Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Дастлабки инсонпарварлик ғоялари зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлмиш «Авесто»дан ўрин олган. Унда тўртта асосий масалалар, яъни инсонларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, хусусий мулк ҳамда инсонларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаол иштирок этиши алоҳида ажратиб кўрсатилади.

Айнан «Авесто»да илк жамоавийликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, инсонларнинг жамоа бўлиб яшаш тарзи, улар ўртасидаги муносабатлар, жамоа ҳаётига боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиш, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар ва бошқа шу каби масалалар тартибга солинган.

Хусусан, унга кўра нмана катта патриархал оилани, бир неча нманаларнинг бирикуви, уруғ жамоаси яъни висни ташкил этган. Муайян ҳудуддаги қўшни вислар бирикувидан варзана – ҳудудий қўшничилик жамоаси, уларнинг уюшувидан занти – қабила юзага келган.

Қабилаларнинг ўзаро бирлашуви эса дахиюни, яъни қабилалар иттифоқини вужудга келтирган. Бунинг исботини бронза даврининг ёдгорлиги бўлган Сополлитепа қишлоғи тарихида кўриш мумкин. Қишлоқ ўтроқ деҳқончилик хўжалиги асосида ташкил топган 8 та катта оила жамоаси бўлиб, уларни 8 та оқсоқол бошқарган, улар бирлигидан Оқсоқоллар Кенгаши тузилган.

Ушбу тузилма ва унинг таркиби, «Авесто»да баён этилган давлатни бошқарув тизимига айнан мос келади. Унда илк жамоавийликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичларининг қайд этилиши билан бир қаторда, мазкур жамоа етакчилари маълум бир ваколатларга ҳам эга бўлганлигини ҳам кузатишимиз мумкин.

Жумладан, мазкур даврда ишлаб чиқариш, жамоаларни бошқариш сайланган оқсоқоллар қўлида бўлиб, улар жамоа ҳаёти билан боғлиқ барча ишларни Оқсоқоллар Кенгаши орқали ҳал этишган.

Оқсоқоллар Кенгашининг маҳаллий аҳамиятга молик ишларни бажаришдаги ваколатлари ғоятда кенг бўлиб, уни қўлида жамоанинг кундалик ишидаги хўжалик муаммоларини ҳал этиш билан бирга диний ва дунёвий ҳокимият ҳам тўпланган.

Бошқарув тизимига кўра, жамоа томонидан оқсоқол айни пайтда, ўз оила жамоаси учун диний ва дунёвий бошлиқ бўлган. Уруғ-қишлоқ оқсоқоли эса, Оқсоқоллар Кенгашининг бошлиғи бўлиши билан бир қаторда бутун қишлоқ аҳолисининг ҳам бошлиғи ҳисобланган ва ўз навбатида, Оқсоқоллар Кенгашининг бошлиғи қишлоқда истиқомат қиладиган жамоанинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ваколатларни амалга оширган. Бошқача айтганда, бу даврда давлатнинг шаклланишида маҳалла ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилган.

Бундан ташқари, милоддан аввалги III асрдан то милодий V аср бошларигача қадимги Паркана (Фағона) давлатида ҳам жамоалар ҳаёти билан боғлиқ масалалар ҳам оқсоқоллар кенгаши орқали ҳал этилган.

Ўша даврдаги жамоа бирлашмалари, яъни маҳалла деганда, бир неча оилани бирлаштирган, муайян ҳудудни макон тутган, диний, маданий қадриятлар билан ажралиб турадиган ижтимоий тузилма тушунилган. Албатта уларнинг фаолиятида уруғчилик муносабатлари устунлик қилиб турган.

Бу даврда жамоаларнинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилиб, бевосита уларнинг манфаатлари оқсоқоллар кенгаши томонидан ҳимоя қилинган ва улар маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақил бўлган. Бу эса ўз навбатида, бутун тарих давомида маҳалла инсонлар билан бирга, уларнинг яхши ва ёмон кунларида ҳамнафас бўлиб, муҳтожлар, заифларга ёрдам қўлини чўзиб келиш ваколатларига эга бўлганлигидан далолат беради.

Маҳалла институти ва у томонидан амалга оширилган ваколатлар масаласи Ўрта асрларда ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган.
Шу сабабли, ушбу масалалар ўтмишдаги Шарқ мутафаккир – олимлар, давлат ва жамоат арбобларининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Хусусан, Шарқ мутафаккирлари Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Муҳаммад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Абу Жаъфар Наршахий, Маҳмуд Қошғарий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломалар асарларида адолатли жамият ва инсоннинг қадр-қиммати улуғланиши билан бир қаторда жамоа (маҳалла) бўлиб яшаш тарзи, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, жамоа томонидан амалга ошириладиган вазифа ва ваколатлари тўғрисида кўпроқ фикр-мулоҳазаларни учратиш мумкин.
Бу фикрлар ҳамма вақт ҳам инсониятнинг эътиборини ўзига жалб қилиб келган ва унинг жамиятдаги ўз ўрнини белгилаб олишида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Жумладан, биз савдо-ҳунармандчилик мавзеларини ифодаловчи «маҳалла» атамасини биринчи марта шарқ илк уйғониш даври мутафаккирларидан бўлган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида учратамиз. Бу даврда ушбу институтнинг асосий ваколати – аҳолининг турмуш фаолиятини жамоа доирасида ижтимоий-ҳудудий жиҳатдан ташкил этишдан иборат бўлган. Шунингдек, ўзини ўзи бошқариш органларининг мавжудлиги, фаолияти ва уларнинг ташкилий вазифа ва ваколатлари хусусида Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» асарида ҳам учратишимиз мумкин.

Хусусан, у ўз асарида эзгулик жамияти ва унга эришиш йўлларини кўрсатиб ўтади. Унинг фикрича, инсонда тўрт ҳолат, яъни «абадий тириклик» – бу инсон руҳининг мумтоз бир руҳга айланиши (комиллашиши); «абадий ёшлик» – кўнгилнинг ҳамиша сир-асрор учун уйғоқ туриши; «доимий соғлиқ» – инсоннинг ҳамиша барча масалада ўз фикрига, қарашига эга бўлиши; «туганмас бойлик» – чексиз бир маънавиятга эга бўлиш мужассамланади.

Қадимги Шарқнинг таниқли мутафаккирларидан бири Абу Жаъфар Наршахий IX - асрда ёзган «Бухоро тарихи» асарида эса, Бухорода бундан 1100 йил илгари 19 та катта-катта маҳаллалар мавжуд бўлганлиги, бу маҳаллалар ўзини ўзи идора қилиб, ўз ваколатларига эга бўлганлиги, бу Қадимги Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида вужудга келган илк давлатлар ва уларнинг бошқарув фаолиятида ҳам ёрқин ифодасини топганлигини таъкидлаб ўтган.

У ўз асарида «Куйи Ало», «Куйи бикор», «Куйи риндон», «Самарқанд дарвоза», «Фахсодара дарвоза», «Гардун Кашон», «Дарвозайн Мансур», «Куйи деҳқон», «Куйи Мукон», «Куйи Кох» каби ўндан ортиқ маҳаллалар бўлганлигини ва улар ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш ваколатларига эга бўлганлигини қайд қилиб ўтган. Бу борада Л.Левитин таъкидлаганидек, «Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бўлган шаҳарлардаги маҳаллаларнинг айрим мавзелари ўша пайтлардаёқ шу қадар катта эдиларки, уларни шаҳарнинг мустақил қисми сифатида кўриб чиқиш мум-киндир. Маҳаллага обрўли шахслар – умумий йиғилишда сайланадиган шайх ёхуд юзбоши раҳбарлик қилар эди. Ҳар бир маҳалла ўзининг кўкаламзор ҳудудида мас-жид ва чойхона жойлашган жамоатчилик марказига эга бўлган. Маҳалладагилар ҳар хил турдаги жамоат ишлари ўтказиш учун зарур бўлган умумий асбоб-анжом-ларга эга бўлишган».

Кейинчалик маҳалла ва у томонидан амалга оширилган ваколатлар масаласи X-XIII асрларда Шарқ мутафаккир олимларининг ҳам асарларида учрайди. Хусусан, Бейҳаки ўзининг «Маъсуд тарихи» асарида раис (ҳокими)нинг буйруғига асосан байрамларни ўтказиш, ободонлаштириш ишлари билан шуғулланиш, жамоа бўлиб шаҳар деворларини таъмирлаш  ва ҳатто ҳарбий спорт ўйинлари ҳамда мусобақалар оқсоқоллар иштирокида ўтказилганлиги баён этилади.

Кўриниб турибдики, бу даврда маҳаллалар ободонлаштириш, ҳашарлар уюштириш, ҳудуддаги турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш  ва шу каби ваколатларга эга бўлган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳудудида X асрдаёқ «маҳалла» атамаси савдо-ҳунармандчилик касбларини белгиловчи атама сифатида учрайди. Бу даврларда маҳалла уч асосий йўналишда ўз ваколатига эга бўлган. Хусусан, шаҳар ҳудудини ораста сақлаш, тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли жойи ҳамда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини тўғри ташкил этилишини таъминлаш, давлат ва маҳаллий тадбирларни ўтказишда уларга раҳбарлик қилиш борасидаги ваколатларни амалга оширган.

Абу Наср Фаробий бундан 1100 йил олдин Шарқда илк бор «давлат», «жамият», «бошқарув» сингари ижтимоий тушунчаларни фалсафий жиҳатдан талқин қилган. У ўзининг асарида: «Ҳар бир инсон табиатдан шундай туғилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, аммо бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди. Уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди», деб эътироф этган.

Шунингдек, у фозил шаҳар (давлатни) ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришувининг зарурий воситаси, деб ҳисоблаб, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилган.

Мутафаккир ўзининг сиёсий ва ҳуқуқий қарашларида «фозил шаҳар», яъни маҳалла, давлат қурилиши муаммоларига эътиборини қаратганлигини, буни жамоа бошқаруви деб бемалол атаса бўлишини, зотан, фозил шаҳар – давлат (демак, маҳалла ҳам) фозил жамоа, унда яшовчиларнинг табиатига мос бирлашма – уюшма бўлгандагина бошқарув ва бирлашувнинг жамоа тизимига эга бўлишини таъкидлайди. Бу даврда маҳаллалар эл-улус учун эркинлик, озодлик сари йўл очган ва бу эркинлик ва озодликдан қай даражада фойланишни ўргатган.

Бу олимнинг фикрлари Абу Али ибн Сино асарларида ривожлантирилди. Ибн Сино раҳбар халқсиз бўла олмаганидек, халқ ҳам раҳбарсиз бўла олмайди, деб ҳисоблайди. У ўзининг «Уй хўжалиги тўғрисида»ги трактатида бошқарув (илм)га алоҳида тўхталиб, уни инсондан жуда катта ақл, ирода ва меҳнат талаб этувчи жуда муҳим илм деб ҳисоблайди. «Инсонлар жамоа бўлиб, яшашлари учун ўзаро мулоқотда, турли муносабатда бўлишлари, бир-бирларининг эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилишлари ва умумий интилиш, мақсадга эга бўлишлари лозим». Ушбу фикрлардан ҳам кўриниб турибдики, бу даврларда маҳаллалар инсонларнинг эҳтиёжларини қондириш, яъни уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ваколатларига эга бўлган.

Абу Райхон Беруний бундан минг йил аввал яратган «Ҳиндистон» асарида жиддий илмий тадқиқотлар қилиш билан бирга бу мамлакат тарихи, географияси этнографияси ҳақида бой маълумотларни ёзар экан, муҳим бир фикрни айтади: «Ҳар бир халқнинг удумлари кўп йиллар тажрибадан ўтган ўша халқнинг яшаш тарзи, дунёқараши билан уйғунлашиб кетган» – деган қарашларни билдиради. Бундан кўриниб турибдики, бу пайтда маҳаллалар аҳолининг яшаш тарзида вужудга келадиган барча маҳаллий аҳамиятга молик масалалар билан шуғулланган.

Шунингдек, Беруний кишилик жамияти, инсонлар уюшмасининг вужудга келиши таълимотини ёқлайди. Унинг фикрича, инсонлар эҳтиёж туфайли бирга яшашга иштиёқ сезадилар. «Ҳамма гап шундаки, (инсон) эҳтиёжларининг кўплиги ва ҳимоя воситаларидан маҳрум бўлганда чидамсизлиги ҳамда душманларнинг сероблиги орқасида, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳар бири ўзини ҳам, бошқаларни ҳам таъминлайдиган ишни қилиш мақсадларида ўз ҳамтовоқлари билан жамият бўлиб бирлашишга мажбур бўлган эди».

Шарқнинг буюк шоири Алишер Навоий ҳам ўз асарларида жамият
ва инсон муносабатларининг этник ва эстетик муаммоларига эътиборини қаратган. У ўзининг «Хайратул – аброр» асарида Ҳирот шаҳрини 100 та шаҳарчадан – маҳаллалардан ташкил топган гўзал жой деб талқин қилади. Маҳаллаларнинг ҳудудлари, ҳар бир маҳаллаларда фуқароларнинг ҳаёт кечириши, фаолияти билан боғлиқ бинолар: масжид, бозор, чойхона, дўкон, ҳаммом, сартарошхоналар ва бошқалар ҳақида баён қилади.

У ўзининг «Мажолисун-нафоис» тазкирасида маҳалланинг ҳаётда тутган ўрни ва нуфузи, маҳалладошлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тенглик, шоҳу-гадонинг бир-бирига бўлган муносабатида ғамхўрлик қадрланганлигини ёзади.

Бундан келиб чиқиб, ушбу даврда маҳаллалар ҳудудларни ободонлаштириш, саранжом-саришта қилиш, уларни озода тутишни назорат қилиш, аҳолига ёрдам кўрсатиш, йўқсил бечораларнинг аҳволини чуқур ҳайрихоҳлик билан ҳал этиш, мақбараларни таъмирлашда бош-қош бўлиш
ва бошқа шу каби ваколатларни амалга оширганлиги борасидаги хулосага келиш мумкин.

Маҳаллалар, айниқса, Амир Темур тузган давлатда жадал ривожланган ва уларнинг ваколатлари янада кенгайтирилган. Бу даврда ҳам маҳалла оқсоқоли – «кадхудо» деб аталган ҳамда маҳаллий аҳоли томонидан сайланган ва унга эътибор, ишонч катта бўлган ҳамда зиммасига жавобгарлик, масъулият юкланиб, уларга бошқарув масалаларида катта ваколатлар берилган.

Жумладан, «Темур тузуклари»да: «Кадхудолар деҳқонлар ва экин майдонларига ишлов берувчилар кўнглигини хушнуд этиб, ўзларига қаратсинлар. Фақиру мискин, бирон касб қилишга ожиз – кўрларга нафақа белгиласинлар, дейилган. Бундан кўриниб турибдики, бу вақтларда маҳаллалар фуқароларнинг касб-кори асосида ташкил этилган бўлиб, этикдўзлар, пичоқчилар, темирчилар бир жойда яшаб меҳнат қилишганлар.

Бу ҳақда «Темур тузуклари»да ёзилишича, Соҳибқирон ўзи барпо этган бепоён ва қудратли салтанатни бошқаришда маҳалланинг мутасадди шахсларига таянган, улар билан яқин мулоқотда, доимий машваратда бўлган, кези келганда уларнинг фаолиятини бевосита қўллаб – қувватлаган.

Шунингдек, бу даврда маҳаллаларнинг ривожланиши миллий давлатчилик ривожи билан бевосита боғлиқ бўлган. Шунинг учун Амир Темур даврида – ўзбек давлатчилиги янгидан шаклланиб, юксалиш йўлига кирган пайтларда маҳаллалар кундан-кун обод, файзли бўлиб борган
ва ваколатлари кенгайган. Буни Ибн Араб-шох, Ибн Холдун, Клавихо каби хорижий сайёх ва тарихчилар ҳам ўз асарларида қайд этган. Амир Темур замонида ҳатто харбий қўшин ҳам маҳалла усулида яшаган.

Бу ҳақда Клавихо шундай маълумот беради: «Қароргоҳда ҳар бир қўшин тўдасида истаган касб эгаси усталарини топиш мумкин эди. Ҳар бир тўда алоҳида маҳаллаларга бўлинган. Бугуни эмас, қўшин ҳамма вақт ўзи билан бирга чодир-ҳам-момни ҳам юлиб юрар, ҳаммомчилар муайян жойда дархол чодир тикиб, қозонда сув қайнатиб, ҳамма зарур нарсаларни ҳозирлаб, иситиладиган ҳаммом хоналари қурар эдилар».

Амир Темур томонидан одамларнинг маҳалла туридаги ҳаёт тарзи ғояси ҳаракатдаги ҳарбий қўшин зиммаларига ҳам жорий қилинган эди. Ҳарбий қисмлар ҳам, ҳудди маҳалла сингари мухториятга эга бўлиб, ўз ўзини таъминлай олиши керак эди (мазкур даврда ҳар бир маҳаллада ўзини ўзи таъминлаши учун ҳар бир аскар ҳунарманд, новвой, ҳаммол, сартарош, темирчи, этикдўз, тикувчи, қандолатчи, мусиқачи ёки бошқа касб эгаси бўлиши лозим бўлган).

Соҳибқирон томонидан маҳалла тизимига берилган бундай эътибор натижаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида ҳам янада такомиллаштирилди. У подшоҳлик тахтига ўтириши билан давлат ишлари билан бир қаторда жамият ишларига, хусусан кўп йиллар давомида шаклланиб келаётган миллий анъаналар, одатлар, қадриятларга алоҳида эътиборини қаратди. Бу даврда маҳаллалар фуқаролар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни таъминлаш билан бир қаторда, ўз ҳудудида истиқомат қиладиган бошқа халқларнинг ҳам урф-одатлари, анаъаналари ва қадриятларига бир хил муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб борган.

Шунингдек, у ўзининг «Мубаййин» асарида фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги учун тўрт унсур, яъни тупроқ, сув, ўт, шамол уйғунликда бўлиши кераклигини ва бунда албатта жамоа оқсоқолларидан катта масъулият талаб қилинишини эътироф этади.

Кўриб турганимиздек, маҳалла бу даврида жуда ҳам гуллаб яшнаган ва улар халқ билан жуда яқин бўлишга қаратилган бир қатор юқорида назарда тутилган ваколатларга эга бўлган. Албатта, маҳалланинг бундай ривожига улуғ мутафаккирларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссларини қўшганлар. Айнан мазкур масала юзасидан Давлатимизнинг биринчи раҳбари И.А.Каримов тўхтала туриб, «одам шулар ҳақида ўйлар экан, узоқ тарихимизда маҳалла, деган идоранинг ўзбек заминида пайдо бўлишида ташаббускор, сабабчи бўлган аждод-авлодларимизга ҳар қанча таъзим қилса арзийди», деган фикрларни билдиради.

Таъкидлаш керакки, темурийлар давридан кейинги инқироз даврларида, айниқса, Ўрта Осиё ҳудуди учта хонликка бўлиниб кетганидан сўнг маҳаллалар ривожида унча катта силжиш кўзга ташланмади.
Бу босқичда ўнбоши, элликбоши, юзбоши ва амин каби маҳаллий бошқарув тизимидаги амалдорларга катта ҳуқуқ ва ваколатлар берилди. Уларнинг ҳукмлари қонун даражасида қабул қилиниб, сўзсиз бажарилган, аммо бу амалдорлар фаолиятини назорат қилувчи жамоатчилик фикри ривожига эътибор берилмаган. Бу эса, кўп ҳолларда маҳаллий амалдорларнинг ҳаддан ошиши, халқни эзиши, ундан ўринсиз солиқ ва тўловлар ундиришига олиб келган. Натижада одамларнинг ижтимоий аҳволи, маҳаллаларнинг ривожи ёмонлашиб, уларнинг ваколатлари чеклана бошланди.

Хусусан, шаҳар, қишлоқ бошқарув тизимида туман бошлиғи тасарруфида участка (бўлим) пристави бўлиб, унга маҳалла оқсоқоллари, элликбоши, ўнбошилар бўйсунтирилди. Мазкур даврда маҳаллага Омин раҳбарлик қилиб, унга катта ҳуқуқ ва ваколатлар берилган.

Жумладан, унинг ваколатига айрим солиқларни йиғиш;
мулкий ва оилавий низоларни ҳал этиш; қозининг баъзи ҳукмларини ижро этиш; маҳаллада бўшаб қолган ҳовли ва ерларни расмад (тақсимлаш) этиш; 
сув хавзалари, маҳалла озодалигини таъминлаш ва назорат қилиш; маҳалла хавфсизлигини таъминлаш;
ҳар кўча доирасида ҳал этиладиган масалаларга муносабат билдириш;
маҳалла ҳудудидаги савдо ишларини назорат этиш ва бошқалар кирган.

Кўриниб турганидек, бу даврдаги маҳалларнинг ваколатлари қўпроқ давлат органлари зиммасидаги ваколатларга яқин бўлган.

Бу даврда Тошкент шаҳарликлар томонидан тан олиниб, сайланган ҳокими мутлақ ҳали қарор топмаган эди. Шу боисдан шаҳар тўрт мустақил даҳаларга ажратилиб бошқарилган. Ҳар бир даҳанинг бошқарув маъмурияти жамоатчилик асосида сайланган оқсоқоли, қозиси, раиси, муфтийси, имому сўфиларидан иборат бўлган ва мазкур бошқарув маъмурияти маҳаллий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ўзларининг бир қатор ваколатларига эга бўлган.

Бу даврда маҳалла, (маҳаллат, ер, даҳа, жамоа, эл, юрт каби) бир қанча номлар билан юритилган ҳамда шаҳар жамиятининг нафақат ҳудудий,
шу билан бирга, энг қуйи бирлиги ҳисобланиб, ўз ваколатларини амалга оширишда одамларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўзларининг қон-қариндошлик ва руҳий яқинлик ҳақидаги тасаввурларига таянган.

Ҳар бир даҳанинг ўз оқсоқоллари, қозилари ва маъмурий бошқарувидаги бошқа алоҳида мансаблари бўлган. Даҳалар Қўқон хонлиги даврида шаҳарнинг обрўли хонадон вакилларидан тайинланган оқсоқоллар томонидан бошқарилган бўлса, Россия империяси истилосидан сўнг мингбошилар томонидан идора қилинган. Айрим ҳолларда эса бир неча маҳаллаларга тавочилар бириктирилган. Даҳалар таркибидаги маҳаллалар бошқаруви эса элликбошилар қўлида бўлган.

Маҳаллага бошчилик қилган шахслар маҳалладаги барча жамоат ишлари ва маросимларини бошқарганлар, шунингдек, фуқароларнинг шаҳар йиғинлари ва муассасаларида маҳалла манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлганлар. Маҳалланинг жамоа тартиби ўзини ўзи бошқариш тизими билан белгиланган, уни бошқарувчи вакиллар умумий йиғинларда сайланганлар. Жамоа бошлиғи қилиб, кўпинча бой бўлмаган, ўрта ҳол, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳурматли кишини сайлаганлар. У фуқаролар ўртасида ҳурмат эътиборга эга бўлиши ва шаҳар йиғинида, даҳа судида маҳалла манфаатларини муносиб ҳимоя қила олиши лозим бўлган.

Шунингдек, бу даврда аёлларнинг ижтимоий ҳаётига оқсоқоллар томонидан сайлаб қўйилган кайвони раҳбарлик қилган. Кайвони лавозимига маҳаллада катта ҳурмат қозонган ва ўзбек турмуш тарзини, урф-одат ва анъаналарини бутун нозиклиги билан биладиган, серғайрат, фаол, ташкилотчилик қобилиятига эга, одоб-аҳлоқи билан обрў-эътибор қозонган аёл лойиқ кўрилган. Унга ходима ёки дастурхончи кўмаклашган. Бу вазифага кўпинча бева хотинларни сайлаганлар, чунки уларнинг бўш вақти кўп бўлган ҳамда бу иш уларга қўшимча даромад келтирган.

Бу даврда маҳалла фаолларининг асосий ваколатлари жамият ҳаётида тартиб сақланишини таъминлаш; барча анъанавий меъёрларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш; маҳалла аҳлининг миллий урф-одатларга риоя қилишларини назорат қилиш; урф-одатларни бузган ва жамоат мажбуриятларидан бўйин товлаганларга тегишли чора кўриш; асрлар давомида сақланиб келинаётган ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш қоидаларига нечоғлик амал қилиниб келинаётганлигини назорат қилиш; хўжалик ишларини, иқтисодий тадбирларни, тарбиявий вазифаларни, сарам-жон-саришталик ва тартиб интизомни сақлаб туриш; жиноий ишларнинг олдини олиш; ёшлар тарбияси билан шуғулланиш; уй-жойларни олдисотдиси, тўй-марака, маро-симларни уюштириш; қўни-қўшнилар ўртасидаги низоларни бартараф этиш; бемор-ларни йўқлаш, фарзанд кўрган оилаларни қутлаш масалаларига эътибор бериш; маҳаллани, маҳалладошларнинг тинч-тотувлиги, оилавий аҳиллиги, дўстлиги, биро-дарлиги, иноқлигини таминлаш ва мустаҳкамлаш; ариқ-ҳовузларни тозалаш, янги, обод кўчалар, йўллар қуриш ва бошқа маҳалла ободончилиги билан боғлиқ жамоат ишларини уюштириш ҳамда бошқа ш.к. ваколатлардан иборат бўлган. Ушбу ишлар ҳашар йўли билан амалга оширилиб, унда аҳолининг балоғатга етган қисми, кўпроқ эркаклар қатнашган. Ҳашарда ҳар бир оиладан бир-икки киши иштирок этишган.

Бир сўз билан айтганда, маҳалла оқсоқоли зиммасида жуда кўп катта масъулиятли ваколатлар турган бўлиб, унинг эътиборидан ҳеч нарса четда қолмаган. Шунинг учун ҳам унинг ижтимоий адолатга асосланган сўзлари, ўгитлари, маслаҳату танбеҳларига маҳалладаги ҳамма одамлар, ёшлару кексалар, хотин-қизлар сўз-сиз амал қилишган.

Маҳаллалар 1917 йилгача бўлган даврда жуда кенг иш олиб бориб, маҳаллий аҳолини бирлаштирувчи ташкилий тузилма бўлган. Собиқ шўролар ҳокимияти маҳаллаларни туман, шаҳар, қишлоқ кенгашлари раҳбарлигида бошқарган. Лекин у даврда маҳаллалар бошқарув тизими сифатида «чалажон» ҳолатга келтириб қўйилган. Улар халқнинг дастлабки жамоат ташкилоти сифатида фаолият кўрсатиши учун ҳеч қандай ҳуқуқ, ваколат, имкониятга эга бўлмаган ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг қуйи бўғини сифатида қаралган. Аммо шунга қарамай, шўролар даврида ҳукмрон тузум ва мафкура маҳаллаларни расман тан олмаса-да, бироқ аҳолининг чуқур норозилигига сабаб бўлмаслик учун маҳаллаларни тақиқлай ҳам олмаган, уни жамиятни бошқариш тизимига киритмаган.

Бир сўз билан айтганда, совет ҳукумати маҳаллага ўз умрини яшаб бўлган ўтмиш сарқити сифатида қараган. 20-йиллар бошларидан совет ҳукуматинг уни вазифа ва ваколатларини чеклаш, ўзига бўйсундиришга интилди. Бу эса ўз навбатида маҳалла фаолиятига ўз таъсирини ўтказди. Бироқ, маҳалла ўзининг яшовчанлигини намоён этиб, анъанавий ҳаёт ва алоқа тарзига қарши ҳар қандай ҳужумларга ва уларни йўқотиш йўлидаги уринишларга дош берди.

Бу масалага баҳо бера туриб, Л.Левитин қуйидагиларни таъкидлайди: «Ўзбекларнинг кўпгина анъанавий ижтимоий тузилмаларига қарши чиққан совет ҳокимияти маҳалла билан олишишда чекинишга мажбур бўлди.
Бу ҳокимиятнинг маҳаллага тиши ўтмади. 1932 йилда «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида» Низом чиқди.
Улар янги социалистик тузилмалар билан бирга мавжуд бўлиши, бу тузилмаларни тўлдириши керак, деган қарор қабул қилинди.

1935-1936 йилларда маҳаллалар (оқсоқол) бошчилигида маҳалла комитетлари ташкил этилиб, аҳоли ўртасида олиб бориладиган барча ишларни раис бошқарган. Расмий доиралар маҳалла идораларига аҳолини ҳисобга олиш ва маълумотномалар бериш ҳамда юқори ташкилотларга ҳисобот тақдим этиш ваколатларини юклаган.

1938 йил 15 сентябрда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиуми Қарори билан «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги Низом ҳамда тегишинча маҳалла қўмиталари бекор қилинган ҳамда уларнинг функциялари район ва шаҳар кенгашлари томонидан бажарилиши кўзда тутилган. Бироқ, халқ турмуш тарзини мажбурлаб сингдириш ҳамиша салбий оқибатларга сабаб бўлиши боис, айнан ушбу камчиликлар орадан икки йил ўтиб, 1940 йилда бошқарув тизимида маҳалла қўмиталарини қайта тиклаш тўғрисидаги масалага қайтиш учун сабаб бўлди ҳамда маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий салоҳиятини чуқур англаган ҳолда совет ҳокимияти маҳаллани юридик қонунийлаштиришга мажбур бўлди. Натижада 1940 йил 10 июлдаги Ўзбекистон ССР халқ комиссарлари совети қарорида ЎзССР шаҳарларида маҳалла (квартал) қўмиталарини ташкил этиш зарур деб ҳисобланиши ҳамда «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги Низом тасдиқланиши кўзда тутилди.

1941 йилда Ўзбекистон ССР халқ комиссарлари совети «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги низомнинг янги таҳририни қабул қилди. Унга биноан, маҳалла комитетлари аъзолари меҳнатларига ҳеч қандай ҳақ олмас эди. Маҳалла комитетлари молиявий-хўжалик ишлари (ошхоналар, қизил чойхона, сартарошхоналар очиш ва уларни ишлатиш) билан шуғулланиши мумкин эмас эди, улар юридик шахс мақомига эга бўлмаган. Унинг асосий ваколатлари маҳалла ҳудудидаги совет, партия ва жамоат ташкилотларига маданий-оммавий ишларда ёрдам бериш, кўчалар, майдонлар, ҳовлиларни ободонлаштириш ҳамда табиий жиҳатдан уларни назорат қилишдан иборат бўлган.

Шунингдек, милиция органларига паспортлаштириш ва рўйхатга олиш ишларида ёрдам берган. Улар аҳолини рўйхатга олган, лекин фуқароларга ўз номидан маълумотномалар бера олмаган. Бошқача айтганда, бу даврда маҳалла бор эди-ю, аммо бошқарув тизимида унинг ўрни, кучи йўқ эди, яъни фуқаролар ҳаётига дахлдор кичкинагина юмушни ҳал қилишга ваколати етишмасди.

Россиялик тарихчи олим С.Н.Абашиннинг фикрига кўра, совет ҳокимияти йилларида улар томонидан маҳаллага кундалик бошқарувнинг қўшимча инструменти сифатида қаралгани ва кейинчалик маҳаллага кенг вазифа ва ваколатлар юклатилган ижтимоий институт сифатида ғоявий жиҳатдан қарай бошлаганини таъкидлайди.

1953 йил 3 апрелда Ўзбекистон ССР Министрлар кенгашининг «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниб, унда маҳаллаларнинг солиқ йиғишдаги амалий вазифаси ўз долзарблигини йўқотди. Асосий эътибор эса, ғоявий ва ташвиқот ҳамда тарғибот ишларига қаратилди. Шу билан бирга, маҳаллаларга мустақил бирлашма деб эмас, балки совет органлари қарорларининг тарқатувчилари ва ёрдамчилари сифатида қаралди. Маҳалла комитетларининг фаолияти социалистик шиорлар остида олиб борилди.

Бошқача айтганда, собиқ Иттифоқ мафкураси маҳаллаларни расман тан олмади, уларни жамиятни бошқариш тизимига киритмади. Маҳаллалар фаолияти миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб қилишга эмас, балки фақат собиқ мустабид тузум ғояларига қаратилди, унинг тузилиши маъмурий-буйруқбозлик тизимига хос белгилар билан шакллантирилди. Маънавият, таълим-тарбия соҳасида маҳалланинг аҳамияти йўққа чиқарилган, юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланиш ман этилган эди.

Юқоридаги Қарор бўйича маҳаллалар фақатгина фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйлар кўпчиликни ташкил қиладиган кўча ва мавзелардаги ҳудудларда ташкил этилиши белгиланди. Бу давлат мулки бўлган уй-жойлар ҳудудида маҳалла қўмиталари ташкил этилмаслигини англатар эди. Қарорга кўра, маҳалла қўмиталари аҳолининг жамоатчилик асосидаги ўзини ўзи ташкил этиш бўйича ташкилоти бўлиб, ҳеч қандай маъмурий ваколатларга эга бўлмаган. Улар буйруқ ва фармойишлар чиқара олмаганлар, жарима ёки тўловлар ундиришлари мумкин бўлмаган, гувоҳнома, маълумотнома ва бошқа расмий ҳужжатлар ҳам бера олмаган, шунингдек, ўз муҳрига эга бўлиши ҳам мумкин бўлмаган.

Гувоҳи бўлганимиздек, ушбу даврда чиқарилган барча ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллаларнинг ҳуқуқлари ва ваколатлари қатъий чекланган бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек уларга юридик шахс мақоми берилмаган эди.

Шу билан бирга 1958 йил 30 июлда Ўзбекистон ССР Министрлар кенгаши «Маҳалла (квартал) қўмиталарига ўз муҳрига эга бўлиш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисида»ги Қарор қабул қилиб, унда ушбу тузилмаларга тегишли маҳалла (квартал) қўмита номи тушурилган учбурчак шаклдаги муҳрга эга бўлиш ваколатини берди.

Ушбу Қарор асосида «Ўзбекистон ССР шаҳарларидаги маҳалла (квартал) қўмиталари тўғрисида»ги Низомнинг бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, маҳалла (квартал) қўмиталарига кўп болали оилалар ва ёлғиз оналарга давлат нафақасини олиш учун болалар сони тўғрисида турар-жойдан маълумотномани, иш жойига тақдим этиш учун қарамоғидаги боқилувчилар сони тўғрисидаги маълумотномани, прописка учун келиш ва кетиш варақасини, паспортни олиш ва алмашти-ришни муҳр билан тасдиқлаш ваколати берилди.

Шундай бўлсада, ушбу даврда маҳалла ваколатлари фақатгина маҳаллий аҳамиятдаги масалалар юзасидан расмий маълумотларни тасдиқлашдан иборат бўлган, холос. Улар мустақил молиявий-хўжалик ёки ташкилий-бошқарув ваколатларига эга бўлмаган.

Масалан, 1961 йил 30 августда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон ССР шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овулларидаги маҳалла қўмиталари тўғрисида»ги Низомга кўра ҳам маҳалла комитетлари бирон молиявий хўжалик фаолияти билан шуғулланишлари (ошхоналар, сартарошхоналар ва шу кабиларни ташкил қилишлари ва улардан фойдаланишлари) мумкин эмас эди.

Шунингдек, улар олди-сотди, ижарага бериш ишларини амалга оширишда қатнашишлари мумкин эмас, деган норма мустаҳкамланганлиги ҳам маҳаллаларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини сезиларли даражада чеклар эди, уларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ўрнига кун тартибига уларни чеклаш ҳақидаги масалалар доимий равишда қўйилиб келар эди.

Таъкидлаш лозимки, маҳаллий аҳолининг анъанавий турмуш тарзига қарши кураш, уларни коммунистик қарашлар билан алмаштиришга уринишлар натижасида 1983 йил 4 июлда юқоридаги низомнинг янги таҳрири қабул қилиниб, унда ҳам маҳаллалар ваколатлари деярли ўзгаришларсиз сақланиб қолинди.

Бу даврда қишлоқ жойларида маҳалла тузулмаларидан ташқари, ўз вазифавий мақсадлари нуқтаи назаридан унга ўхшаб кетадиган ўзини ўзи бошқаришнинг бошқа тузулмалари ҳам мавжуд эди.

Масалан, Хоразм вилоятида фуқароларнинг «совет» деб аталадиган йиғинлари ҳам бор эди. Ўз моҳиятига кўра, «советлар» – бу собиқ Совет Иттифоқи вақтидаги қишлоқ кенгашлари (советлари)дир. Улар ўша даврда қуйи шўро ҳокимияти органлари вазифаларини бажарар эдилар.

1990 йилнинг 9 апрелида Советлар давлатида моҳиятан янги бўлган қонун – ўзини ўзи бошқариш фаолиятини тартибга солишга қаратилган биринчи қонун, яъни «СССРда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва маҳаллий хўжаликнинг умумий асослари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Иттифоқдош Республикалар, шу жумладан Ўзбекистон ССР ҳам, СССР қонунига мувофиқ, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги ўз қонунларини қабул қилишлари лозим эди. Бироқ, Совет Иттифоқининг таназзулга юз тутиб бораётганлиги туфайли бу масалаланинг ҳал этилиши кундан-кунга мураккаблашиб борди. Шу сабабли ушбу Қонун амалда ҳаётга татбиқ этилмади. «Мустақил республикалар паради» бошланган даврда яра-тилган мазкур қонун республикалар эътиборидан четда қолди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, халқимизнинг миллий табиати, азалий анъаналари ва қадриятларига асосланган маҳалла ўзининг узоқ тарихида ҳеч қачон Ўзбекистон давлат мустақиллиги давридагидек алоҳида эътиборга сазовор бўлган эмас. Давлат мустақиллиги шарофати билан Ўзбекистонда маҳаллаларга эътибор бериш, уларнинг таълим-тарбиявий ҳуқуқий мақомини ошириш, ўзини ўзи бошқариш, бева-бечоралар, ногиронларнинг бирон бир сабабга кўра омади юришмаган оилалар ва одамларнинг иссиқ-совуғидан, ғам-ташвишларидан хабардор бўлиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш сингари масалалар бўйича, шунингдек янада обод ва гўзал, кўркам ва чиройли бўлиши, эл-улус меҳр-муҳаббатини қозонишида янги давр бошланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech