Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
21 Nov 2017

Президентимиз раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида таҳлил қилинган масалалар ҳар биримизни чуқур мушоҳадага ундади. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўртага ташлаган муаммолар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизими ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Сўнгги йилларда халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлашда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, давлат идоралари, зиёлилар, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини бирлаштириш орқали самарадорликни ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанбаси — «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди.

Мазкур профилактика куни доирасида мунтазам ўтказилаётган тадбирлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 14 фоиз, талончилик — 16 фоиз, босқинчилик — 19 фоиз, товламачилик — 22 фоиз, безорилик — 34 фоизга камайди.

Айниқса, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларининг кенг татбиқ қилиниши улкан самара беради. Хусусан, савдо-сотиқ, маданий ҳордиқ чиқариш ва бошқа жамоат жойлари, таълим муассасаларида 177 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилиши туфайли оғир ҳамда ўта оғир жиноятлар фош қилинмоқда. Шунингдек, «Хавфсиз шаҳар», «хавфсиз туризм», «хавфсиз дам олиш» концептуал лойиҳаларининг жорий этилиши ҳам бу борадаги ишларни янада ривожлантиради.

Мазкур жараёнда маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал қилишда катта самара беради. Шуни инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги фаолиятни янада кенгайтиришимиз зарур. Ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 1 минг 243 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмади, 22 минг 370 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилди. Шунингдек, 11 минг 345 ёш оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинган бўлса, маҳалла посбонларининг тезкор хабарлари ёрдамида 4 минг 494 жиноят фош этилди.

Бу рақамларга қараганда соҳадаги ишлар кўнгилдагидек кўриниши мумкин. Аммо, давр биздан доимо огоҳ бўлиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги мавжуд камчилик ва муаммолар устида янада кўпроқ ишлашни тақозо этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида юз берган қотиллик жиноятининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида, 66 таси қўни-қўшни ўртасида оддий маиший келишмовчиликлар туфайли келиб чиққан. Бу каби жиноятларнинг содир бўлишида қисман бўлса-да, маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам айби борлигини тан олиш лозим. Зеро, йиғин раиси, унинг маслаҳатчилари ўз маҳалласидаги оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхши билса, уларнинг муаммоларидан хабардор бўлса ва ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатса бу каби кўнгилсизликларнинг олди олинади. Келтирилган рақамлар муаммога бармоқ ортидан қарашнинг аянчли оқибатлари, унинг бутун даҳшати ва ёшлар тарбиясига салбий таъсирини фуқароларга тушунтириш йўлида жамоатчилик ташкилотлари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини йўлга қўйишимиз лозимлигини англатади. Зеро, ҳар ким ўз вазифасига сидқидилдан ёндашмас экан, бу борада олдимизга қўйган мақсадга етишимиз қийин бўлади.

Йиғилишда билдирилган фикрлар маҳалла тизимида маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришимиз зарурлигини англатади.

Соҳадаги илғор тажрибалардан фойдаланиш, ҳудудларда янги иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш лозим.

Тарбия ўчоғи бўлган маҳалланинг ёшлар тарбиясидаги ўрнини янада юксалтириш, уларни умуминсоний қадриятлар, миллий урф-одатларга садоқат руҳида тарбиялаш турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Йиғилишда билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, давлат идоралари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш орқали фуқароларимиз ўртасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг қамровини янада кенгайтириш, уларни қийнаётган муаммолар ечимини топиш ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантириш йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.


Source: «Mahalla» Газетаси / Views: 119

Vote

Do you like our site?
Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech