олиш куни
09:00 дан 18:00 гача
Тушлик вақти 13:00 дан 14:00 гача





Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши

НИЗОМИ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур низом Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади) томонидан Республика кенгаши Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ҳудудларда ташкил қилинган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши фаолиятини тартибга солади.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Республика кенгашининг филиали ҳисобланади ва ҳудудий адлия органларидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши (бундан буён матнда ҳудудий кенгаш деб юритилади) сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтади ва юридик шахс мақомига эга бўлади.

3. Ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, Республика кенгаши Устави ва низомига мувофиқ амалга оширади.

4. Ҳудудий кенгашнинг ижро аппарати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4944-сонли Фармонининг 3-5-иловаларига мувофиқ тасдиқланган.

5. Ҳудудий кенгаш ўз фаолиятида қонунийлик, ошкоралик, мустақиллик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига амал қилади.

6. Ҳудудий кенгаш ўз мақомига кўра, фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда услубий раҳбарликни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

7. Ҳудудий кенгаш фаолиятининг муддати чекланмаган.

8. Ҳудудий кенгаш ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашнинг

Тўлиқ расмий номи:

ўзбек тилида – Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши;

         қорақалпоқ тилида – Пуқаралардың өзин-өзи басқарыў уйымлары жумысларын муўапықластырыў бойынша Қарақалпақстан Республикасы кеңеси.

рус тилида – Совет по координации деятельности органов самоуправления граждан Республики Каракалпакстан.

Қисқартирилган расмий номи:

ўзбек тилида – Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллалар кенгаши

қорақалпоқ тилида - Қарақалпақстан Республикасы мәҳәллелер кеңеси  

рус тилида – Совет махаллей Республики Каракалпакстан

Доимий асосда ишлайдиган раҳбар органи жойлашган жойи (манзили): Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, Амир Темур кўчаси, 112-а уй

II. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

10. Ҳудудий кенгашнинг мақсади – фуқаролар йиғинларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда услубий раҳбарликни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.

11. Ҳудудий кенгаш тегишли ҳудудда қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

туман (шаҳар) кенгашлари фаолиятига раҳбарликни Республика кенгаши Устави ва низомида белгиланган тартибда амалга ошириш орқали улар зиммасидаги вазифаларни самарали ташкил этишларини таъминлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;

жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада ривожлантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда мустаҳкамлашда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш;

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан асосли таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, улар томонидан ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда маҳалла институтининг аҳамияти ва ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиб бориш, таҳлил қилиш ва аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

туман (шаҳар) кенгашлари шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларига нисбатан белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда тизимда муносиб кадрларнинг фаолият кўрсатишларини таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш ва замонавий бошқарув кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларнинг жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширишда туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар йиғинлари томонидан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича вазифалар кўламини янада кенгайтириш чораларини кўриш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва бу борада аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

низом доирасида ҳудуддаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар билан ҳамкорликда қўшма дастур ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ижтимоий шериклик асосида амалга ошириш.


III. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

12. Ҳудудий кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга доир қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

заруратга кўра, навбатдан ташқари туман (шаҳар) кенгашларининг мажлислари ва йиғилишини чақириш;

тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) ҳамда фуқаролар йиғини Кенгашини чақириш;

тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғинлари ходимлари лавозимлари бўйича кадрлар захирасини шакллантириш ва муносиб номзодлар бўйича фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳамда фуқаролар йиғини Кенгашига туман (шаҳар) кенгашлари орқали таклифлар киритиш;

тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғинларининг ходимлари билан суҳбатлар ўтказиш, асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар раислари ва аъзоларининг малакасини оширишга доир қарорлар қабул қилиш;

тегишли ҳудуддаги давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳудудий кенгаш ваколатига тааллуқли зарур маълумот ва материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ҳудудий кенгаш йиғилишларига туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар йиғинлари ходимларини жалб этиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг ҳолатини муҳокама этиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

туман (шаҳар) кенгашлари фаолияти юзасидан ваколатли давлат органлари томонидан киритилган тақдимномаларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш;

тегишли ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти юзасидан ваколатли давлат органлари томонидан киритилган тақдимномаларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва улар юзасидан тегишли туман (шаҳар) кенгаши билан биргаликда фуқаролар йиғинларида (фуқаролар вакилларининг йиғилишларида) ҳамда йиғин Кенгашларида тегишли қарорлар қабул қилинишини ташкил этиш;

тегишли ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курслари томонидан ўқув машғулотларга ўз вақтида қатнашмаган, синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчилар тўғрисида тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва улар юзасидан фуқаролар йиғинларида (фуқаролар вакилларининг йиғилишларида) ҳамда фуқаролар йиғинлари Кенгашларида тегишли қарорлар қабул қилинишини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) кенгашларига кўрсатмалар бериш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини янада яхшилаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ва таклифлар киритиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

судда, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларида ўз манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, белгиланган тартибда судда даъвогар ҳамда жавобгар сифатида қатнашиш;

мол-мулкга, мустақил балансига, банкларда миллий ва хорижий валюта ҳисоб рақамларига эга бўлиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда мазкур Намунавий низомга мувофиқ, пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига оид маълумотлар ва ахборотларни олиш, шу жумладан, уларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва амалиётда фойдаланиш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига доир услубий тавсия ва қўлланмаларни тайёрлаш юзасидан Республика кенгашига таклифлар киритиш.

Республика кенгаши бошқаруви раиси билан келишилган ҳолда:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш;

юридик ва жисмоний шахслардан хайриялар, ҳомийлик ёрдамлари, грантлар ва бошқа маблағлар олиш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эга бўлиш;

низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўқув-услубий марказлар ҳамда ахборот-ресурс марказларини ташкил этиш;

кўрик-танловлар ва турли спорт мусобақаларини ташкил этиш, ғолибларни мукофотлаш;

белгиланган тартибда мол-мулкни сотиш ҳамда сотиб олиш, ижарага бериш ва олиш;

ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар, тегишли ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари (оқсоқоллари) ва фаоллари учун ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш.

13. Ҳудудий кенгаш мажбуриятлари:

Ўзбекистон Республикаси қонунларига, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига, Республика кенгаши Устави Низомига, Республика кенгаши ва ҳудудий кенгаш раҳбар органларининг қарорларига риоя этиш;

тегишли ҳудуддаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

туман (шаҳар) кенгашлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолият кўрсатишларини таъминлаш;

Республика кенгаши бошқаруви раиси билан келишилган ҳолда ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

ўз фаолияти ҳақида Республика кенгашига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

тегишли ҳудуддаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сўровига кўра, ўз фаолияти ҳақида уларга ҳисобот, ахборот ва маълумотлар бериш;

рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиш
ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

ҳудудий кенгаш ва туман (шаҳар) кенгашлари ходимлари лавозимлари бўйича кадрлар захирасини шакллантириш;

ҳудудий кенгаш ва туман (шаҳар) кенгашлари ходимларининг ҳисобини ҳамда иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш ва тасдиқлаш;

ҳудудий кенгаш ва туман (шаҳар) кенгашлари ходимларининг меҳнат дафтарчаларини сақлаш ва белгиланган тартибда юритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобининг юритилишини таъминлаш;

ҳудудий кенгаш ва туман (шаҳар) кенгашлари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

ҳудудий кенгашнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

IV. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ ВА ТУЗИЛМАСИ

14. Қуйидагилар ҳудудий кенгашнинг раҳбар органлари ҳисобланади:

ҳудудий кенгаш конференцияси;

ҳудудий кенгаш;

ҳудудий кенгаш бошқаруви.

15. Ҳудудий кенгаш конференцияси ҳудудий кенгашнинг олий раҳбар органи ҳисобланиб, 5 йилда камида бир маротаба Республика кенгашининг қарори билан ўтказилади.

Ҳудудий кенгаш конференциясини чақириш, делегатлар меъёри, кун тартиби, ўтказиш вақти ва жойи Республика кенгашининг қарори билан белгиланади ва камида икки ой олдин эълон қилинади.

Ҳудудий кенгашнинг навбатдан ташқари конференцияси зарур ҳолларда, Республика кенгаши бошқаруви ва тафтиш комиссияси аъзолари ёки тегишли ҳудуддаги фуқаролар йиғинлари раисларининг ярмидан кўпининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Ҳудудий кенгашнинг навбатдан ташқари конференциясини чақириш, делегатлар меъёри, кун тартиби, ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида камида
бир ой олдин эълон қилинади.

Ҳудудий кенгаш конференцияси туман(шаҳар)лардан сайланган делегатлар иштирокида ўтказилади.

Ҳудудий кенгаш конференциясида белгиланган меъёр асосида Республика кенгаши конференциясида иштирок этадиган делегатлар сайланади.

Ҳудудий кенгаш конференцияси қуйидаги ваколатларга эга:

ҳудудий кенгаш раиси ва унинг ўринбосарларининг фаолият йўналишларига доир ҳамда тафтиш комиссияси ҳисоботларини эшитиш, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий кенгаш таркибини сайлаш;

Тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш;

Республика кенгаши Конференциясида иштирок этиш учун делегатларни сайлаш;

ҳудудий кенгаш раиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари ҳамда Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири)ни 5 (беш) йил муддатга лавозимга сайлаш;

ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири), туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосари ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари орасидан камида 13 (ўн уч) кишидан иборат таркибда кенгаш бошқаруви раиси ва аъзоларини тасдиқлаш;

Республика кенгашининг қарори асосида бошқа ваколатларни амалга ошириш мумкин.

Конференциялари оралиғидаги раҳбар орган бўлган ҳудудий кенгашга ҳудудий кенгаш таркибини, кенгаш раиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари ҳамда Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири) кенгаш бошқаруви раиси ва аъзоларини 5 (беш) йил муддатга тасдиқлаш ваколатлари Республика кенгашининг қарори билан берилиши мумкин.

16. Ҳудудий кенгаш маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари аъзолари, Молия, Ички ишлар, Меҳнат, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Нуроний» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбар ходимлари, фуқаролар йиғинлари раисларидан иборат таркибда (камида 40 кишидан кам бўлмаган таркибда) 5 (беш) йил муддатга тузилади.

Ҳудудий кенгаш конференциялар оралиғида ҳудудий кенгашнинг фаолияти устидан раҳбарликни амалга оширади.

Ҳудудий кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади, заруратга кўра Республика кенгаши бошқаруви ва тафтиш комиссияси аъзолари ёки фуқаролар йиғинлари раисларининг ярмидан кўпининг талабига кўра навбатдан ташқари ўтказилиши мумкин.

Ҳудудий кенгаш мажлиси баённома билан расмийлаштирилади ва ҳудудий кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

Ҳудудий кенгаш ваколатларига қуйидагилар киради:

Республика кенгаши ва ҳудудий кенгаш конференциялари қарорлари ижросини таъминлаш ва назорат қилиш;

ҳудудий кенгаш бошқаруви раиси ва аъзоларини тасдиқлаш, фаолиятини назорат қилиш, ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳамда тегишли қарорлар қабул қилиш;

зарурат бўлганда конференциялар оралиғида Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари фармойишига асосан, ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосарини, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарларини, Кенгаш котибини (ташкилий-услубий шўъба мудири) лавозимга тасдиқлаш ва лавозимдан озод этиш;

Республика кенгаши бошқаруви қарори билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши низоми асосида ўз низомини ишлаб чиқиб тасдиқлаш;

ҳудудий кенгаш конференцияси қарорларини, Республика кенгаши Устави ва низоми талабларини ҳаётга тадбиқ этиш, ҳудудий кенгаш ишларини мувофиқлаштириш, жорий ва ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ҳудудий кенгаши мажлисида ҳудудий кенгаш бошқаруви раиси ва аъзоларини 5 (беш) йил муддатга тасдиқлаш;

тафтиш комиссияси ҳисоботини эшитиш ҳамда тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини 5 (беш) йил муддатга тасдиқлаш;

ҳудудий кенгаш иш режасини тасдиқлаш;

ҳудудий кенгаш бошқаруви фаолиятини назорат қилиш;

ҳудудий кенгашга аъзо бўлган давлат ва жамоат ташкилотларининг тегишли ҳудуддаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорлигининг амалга оширилишини таъминлаш;

ҳудудий кенгашга аъзо бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ходимларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий кенгашнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга доир бошқа ваколатларни амалга ошириш;

ҳудудий кенгаш ваколатларига Республика кенгаши Устави ва низомига мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

17. Ҳудудий кенгаш бошқаруви ҳудудий кенгаш конференцияси ва ҳудудий кенгаш мажлислари оралиғида унинг жорий фаолиятини амалга оширади.

Ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири) ҳамда туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосарлари ва фуқаролар йиғинлари раислари орасидан камида 13 (ўн уч) кишидан иборат таркибда ҳудудий кенгаш бошқаруви шакллантирилади.

Ҳудудий кенгаш бошқаруви аъзолари 5 (беш) йил муддатга тасдиқланади ва унга кенгаш раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Ҳудудий кенгаш бошқаруви ваколатларига қуйидагилар киради:

ҳудудий кенгаш конференцияси ва мажлислари оралиғида унинг жорий фаолиятини амалга ошириш;

ҳудудий кенгаш мажлисини чақириш, мажлисда муҳокама этиладиган масалалар бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти ҳақида ҳудудий кенгаш мажлисида ҳисобот бериш;

Республика кенгаши бошқаруви йиғилиши ҳамда тафтиш комиссияси қарорлари ижросини таъминлаш ва назорат қилиш;

ҳудудий кенгашнинг ҳамда туман (шаҳар) кенгашининг йиллик бюджети ва молиявий ҳисоботини, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш учун Республика кенгаши бошқарувига киритиш;

белгиланган тартибда ҳудудий кенгашнинг ҳамда туман (шаҳар) кенгашининг ижро аппарати штатлар жадвали ва иш ҳақи миқдорини тасдиқлаш учун Республика кенгаши бошқарувига киритиш;

ҳудудий кенгаш ва туман (шаҳар) кенгаши фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича Республика кенгаши бошқарувига таклифлар киритиш;

ҳудудий кенгашнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларидан Республика кенгаши Устави ва низомида белгиланган вазифалар, тасдиқланган режа ва лойиҳаларга мувофиқ мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

ҳудудий кенгаш маблағларини сарфлаш юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий кенгаш фаолиятининг барча масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий кенгаш фаолияти учун зарур бўлган барча ҳужжатларни (таҳлилий маълумотлар, жадваллар ва ҳ.к.) шакллантириш ва қарорлар лойиҳалари бўйича келишувни амалга ошириш;

ҳудудий кенгаш бошқаруви йиғилиши ваколатларига Республика кенгаши Устави ва низомига мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

Ҳудудий кенгаш бошқаруви йиғилиши қарор билан расмийлаштирилади, қарорлар ҳудудий кенгаш бошқаруви аъзолари билан келишилган ҳолда кенгаш раисининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади.

18. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ҳудудий кенгашга жамоатчилик асосида раислик қилади.


Ҳудудий кенгаш раиси:

ҳудудий кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилишини ташкиллаштиради;

ҳудудий кенгаш мажлислари кун тартибини белгилайди ва чақиради;

ҳудудий кенгаш мажлисларини бошқаради, узрли сабабларга кўра ушбу ваколатни ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари зиммасига юклайди;

ҳудудий кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

ҳудудий кенгашнинг ижро аппарати фаолиятини назорат қилади;

ҳудудий кенгашнинг самарали ишлашини таъминлашга доир бошқа ишларни бажаради;

ҳудудий кенгаш фаолияти билан боғлиқ хатлар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш ваколатини ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосарига (узрли ҳолларда раис ўринбосарларига) беради;

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосарига ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири) лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича тақдимнома киритади.

ҳудудий кенгаш раиси ваколатларига Республика кенгаши Устави ва низомига ҳамда Республика кенгаши йиғилиши баённомаларига мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

19. Ҳудудий кенгаш раисининг биринчи ўринбосари:

бир вақтнинг ўзида (жамоатчилик асосида) Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимига раислик қилади;

ҳудудий кенгаш конференциялари ва кенгаш мажлислари оралиғида кенгаш бошқарувига раислик қилади ҳамда ҳудудий кенгаш ижро аппарати фаолиятини бошқаради;

ҳудудий кенгаш ижро аппарати бошқаруви фаолиятига доир буйруқлар чиқаради;

Республика ва ҳудудий кенгашлар конференциялари, кенгаш бошқарувлари ҳамда тафтиш комиссияси қарорларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилади;

ҳудудий кенгаш иш режасининг амалга оширилишини таъминлайди;

ҳудудий кенгаш ва бошқаруви аъзоларининг ҳамда ҳудудий кенгаш ижро аппарати ходимларининг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришга доир ишларни мувофиқлаштиради;

фаолият йўналишларига тааллуқли материалларни тўплаш, таҳлил қилиш, қарорлар ва чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини тайёрлайди;

туман (шаҳар) кенгаши фаолиятига раҳбарлик қилади, иш фаолиятини таҳлил қилади, умумлаштиради ва уларнинг натижалари бўйича ҳисобот ҳамда ахборот материалларни тайёрлайди;

ҳудудий кенгашнинг йиллик харажатлар сметаси, йиллик баланси ва молиявий ҳисоботини ўз вақтида белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлайди ҳамда ҳудудий кенгаши номидан барча ҳужжатларни имзолайди;

ҳудудий кенгашнинг ҳамда туман (шаҳар) кенгашининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси, штатлар жадвали лойиҳаларини Республика кенгашига тасдиқлаш учун киритади;

Республика кенгаши томонидан тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига асосан ҳудудий кенгашнинг пул маблағлари ва мол-мулкидан фойдаланади ҳамда уни тасарруф этади;

ҳудудий кенгашнинг банк ва молиявий ҳужжатларига биринчи имзо чекади;

ҳудудий кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва чақириш бўйича ҳудудий кенгаш раисига таклифлар киритади;

ҳудудий кенгаш мажлисларини ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди;

ҳудудий кенгаш мажлисларини узрли сабабларга кўра ҳудудий кенгаш раиси бўлмаган тақдирда ўзи бошқаради;

ҳудудий кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг моҳиятига кўра, тегишли ҳудуддаги давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар ҳамда туман (шаҳар) кенгаши раҳбар ходимларини ҳамда фуқаролар йиғинлари вакилларини таклиф этади;

ҳудудий кенгаш қарорлари унинг барча аъзоларига ва манфаатдор шахсларга ҳамда тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) кенгашларига шунингдек, фуқаролар йиғинларига етказади;

ҳудудий кенгаш ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларининг тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, туман (шаҳар) кенгашлари шунингдек, фуқаролар йиғинлари томонидан бажарилишини назорат қилади;

Республика кенгаши томонидан белгиланган тартиб асосида ҳудудий кенгаш ижро аппарати ходимларининг хизмат вазифаларини тақсимлайди;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳудудий кенгашнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси ва вазифалар тақсимотини тасдиқлайди;

туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари лавозимига номзодларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосарига тақдимнома киритади;

ҳудудий кенгаш ижро аппарати бухгалтери, бош мутахассислари, етакчи мутахассислар ва бошқа ходимларига шунингдек, туман (шаҳар) кенгашлар раисларининг ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котиблари (ташкилий-услубий гуруҳ бош мутахассислари) бош мутахассислари ва 1-тоифали мутахассисларини лавозимларига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича буйруқ чиқаради ҳамда улар билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади;

фуқаролар йиғинлари, туман (шаҳар) кенгаши ҳамда ҳудудий кенгаш ижро аппарати ходимларини орасидан давлат мукофотлари билан тақдирланишлари учун ҳамда бошқа рағбатлантиришга ҳудудий кенгаш раиси билан келишган ҳолда Республика кенгаши бошқарувига тавсия этади;

меҳнат интизомини бузган ҳудудий кенгаш ҳамда туман (шаҳар) кенгаши ходимларига интизомий жазо чораларини қўллайди;

ҳудудий кенгаш номидан юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда шартнома ва битимлар тузади;

маҳаллий давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар олдида ишончномасиз ҳудудий кенгаш номидан иш юритади;

ҳудудий кенгаш фаолият натижалари ҳисоботининг юритилишини ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этилишини назорат қилади;

ўзига юклатилган мажбуриятларни белгиланган тартибда ва сифатли ижро этади;

Республика кенгаши Устави ва низомига мувофиқ ваколатига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

V. ҲУДУДИЙ КЕНГАШ ТАФТИШ КОМИССИЯСИ

20. Ҳудудий кенгаш тафтиш комиссияси мустақил бўлиб, ҳудудий кенгашнинг тегишли раҳбар органлари билан бир вақтда ҳудудий кенгаш конференциясида 5 (беш) йил муддатга тузилади.

21. Тафтиш комиссияси ўз фаолияти тўғрисида ҳудудий кенгаш конференциясида, зарур ҳолларда ҳудудий кенгаш мажлисида ҳисобот беради.

22. Тафтиш комиссияси аъзолари ҳудудий кенгаш раҳбар органлари таркибига тасдиқланиши мумкин эмас.

23. Тафтиш комиссияси ўз фаолиятини Республика кенгаши Устави, низоми ва Тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомга мувофиқ олиб боради.

24. Ҳудудий кенгаш конференциялари оралиғида ҳудудий кенгаш ва тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисида тафтиш комиссиясидан чиқиб кетган аъзолари ўрнига янги аъзолар тайинланиши мумкин.

VI. ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ, КОНФЕРЕНЦИЯ, КЕНГАШ ВА БОШҚАРУВ МАЖЛИСЛАРИДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ

25. Ҳудудий кенгаш мажлислари ва йиғилиши қарорлари мажлислар ва йиғилишда қатнашаётганларнинг ярмидан кўпи овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланади.

Овозлар тенг бўлган тақдирда мажлислар ва йиғилишда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Ҳудудий кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазасини ёзма ёки оғзаки равишда баён қилиш ҳуқуқига эга.

26. Ҳудудий кенгаш мажлислари ва йиғилиш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Ҳудудий кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум бўлмаганда, ўн кун ичида янги мажлис ўтказиладиган сана эълон қилинади. Ушбу ҳолларда ҳудудий кенгаш мажлиси кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

27. Ҳудудий кенгаш мажлиси очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилади ҳамда тегишли баённома билан расмийлаштирилиб, мажлисга раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.

28. Ҳудудий кенгаш бошқаруви йиғилиши қарор билан расмийлаштирилади ва аъзолари билан келишилган ҳолда кенгаш раисининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади.

VI. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИНГ ЮРИДИК ШАХС СИФАТИДА ҲУҚУҚЛАРИ

29. Ҳудудий кенгаш юридик шахс ҳисобланиб, ўз муҳри, штампи, Республика кенгаши томонидан тасдиқланган бланкига, мулкига, мустақил балансига ҳамда банкларда миллий ва валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Республика кенгашининг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган рамзидан фойдаланади.

VII. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ВА БОШҚА МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ

30. Бинолар, иншоотлар, турар жойлар, ускуналар, инвентар, пул маблағлари, шу жумладан, чет эл валютасидаги пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар ҳудудий кенгашнинг мулки бўлиши мумкин.

Ҳудудий кенгашнинг мол-мулклари Республика кенгашининг мулки ҳисобланади.

Ҳудудий кенгашнинг мол-мулклари алоҳида балансда ҳисобга олинади ҳамда Республика кенгашининг балансида акс эттирилади.

Ҳудудий кенгашнинг балансида бўлган мол-мулклар (бинолар, иншоотлар, автомобиллар, турар жойлар. ускуналар, инвентарлар ва бошқалар) Республика кенгаши бошқарувининг тегишли қарори билан тасарруф қилинади.

Ҳудудий кенгашнинг пул маблағлари ва бошқа юқоридаги бандда кўрсатилмаган мол-мулклари республика кенгашининг биринчи ўринбосари розилиги билан ҳудудий кенгаш бошқаруви қарори билан тасарруф қилинади.

31. Ҳудудий кенгашнинг пул маблағлари ва мол-мулкини шаклланиш манбалари қуйидагилар:

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган пул маблағлари ва мол-мулклари;

белгиланган тартибда ажратилган Давлат бюджетининг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари;

грантлар, хайрия ва ҳомийлик маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

ўтказиладиган турли маданий тадбирлардан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

VIII. ҲУДУДИЙ КЕНГАШДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

32. Ҳудудий кенгаш ижро аппарати ходимлари билан меҳнат муносабати улар билан меҳнат шартномаси тузиш йўли билан лавозимга тайинлаш меҳнат қонунчилиги ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жамоа шартномаси ҳамда ички локал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Штатдаги ходимларнинг шахсий варақлари, йиғма жилдлари ва меҳнат дафтарчалари меҳнат шартномаси тузилган Республика ва ҳудудий кенгашда сақланади.

IX. ҲУДУДИЙ КЕНГАШДА ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ

33. Ҳудудий кенгаш ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига, Республика кенгаши бошқарувига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

X. УШБУ НИЗОМГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

34. Ушбу низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Республика кенгаши бошқаруви қарорига мувофиқ амалга оширилади.

35. низомга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Республика кенгаши бошқаруви томонидан тасдиқланади ҳамда ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар ҳудудий адлия органларидан қайта рўйхатдан ўтгандан сўнг кучга киради.

XI. ҲУДУДИЙ КЕНГАШНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ

36. Ҳудудий кенгашнинг ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши Республика кенгаши бошқаруви томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Низом
Юклаб олиш
Ҳажми: 224.02 KB
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech