Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Орзулар ушалган маскан
21 Nov 2017

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги янгидан бунёд бўлган аҳоли массивига «Бунёдкор» номи берилган. Айни пайтда бу ерда қад ростлаган кўп қаватли уйларга кўчиб кирган юртдошларимизнинг юз-кўзларида қувонч, бахт, миннатдорлик туйғулари мужассам. Ахир, қувонмай бўладими, бу кишиларнинг аксарияти бир умр ўз уйига эга бўлишни, янги хонадонга қадам қўйишни орзу қилишган. Зеро, бошпана — инсоннинг эҳтиёжи. Киши шинамгина уйга эга бўлса, унинг ҳаётга қараши ўзгаради, хайрли мақсадлар билан тонгни қаршилаб, яратувчанлик ишқи билан яшайди.

Дилфуза Мирзаабдуллаева оиласи билан 14 йил ижарада яшади. Бу орада ўғли Мухторбек дардга чалинди, юролмай қолди. Турмуш ўртоғи ҳам соғлиғини йўқотди. «Қани эди, менинг ҳам бошпанам бўлса, ёзда иссиқдан, қишда совуқдан ҳимояласа бўлгани эди» — Дилфуза ана шундай ният билан яшарди. Аммо буларни юрак ютиб тилига чиқаролмас, орзулигича қолиб кетмасайди, ахир пойтахтдан уй сотиб олишнинг ўзи бўладими, деган хаёллар унинг умидини пучга чиқарарди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик сиёсати, одамларни рози қилиш, инсон манфаатларини ҳимоялашдаги кенг кўламли ислоҳотлари Дилфуза Мирзаабдуллаева каби кўплаб юртдошларимизнинг орзуларини ушалтирди. Нафақат «қишда совуқдан, ёзда иссиқдан асрайдиган», балки кўрган кўзни қувнатадиган шинам ва кўркам хонадонлардан бири уларга насиб этди. Бугун Мирзаабдуллаевларнинг турмуш тарзига ҳавас қилса арзийди.

— Юртбошимиз остонамизни ҳатлаб кириб келишлари билан уйимиз янада файзга тўлди, — дейди Сергели тумани 6-мавзе 19-уй 2-хонадон соҳибаси Д.Мирзаабдуллаева. — Мурожаатимизни ерда қолдирмай, шундай шинам уй беришганидан жуда хурсандмиз. Ўғлим I гуруҳ ногирони, хонадонимиз 1-қаватда жойлашгани эса бизни турли ноқулайликлардан асрайди. Фарзандимни қийинчиликсиз ташқарига олиб чиқаман. Қолаверса, уйимизни тўла жиҳозлаб беришди, замонавий ва бежирим мебеллар, болаларимга компьютер ҳадя қилишди. Ахир, шундай юртда яшаш — бахт эмасми? Шунчалик шароит яратиб берган Президентимиздан бир умр миннатдормиз.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахтимиздаги уй-жой муаммосига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада мутлақо янги дастур қабул қилингани, унга кўра, 5 йил давомида ҳар бир туманда 20 тадан, жами 200 дан ортиқ 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши, янги мавзелар барча ижтимоий инфратузилма билан таъминланиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши, уйлар атрофи ободонлаштирилишини таъкидлаган эди.

Ушбу дастурда белгиланган вазифалар ижроси доирасида қисқа муддатда юқори натижаларга эришилгани пойтахтимизнинг Сергели туманидаги янги массивда намоён бўлаётир: 13 гектар майдонда 66 та кўп қаватли уй-жой қад ростлаган. 1, 2, 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Массивда 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-оилавий поликлиника, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрасса барпо этилган. Хизмат кўрсатиш тармоқлари, шунингдек, янги иш ўринлари яратилди.

Президентимиз жорий йилнинг 17 ноябрь куни мазкур массивда бўлиб, янги хонадон эгалари билан учрашди. Яратилган шароитлар билан танишиб, уй соҳиблари билан суҳбатлашди. Уларни янги хонадон билан табриклаб, совғалар тақдим қилди. Давлатимиз раҳбарининг «Бу уйларни бировларга кўз-кўз қилиш учун эмас, аҳоли манфаатларини ўйлаб бунёд этмоқдамиз», деган фикрлари бутун халқимизни ғурурлантирди.

Шу мавзеда жойлашган Сергели тумани ички ишлар бошқармаси 50-сонли шаҳар ички ишлар бўлими мутасаддилари ҳамиша ҳушёр бўлишга, фидойи меҳнат қилишга бел боғлашган.

— Бўлимимиз тумандаги «Бунёдкор», «Меҳригиё», «Ўзгариш», «Чоштепа», «Жўнариқ», «Нўғайқўрғон» ва Ҳабибий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига хизмат кўрсатади, — дейди 50-сонли шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Аслиддин Убайдуллаев. — Президентимиз биз билан жуда самимий суҳбатлашдилар. Айниқса, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш, аҳоли ўртасида профилактика тадбирларини ўтказишда фуқаролар йиғинлари билан ҳамжиҳат фаолият юритишимизга доир қимматли кўрсатмалар бердилар. Хусусан, профилактика инспекторларининг салоҳиятини, маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги, бундан кейин маҳаллалардаги профилактика инспектори лавозимига танлов асосида уч нафар энг профессионал ходимдан биттаси саралаб олиниши ҳақидаги фикрлари одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда янги тизимга асос солади.

Бўлимда навбатчилик қисми, техник қўриқлаш маркази, тезкор вакил, суриштирувчи, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш инспектори, вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектор ҳамда маҳалла профилактика инспектори самарали фаолият кўрсатмоқда. Мавзедаги кўп қаватли уйларнинг 100 дан ортиқ кириш йўлаги ва 22 та гавжум жойга видеокузатув ускуналари ўрнатилган. 7 та таълим муассасасидаги давомат, ўқувчилар ва тарбияланувчиларнинг хатти-ҳаракати ҳам доимий эътиборда. Бу ҳудудни туну кун назорат қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, уларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Янги массивда аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилган. Замонавий сузиш ҳавзаси шулардан бири. Ҳавза кунига 150-200 кишини қабул қилади. 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига барпо этилган иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳоратини ошириши учун шароитлар муҳайё. Тиббиёт ходимлари ва мураббийлар учун хоналар, сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳароратининг мўътадиллигини сақлаш ускуналари кишида ҳавас уйғотади.

— Бир умр ижарада яшаб, фарзандларимизнинг спорт билан шуғулланишларига имкон тополмадик, — дейди янги уйлардан бирининг соҳибаси Моҳруя Шоакбарова. — Фарзандларим 6, 15 ва 18 ёшда. Биз кўчиб келган 13-уй шундоққина сузиш ҳавзасининг ёнида. Энди болаларимизнинг бўш вақти мазмунли ўтади, саломатлиги мустаҳкамланади. Бундай қулайликлардан жуда мамнунмиз.

Ҳудуддаги 61-оилавий поликлиника ҳам аҳолига кўплаб қулайликлар тақдим этаётир. Уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган тиббиёт масканида ультратовуш ташхиси, рақамли рентген, электрокардиография, физиотерапия, клиник ва биокимё лаборатория бўлимлари, кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган. Терапевт, педиатр, жарроҳ, отоларинголог, окулист, невролог, иммунолог каби тор соҳа мутахассислари томонидан аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

— Энг асосий қулайликлардан бири

бу — беморларни навбатга ёзиш бўйича электрон тизим жорий қилинганидир, — дейди муассаса бош шифокори Шаҳзода Алимова. — Бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Бу ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олиб, 6 та маҳалланинг 25186 нафар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан таъминлайди.

18-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳам ҳудудга зеб берган масканлардан. 300 ўринга мўлжалланган икки қаватли муассасада 3,7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Мусиқа, чет тиллари тўгараклари, спорт машғулотлари хоналари зарур қўлланмалар, кўргазмали қуроллар, замонавий спорт буюмлари билан жиҳозланган. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган 630 ўринли 55-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шароит яратилган: ёруғ хоналар, ўқув-лаборатория ускуналари, спорт зали, стадион, ошхона-буфет ва бошқа қулайликлар болалар ихтиёрида.

Дарвоқе, ҳудудда мўъжазгина кутубхона ҳам ташкил этилган. Ўқув залида янги хонадон эгалари турли бадиий адабиётлар, оммабоп рисолалар ҳамда кундалик газета ва журналларни мутолаа қилишлари мумкин.

— Мен узоқ йиллар тумандаги Ҳабибий номидаги маҳаллага раислик қилдим, айни пайтда ушбу йиғин раисининг кексалар билан ишлаш бўйича ўринбосариман, — дейди Комилжон Матёқубов. — Ўтган йиллар мобайнида маҳаллага, одамларга эътибор бу даражада бўлган эмас. Чунки бундай бунёдкорлик фақат пойтахтда эмас, балки республикамизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда. Ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланганларнинг уйли-жойли бўлаётгани — бу катта ғамхўрлик, энг гўзал адолатпарварлик. Бундан халқимизнинг боши осмонга етмоқда. Ҳар бир ҳудудда ана шундай юртдошларимизнинг севинч ёшларини кўрмоқдамиз, миннатдорликларини эшитаётирмиз. Бундан тўлқинланмай, ғурурланмай бўладими?! Ахир, шу эмасми, биз орзу қилган жамият, биз кўзлаган мақсадларнинг рўёби.

Ҳудудда қурилиш ишлари авжида. Муҳташам маҳалла идораси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўплаб турар жойлар яқин кунларда қуриб битказилади. Замонавий Сергелининг эса навқирон палласи энди бошланаётир. Худди бу ерга кўчиб келган кишиларнинг оппоқ орзулари, ниятлари каби ҳудуднинг тарихий қиёфаси ҳам юксалмоқда.


Source: «Mahalla» Газетаси / Views: 133

Vote

Do you like our site?
Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech