Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 Nov 2017

Бугунги глобаллашув даврида турли таҳдидлар, хусусан, «оммавий маданият», диний экстремизм ниқоби остидаги хатарлар кучаяётган бир пайтда тинчлик-осойишталикни сақлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла институти муҳим ўрин тутади.

Шу боисдан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши томонидан «Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари» мавзусида ўтказилган ўқув-семинар йиғинлар ва улар қошидаги жамоатчилик тузилмалари ишини жонлантириш, тизим фаолларининг давлат органлари, биринчи навбатда, ҳудудий профилактика инспекторлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда долзарб аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Бухоро шаҳрида ташкил этилган ўқув-семинарда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят ва ҳудудий кенгашлар ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси, Касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи каби ташкилотларнинг туманлардаги тузилмалари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига йўл қўймаслик учун фаоллар, профилактика инспекторлари ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар ўртасида аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, йиғинлардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўп содир этилган ҳудудларда маънавий-маърифий ҳамда тарғибот тадбирларини ташкил этишда кўча бошлиқлари, уй бошлиқлари, комиссиялар аъзоларини кенг жалб этиш муҳим экани қайд этилди.

Жиззах вилоятида ўтган семинар аввалида профилактика инспекторининг давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорлигини акс эттирувчи видеофильм намойиш этилди.

Қатнашчилар ўз таклифларини бериш баробарида, фаолиятларини бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда асқатадиган илғор тажрибалар билан танишиш имконига эга бўлди.

— Профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйганмиз, — дейди Шароф Рашидов туманидаги «Сарбон» маҳалласи раиси Мавлон Оқбўтаев. — Айниқса, нотинч оилалар билан биргаликда ўтказилган мулоқотларимиз, профилактика куни тадбирлари натижасида бугун маҳалладаги ижтимоий муҳит ижобий томонга ўзгарган. Жорий йил ҳисобида бирорта ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади.

Замонавий инновацион технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ўтказилган анжуманда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, аниқланган муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилиб, бу борада Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг аниқ чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Пойтахтимиздаги Тошкент давлат техника университетида ташкил этилган ўқув-семинарда ҳам жиноятчиликка йўл қўймаслик бўйича бир қатор фикрлар билдирилди. Айниқса, бундан буён махсус рўйхатга киритилган оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамда жамоатчилик асосида фаоллар жалб этилиши барчага бирдек қизиқарли бўлди.

— Оилалар, маҳаллалар осудалигини таъминлаш — энг муҳим масалалардан, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Нурмуҳаммедов. — «Нуронийлар» жамоатчилик кенгашига жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, ҳисобда турган вояга етмаганлар профилактикаси билан шуғулланиш вазифаси юкланди. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар зиммасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз ва ногиронлар билан ишлаш вазифаси ҳам аниқ манзилли тадбирлар билан тўлдирилди. Эндиликда ишсизлар, уй-жойга муҳтож оилалар ҳамда уюшмаган ёшлар маҳалла раиси ва унинг ёшлар бўйича ўринбосари ҳамда йиғин қошидаги Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раисининг доимий эътиборида бўлади.

Тадбирларда, шунингдек, йиғинларнинг илғор тажрибалари, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ўзига хос усулларини оммалаштириш хусусида фикр юритилди.

Бундай ўқув-семинарлар республикамизнинг барча туманларида давом этмоқда.

Мухбирларимиз хабарлари асосида тайёрланди.

Source: не указано / Views: 114

Vote

Do you like our site?
Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech