Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
9 Nov 2017

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 октябрь куни халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларга алоҳида тўхталиб: «Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш — бугунги кунда энг муҳим вазифадир» деб айтган эди.

Дарҳақиқат, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган комплекс чораларни амалга оширишни тақозо этади. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир. Қувонарлиси, Президентимиз юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги натижалар билан чекланмасдан, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда.

Муҳтарам Юртбошимизнинг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам маҳаллани халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда бевосита иштирокини кенгайтириш каби масалалар устувор вазифа қилиб белгилаб қўйилган.

Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролар йиғинлари ва улардаги жамоатчилик тузилмалари ишини жонлантириш, тизим фаолларининг жойлардаги давлат органлари, биринчи навбатда, ҳудудий профилактика инспекторлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши мажлисининг 5-сонли баённомаси қабул қилинди. Унга кўра, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида жорий йилнинг ноябрь ойида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида «Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари» мавзусида ўқув-семинарлар ўтказилади.

Туман(шаҳар)лар миқёсида ўтказиладиган семинарларда маҳаллий ҳокимликларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалари ҳамда хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, жамоат ташкилотлари(«Нуроний» жамғармаси, Касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи)нинг туман ва шаҳарлардаги раҳбарлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари ижро аппаратлари ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари иштирок этишади.

Фуқаролар йиғинларида ўтказиладиган семинарларда эса йиғинлар кенгашлари аъзолари, 8 та жамоатчилик комиссиялари, «Ота-оналар университети», «Қайноналар кенгаши», «Нуронийлар» жамоатчилик кенгаши аъзолари, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича «Маслаҳат марказ»лари раҳбарлари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзолари, маҳаллалардаги кўчабошилар(қишлоқбоши, кўп қаватли уй бошлиқлари) ҳамда фуқаролар вакиллари қатнашади.

Мазкур семинарлар нафақат долзарблиги, балки кенг қамровлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Тизимдаги ҳеч бир йўналиш эътибордан четда қолмаган. Ҳатто йиғинлар қошидаги жамоатчилик комиссиялари фаолияти ҳам. Негаки, мазкур комиссиялар фаолиятининг самарали ташкил этилиши маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда интерфаол шаклида ўтказиладиган семинарларда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ташкил этиш, уларнинг содир этилиши сабабларини аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш йўналишларидаги ишларни ҳамкорликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади. Семинар қатнашчилари зарур адабиёт ва қўлланмалар билан таъминланади.

Долзарб ва муҳим масалаларни қамраб олган ушбу семинарларда ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига масъул бўлган барча мутасаддиларни фаолликка чорлаймиз!

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш
бўйича Республика кенгаши бошқаруви.

Source: «Mahalla» Газетаси / Views: 301

Vote

Do you like our site?
Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech