Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Устав Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг ташкилий-ҳуқуқий шакли фуқаролар йиғинларининг уюшмаси шаклида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтади ва юридик шахс мақомига эга бўлади.

3. Республика кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мазкур Уставга мувофиқ амалга оширади.

4. Республика кенгашининг ташкилий ва ижро аппарати тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПФ-4944-сонли Фармонининг 1-2-иловаларига мувофиқ тасдиқланган.

5. Республика кенгаши ўз фаолиятида қонунийлик, ошкоралик, мустақиллик, ижтимоий адолат, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига амал қилади.

6. Республика кенгаши ўз мақомига кўра, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, фаолиятини мувофиқлаштириш, қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда услубий раҳбарликни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

7. Республика кенгаши фаолиятининг муддати чекланмаган.

8. Республика кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширади.

9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг:

Тўлиқ расмий номи:

ўзбек тилида – Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республикаси кенгаши

рус тилида – Республиканский совет по координации деятельности органов самоуправления граждан

Қисқартирилган расмий номи:

ўзбек тилида – Республика маҳаллалар кенгаши

рус тилида – Республиканский совет махаллей

Доимий асосда ишлайдиган раҳбар органи жойлашган жойи (манзили): Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Хоразм кўчаси, 51-уй.

II. Республика кенгашининг мақсади ва вазифалари

10. Республика кенгашининг асосий мақсади – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш.

11. Қуйидагилар республика кенгашининг вазифалари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар (кейинги ўринларда ҳудудий кенгашлар деб аталади) ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш;

жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳаллаларнинг аҳамияти ва нуфузини янада ошириш;

ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда маҳаллаларнинг бевосита иштирокини кенгайтириш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва тизимли ҳал қилиш чораларини кўриш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, улар томонидан ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини оширишда маҳалла институтининг аҳамияти ва ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиб бориш, таҳлил қилиш ва аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳудудий кенгашларда, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муносиб кадрларнинг фаолият кўрсатишларини таъминлаш, малакасини ошириш ва замонавий бошқарув кўникмаларини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларнинг жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширишда ҳудудий кенгашлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича вазифалар кўламини янада кенгайтириш чораларини кўриш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлаш
ва бу борада аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

Мазкур Устав доирасида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар билан ҳамкорликда қўшма дастур ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ижтимоий шериклик асосида амалга ошириш.

III. Республика кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

12. Республика кенгашининг ҳуқуқлари:

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга доир қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

заруратга кўра, ҳудудий кенгашларнинг навбатдан ташқари мажлислари ва йиғилишини чақириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари лавозимларига кадрлар захирасини белгиланган тартибда шакллантириш;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ходимлари ва фаоллари билан суҳбатлар ўтказиш, фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар раислари ва аъзоларининг малакасини оширишга доир қарорлар қабул қилиш;

давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан Республика кенгаши ваколатига тааллуқли зарур маълумот ва материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, ҳудудий кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг ахборотларини эшитиш;

республика кенгаши йиғилишларига ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар йиғинлари ходимларини жалб этиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ишларининг ҳолатини муҳокама этиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

ҳудудий кенгашлар фаолияти бўйича ваколатли давлат органлари томонидан киритилган тақдимномаларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти юзасидан ваколатли давлат органлари томонидан киритилган тақдимномаларни кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва улар юзасидан тегишли ҳудудий кенгашларга кўрсатмалар бериш ҳамда фуқаролар йиғинларида (фуқаролар вакилларининг йиғилишларида) ҳамда йиғин Кенгашларида тегишли қарорлар қабул қилинишини ташкил этиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотларга ўз вақтида қатнашмаган, синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчилар тўғрисида маълумотларни Ўқув курсларидан олиш ҳамда муҳокама қилиш ва улар юзасидан тегишли чора-тадирларни кўриш бўйича ҳудудий кенгашларга кўрсатмалар бериш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

давлат ҳокимияти органларига ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини янада яхшилаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш;

давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;

судда, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларида ўз манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, белгиланган тартибда судда даъвогар ҳамда жавобгар сифатида қатнашиш;

ўз мулкига, мустақил балансига, банкларда миллий ва хорижий валюта ҳисоб рақамларига эга бўлиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда мазкур Уставга мувофиқ пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига оид маълумотлар ва ахборотларни олиш, шу жумладан, уларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ҳамда амалиётда фойдаланиш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига доир услубий тавсия ва қўлланмаларни тайёрлаш ҳамда Республика кенгаши бошқаруви қарор билан тасдиқлаш.

мазкур Уставда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ҳамда ахборот ресурс марказларини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио, газета, журналлар) таъсис этиш;

нашриёт ва босмахоналар ташкил этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш;

ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ва номулкий ҳуқуқларга эга бўлиш;

белгиланган тартибда мол-мулкни сотиш ҳамда сотиб олиш, ижарага бериш ва олиш;

юридик ва жисмоний шахслардан хайриялар, ҳомийлик ёрдамлари, грантлар ва бошқа маблағлар олиш;

кўрик-танловлар ва турли спорт мусобақаларини ташкил этиш, ғолибларни мукофотлаш;

ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, конференциялар, ҳудудий кенгашлар ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ходимлари ва фаоллари учун ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари ташкил этиш;

ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириш.

13. Республика кенгаши мажбуриятлари:

Ўзбекистон Республикаси қонунларига, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, мазкур Уставга риоя этиш;

ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолият юритишларини таъминлаш;

ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

рўйхатдан ўтказувчи орган билан тадбирлар ўтказишни келишиб олиш
ва унинг вакилига ўтказилаётган тадбирларга эркин кириш имконини бериш;

рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш;

республика кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

IV. Республика кенгашининг раҳбар органлари ва тузилмаси

14. Қуйидагилар республика кенгашининг раҳбар органлари ҳисобланади:

Республика кенгаши конференцияси;

Республика кенгаши;

Республика кенгаши бошқаруви.

15. Республика кенгаши конференцияси республика кенгашининг олий раҳбар органи ҳисобланиб, 5 йилда камида бир маротаба республика кенгашининг қарори билан ўтказилади.

Республика кенгаши конференцияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ва делегатлардан шакллантирилади.

Республика кенгаши конференциясини чақириш, делегатлар меъёри, кун тартиби, ўтказиш вақти ва жойи республика кенгашининг қарори билан белгиланади ҳамда камида икки ой олдин эълон қилинади.

Республика кенгашининг навбатдан ташқари конференцияси зарур ҳолларда, республика кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари ёки таъсисчиларнинг ярмидан кўпининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Республика кенгашининг навбатдан ташқари конференциясини чақириш, делегатлар меъёри, кун тартиби, ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида камида бир ой олдин эълон қилинади.

Республика кенгаши конференцияси қуйидаги ваколатларга эга:

Республика кенгашини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Республика кенгаши тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини 5 (беш) йил муддатга сайлайди;

Республика кенгаши аъзоларини, шу жумладан, кенгаш раиси, биринчи ўринбосари ва ўринбосарларини ҳамда Кенгаш котибини 5 (беш) йил муддатга лавозимга сайлайди;

Республика кенгаши ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини эшитади, таҳлил қилади ва фаолиятига баҳо беради ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

қонун билан тақиқланмаган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

Конференциялар оралиғида Республика кенгаши таркибига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш, кенгаш раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларини, Кенгаш котибини лавозимга тасдиқлаш Республика кенгаши томонидан амалга оширилади.

16. Республика кенгаши давлат ҳокимияти вакиллик органлари аъзолари, Молия, Ички ишлар, Меҳнат, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ, «Нуроний» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларнинг раҳбар ходимлари, ҳудудий кенгашлар раислари ва фуқаролар йиғинлари раисларидан иборат таркибда (камида 50 кишидан иборат таркибда) тузилади.

Республика кенгаши мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади. Лекин заруриятга кўра, Республика кенгаши раиси, кенгаш бошқаруви ва тафтиш комиссияси аъзолари ярмидан кўпининг талабига кўра навбатдан ташқари ўтказилиши мумкин.

Республика кенгаши мажлиси баённома билан расмийлаштирилади ва республика кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

Республика кенгаши ваколатларига қуйидагилар киради:

Республика кенгаши конференциялар оралиғида республика кенгашининг жорий фаолияти устидан раҳбарликни амалга ошириш;

Республика кенгаши конференцияси қарорлари ижросини таъминлаш
ва назорат қилиш;

Республика кенгаши Уставини тасдиқлаш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, ташкилий ишлар
ва услубий масалалар, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар
ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котиби ҳамда ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари ва фуқаролар йиғинлари раислари орасидан камида 15 (ўн беш) кишидан иборат таркибда кенгаш бошқаруви раиси ва аъзоларини 5 (беш) йил муддатга тасдиқлаш;

Республика кенгаши бошқаруви раиси ва аъзоларининг фаолиятини назорат қилиш, ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш ҳамда тегишли қарорлар қабул қилиш;

Республика кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

Республика кенгаши иш режасини тасдиқлаш;

Республика кенгаши бошқаруви фаолиятини назорат қилиш;

Республика кенгашига аъзо бўлган давлат ва жамоат ташкилотларнинг тегишли ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорлигининг амалга оширилишини таъминлаш;

Республика кенгаши аъзоларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва тегишли қарорлар қабул қилиш;

Республика кенгаши ваколатларига мазкур Уставга мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

17. Республика кенгаши бошқаруви республика кенгаши конференцияси ва республика кенгаши мажлислари оралиғида унинг жорий фаолиятини амалга оширади.

Республика кенгаши бошқарувига Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Республика кенгаши бошқаруви ваколатларига қуйидагилар киради:

Республика кенгаши конференцияси ва мажлислари оралиғида унинг жорий фаолиятини амалга ошириш;

Республика кенгаши Рамзини ва Рамз тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Республика кенгаши конференцияси ва Республика кенгаши мажлиси қарорлари ижросини таъминлаш;

Республика кенгаши мажлисини чақириш, мажлисда муҳокама этиладиган масалалар бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини таъминлаш;

ўз фаолияти ҳақида республика кенгаши мажлисида ҳисобот тақдим этиш;

ҳудудий кенгашлар тўғрисидаги Намунавий низомларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Республика ва ҳудудий кенгашлар ижро аппаратлари фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан Низомлар, йўриқномалар ва бошқа ички меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Республика кенгаши раиси билан келишган ҳолда Республика кенгашининг ҳамда ҳудудий кенгашларнинг йиллик бюджети ва молиявий ҳисоботини, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Республика кенгаши раиси билан келишган ҳолда Республика кенгашининг ҳамда ҳудудий кенгашларнинг ижро аппаратлари штатлар жадвали ва иш ҳақи миқдорини тасдиқлаш;

Республика кенгашининг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларидан мазкур Уставда белгиланган вазифалар, тасдиқланган режа ва лойиҳаларга мувофиқ мақсадли фойдаланишнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Республика кенгаши мол-мулкларини тасарруф қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Республика кенгаши фаолияти учун зарур бўлган барча ҳужжатларни (таҳлилий маълумотлар, жадваллар ва ҳ.к.) шакллантириш ва қарорлар лойиҳалари бўйича келишувни амалга ошириш;

Республика ва ҳудудий кенгашлар фаолиятига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш;

Республика кенгаши фаолиятининг барча масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;

Республика кенгаши бошқаруви йиғилиши ваколатларига мазкур Уставга мувофиқ бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

Республика кенгаши бошқаруви йиғилиши қарор билан расмийлаштирилади, қарорлар республика кенгаши бошқаруви аъзолари билан келишилган ҳолда кенгаш раисининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади.

18. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Республика кенгашига жамоатчилик асосида раислик қилади.

Республика кенгаши раиси:

Республика кенгашига юкланган вазифаларнинг бажарилишини ташкиллаштиради, унинг самарали фаолият юритишини таъминлайди;

Республика кенгаши мажлислари кун тартибини белгилайди ва чақиради;

Республика кенгаши мажлисларини бошқаради, узрли сабабларга кўра ушбу ваколатни республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари зиммасига юклайди;

Республика кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

Республика кенгаши ижро аппарати фаолиятини назорат қилади;

Республика кенгаши фаолияти билан боғлиқ хатлар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш ҳамда банк ва молиявий ҳужжатларига биринчи имзо чекиш ваколатларини республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосарига (узрли ҳолларда раис ўринбосарларига) беради;

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига номзодларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда у билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади;

мазкур Устав ва Республика кенгаши йиғилиши баённомаларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

19. Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари:

бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқарувига раислик қилади;

Республика кенгаши конференциялари ва кенгаш мажлислари оралиғида Республика кенгаши бошқарувига раислик қилади ҳамда республика кенгаши ижро аппарати фаолиятини бошқаради;

Республика кенгаши конференцияси ва кенгаш қарорларини ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлайди;

Республика кенгаши бошқаруви ҳамда тафтиш комиссияси қарорларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

Республика кенгаши ва бошқаруви томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини амалга оширади;

Республика кенгаши иш режасининг амалга оширилишини таъминлайди;

Республика кенгаши ва бошқаруви аъзоларининг ҳамда Республика кенгаши ижро аппарати ходимларининг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришга доир ишларни мувофиқлаштиради;

фаолият йўналишларига доир материалларни тўплайди, таҳлил қилади, қарорлар ва чора-тадбирлар режалари лойиҳаларини тайёрлайди;

Республика кенгашининг йиллик харажатлар сметаси, йиллик баланси ва молиявий ҳисоботи ўз вақтида белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлайди ҳамда Республика кенгаши номидан барча ҳужжатларни имзолайди;

Республика кенгашининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси, штатлар жадвали лойиҳаларини тасдиқлаш учун Республика кенгаши бошқарувига киритади;

Республика кенгаши бошқаруви томонидан тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига асосан Республика кенгашининг пул маблағлари ва мол-мулкидан фойдаланади ҳамда уни тасарруф этади;

Республика кенгашининг банк ва молиявий ҳужжатларига биринчи имзо чекади;

Республика кенгаши мажлислари кун тартибини белгилаш ва чақириш бўйича республика кенгаши раисига таклифлар киритади;

Республика кенгаши мажлислари ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди;

Республика кенгаши мажлисларини узрли сабабларга кўра, республика кенгаши раиси бўлмаган тақдирда ўзи бошқаради;

Республика кенгаши мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг моҳиятига кўра, тегишли ҳудуддаги давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар, ҳудудий кенгашлар раҳбар ходимларини ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини таклиф этади;

Республика кенгаши қарорларининг кенгаш аъзоларига ва манфаатдор шахсларга ҳамда ҳудудий кенгашларга, шунингдек, тегишинча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига етказилишини таъминлайди;

Республика кенгаши қарорларининг тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, ҳудудий кенгашлар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бажарилишини ташкил этади;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ Республика кенгашининг ички меҳнат тартиб-қоидалари, жамоа шартномаси ва вазифалар тақсимотини тасдиқлайди;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳудудий кенгашлар ва Республика кенгаши ижро аппарати ходимлари орасидан давлат мукофотларига ҳамда бошқа рағбатлантиришга Республика кенгаши раиси билан келишган ҳолда тавсия этади;

Республика кенгаши ижро аппарати фаолиятига доир буйруқлар чиқаради;

Республика кенгаши ижро аппарати ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш бўйича буйруқлар чиқаради;

Республика кенгаши ижро аппарати ходимлари ҳамда тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосари, уларнинг ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири) лавозимларига номзодларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда улар билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади;

туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосарлари лавозимига номзодларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда улар билан меҳнат шартномасини тузади ва бекор қилади;

Республика кенгаши тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар раисларининг биринчи ўринбосари, уларнинг ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, Кенгаш котиби (ташкилий-услубий шўъба мудири) ҳамда туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича фармойишлар чиқаради;

меҳнат интизомини бузган республика кенгаши ижро аппарати ходимларига, тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раисининг биринчи ўринбосарига, ўринбосарларига ва Кенгаш котибига (ташкилий-услубий шўъба мудири) ҳамда туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раисининг биринчи ўринбосарларига интизомий жазо чораларини қўллайди;

Республика кенгаши номидан юридик ва жисмоний шахслар билан қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда шартнома ва битимлар тузади;

давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар олдида ишончномасиз Республика кенгаши номидан иш юритади;

Республика кенгаши фаолият натижалари ҳисоботининг юритилишини ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органига ва давлат статистикаси органига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этилишини назорат қилади;

ўзига юклатилган мажбуриятларни белгиланган тартибда ва сифатли ижро этади;

мазкур Уставга мувофиқ ваколатига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

V. Республика кенгаши тафтиш комиссияси

20. Республика кенгашининг Тафтиш комиссияси мустақил бўлиб, Республика кенгаши конференциясида 5 (беш) йил муддатга тузилади.

21. Тафтиш комиссияси ўз фаолияти тўғрисида Республика кенгаши конференциясида, зарур ҳолларда Республика кенгаши мажлисида ҳисобот беради.

22. Тафтиш комиссияси аъзолари бир вақтнинг ўзида Республика кенгаши раҳбар органлари таркибига сайланиши (тайинланиши) мумкин эмас.

23. Тафтиш комиссияси ўз фаолиятини мазкур Устав ва Республика кенгаши томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ олиб боради.

24. Республика кенгаши конференциялари оралиғида Республика кенгаши ва тафтиш комиссиясининг қўшма мажлисида тафтиш комиссиясидан чиқиб кетган аъзолар ўрнига янги аъзолар тайинланиши мумкин.

VI. Республика кенгашининг раҳбар органлари томонидан
қарорлар қабул қилиш тартиби

25. Республика кенгаши мажлислари ва Республика кенгаши бошқаруви йиғилишлари қарорлари, уларда қатнашаётганларнинг ярмидан кўпи овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланади.

Овозлар сони тенг бўлган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Республика кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазасини ёзма ёки оғзаки равишда баён қилиш ҳуқуқига эга.

26. Республика кенгаши мажлислари ва ва Республика кенгаши бошқаруви йиғилишлари улар аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Республика кенгаши мажлисини ўтказиш учун кворум бўлмаганда, ўн кун муддат ичида янги мажлис ўтказиладиган сана эълон қилинади. Ушбу ҳолларда Республика кенгаши мажлиси кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

27. Республика кенгаши мажлиси очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилади ҳамда тегишли баённома билан расмийлаштирилиб, мажлисга раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.

28. Республика кенгаши бошқаруви йиғилиши қарор билан расмийлаштирилади ва аъзолари билан келишилган ҳолда кенгаш раисининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади.

VII. Республика кенгашининг таркибий тузилмалари

29. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар Республика кенгашининг таркибий тузилмалари ҳисобланади, уларнинг фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил қилинади ва тугатилади.

30. Республика кенгашининг юридик шахс ҳисобланадиган таркибий тузилмалари тегишли адлия органларидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Республика кенгашининг юридик шахс ҳисобланмайдиган таркибий тузилмалари тегишли адлия органлари томонидан ҳисобга қўйилади.

31. Республика кенгаши таркибий тузилмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларини шакллантириш манбалари ҳамда мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари улар тўғрисидаги низомларда белгиланади.

VIII. Республика кенгашининг пул маблағлари ва бошқа
мол-мулкини шакллантириш манбалари

32. Бинолар, иншоотлар, тураржойлар, ускуналар, инвентар, пул маблағлари, шу жумладан, чет эл валютасидаги пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар Республика кенгашининг мулки бўлиши мумкин.

Республика ва ҳудудий кенгашларнинг мол-мулклари Республика кенгашининг мулки ҳисобланади.

Ҳудудий кенгашларнинг мол-мулклари алоҳида балансда ҳисобга олинади ҳамда Республика кенгашининг балансида акс эттирилади.

Республика кенгашининг балансида бўлган мол-мулклар (бинолар, иншоотлар, автомобиллар, тураржойлар, ускуналар, инвентарлар ва бошқалар) республика кенгаши бошқарувининг тегишли қарори билан тасарруф қилинади.

Республика кенгашининг пул маблағлари ва бошқа юқоридаги бандда кўрсатилмаган мол-мулклари республика кенгаши бошқаруви қарори билан тасарруф қилинади.

33. Республика кенгашининг пул маблағлари ва мол-мулкининг шакллантириш манбалари қуйидагилар:

Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган пул маблағлари ва мол-мулклари;

белгиланган тартибда ажратилган Давлат бюджетининг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари;

грантлар, хайрия ва ҳомийлик маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

ўтказиладиган турли маданий тадбирлардан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

IX. Республика кенгашида меҳнат муносабатлари

34. Республика кенгаши ижро аппарати ходимлари билан меҳнат муносабатлари улар билан меҳнат шартномасини тузиш йўли билан лавозимга тайинлаш меҳнат қонунчилиги ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жамоа шартномаси ҳамда ички меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Штатдаги ходимларнинг шахсий варақалари (Т2), йиғма жилдлари ва меҳнат дафтарчалари Республика кенгашида сақланади.

X. Республика кенгашида ҳисобга олиш ва ҳисобот

35. Республика кенгаши ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органига ва давлат статистикаси органига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этади.

XI. Мазкур Уставга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби

36. Мазкур Уставга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Республика кенгаши мажлиси қарорига мувофиқ амалга оширилади.

37. Уставга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Республика кенгаши мажлиси томонидан тасдиқланади ҳамда ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтгандан сунг кучга киради.

XII. Республика кенгашини қайта ташкил этиш ва тугатиш

38. Республика кенгашининг ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши республика кенгаши конференцияси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech